Иқтисодиёт | 19:43 / 20.07.2020
17594
6 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways’га 406 млрд, Uzbekistan Airports’га 101 млрд сўм. Инқирозга қарши кураш жамғармаси харажатлари маълум қилинди

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Инқирозга қарши кураш жамғармасидан қандай сарф-харажатлар қилингани ҳақида маълумот берди.  

«Бугунги кунга қадар Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 6,5 триллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Сарф-харажатларнинг биринчи йўналиши коронавирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ. Бу йўналишда дори воситалари, тиббий буюмлар ва шифокорларга тўлаб бериладиган моддий рағбатлар, тест таҳлиллари учун пул ажратилган», деди Дилшод Султонов пресс-клубда.

Вазир ўринбосарининг қайд этишича, жамғармадан инфраструктура тузилмалари учун, яъни ичимлик суви, ирригация, мелиорация, мактаблар таъмири ва шифохоналар қурилиши учун ҳам маблағлар сарфланган.  

Таъкидланишича, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари доирасида ишсиз қолган фуқароларни вақтинча ишларга жалб қилиш учун 200 миллиард, ишсиз, кам таъминланган оилаларнинг шахсий томорқасини ривожлантириш учун 50 миллиард сарфланган.  

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини ва бизнесни қўллаб қувватлаш учун 2 триллион сўм ажратилган. Энг кўп зарар кўрган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ ва карантин даврида иш фаолияти тўхтаган Тошкент метрополитени каби компанияларни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратилган.

«Инқирозга қарши кураш жамғармасидан сарфланаётган харажатлар Молия вазирлиги сайтида ҳам очиқ тарзда эълон қилиб борилмоқда», дея қўшимча қилди Дилшод Султонов.

Молия вазирлиги 17 июль куни вазирлик ҳузуридаги жамғарма харажатлари ва даромадлари бўйича маълумотларни эълон қилганди. Унга кўра, даромадлар 7,44 триллион сўм, харажатлар 6,4 триллион сўмга тенг бўлган.

Даромадларнинг 7,32 трлн сўмлик қисмини халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ташкил этади, 123,5 млрд сўм давлат бюджети ҳисобидан ажратилган.

Харажатлар
Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 907 млрд сўм:

  • Шахсий ҳимоя, дезинфекция ва изоляция воситалари, тест (ПЗР) диагностикумлари, дори ва тиббий техника воситаларини харид қилишга 375 млрд сўм;
  • Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган тиббиёт ходимларига махсус ҳамда қўшимча рағбатлантиришга, карантин тадбирларига жалб қилинган ходимларга кунлик 6 фоизлик қўшимча тўловлар учун 202 млрд сўм;
  • Фуқароларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун 202 млрд сўм;
  • Карантиндагиларни овқатлантириш харажатлари - 76 млрд сўм; 
  • Жамоат жойларини дезинфекция қилиш харажатлари - 25 млрд сўм;
  • Махсус автотранспорт воситалари харид қилишга 11 млрд сўм;
  • Эпидемик ҳолат билан курашиш бўйича бошқа тадбирларга - 9 млрд сўм.

Ижтимоий соҳага - 2,2 трлн сўм:

  • Касаба уюшмалари федерациялари кенгашига кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун 80 млрд сўм;
  • Жамоат ишлари жамғармасига банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун 200 млрд сўм;
  • «Тошкент метрополитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўловлари учун 24 млрд сўм;
  • «Ўзавтотранссервис» ва «Тошшаҳартрансхизмат» транспорт харажатлари учун 9 млрд сўм;
  • Шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг кўча йўлларини қуриш ва таъмирлашга - 512 млрд сўм;
  • Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетиг ссуда - 181 млрд сўм;
  • Маҳаллий бюджетларга солиқ имтиёзлари берилиши натижасида даромадлар етишмовчилигини қоплаш учун - 78 млрд сўм;
  • Ижтимоий нафақалар - 311 млрд сўм;
  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ишсиз, кам таъминланган оилаларга томорқаларини ривожлантириш учун 50 млрд сўм;
  • «Ўзтемирйўловчи» АЖнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун ссуда - 54 млрд сўм;
  • Карантиндаги фуқароларни доимий яшаш манзилларига олиб бориб қўйиш ҳамда хорижий давлатлардан қайтиб келган фуқароларни карантин ҳудудларига ташиш харажатлари - 20 млрд сўм;
  • «Агробанк» АТБга аҳоли бандлигини таъминлаш учун кредит линиялари - 20 млрд сўм;
  • Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига субсидия - 117 млрд сўм;
  • Умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига - 298 млрд сўм;
  • Президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишларига - 100 млрд сўм;
  • Мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига - 138 млрд сўм.

Шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун - 684 млрд сўм:

  • 10 000 ўринли махсус шифохоналар қуриш учун - 354 млрд сўм;
  • 20 000 ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси қуриш учун - 251 млрд сўм;
  • Диагностика лабораторияси мажмуасини реконструкция қилиш учун - 10 млрд сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ташкил этиладиган махсус шифохоналар ва вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуалари қуриш учун - 69 млрд сўм.

Иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга - 2 трлн сўм

  • «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналарига субсидия маблағлари - 500 млрд сўм;
  • «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ссуда - 250 млрд сўм;
  • «Ўзбекнефтгаз» АЖга субсидия маблағлари - 401 млрд сўм;
  • Инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлардан ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун туман бюджетларига ажратилган маблағлар - 300 млрд сўм;
  • Uzbekistan Airways АЖга ссуда - 406 млрд сўм;
  • Uzbekistan Airports АЖга ссуда - 101 млрд сўм;
  • Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига - 20 млрд сўм;
  • «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун ссуда - 40 млрд сўм.

Сув таъминоти ва ирригация тадбирлари билан боғлиқ харажатлар - 502 млрд сўм

  • Ирригация объектларини қуриш ва реконструкцияси учун - 335 млрд сўм;
  • «Ҳудудий сув таъминоти» МЧЖга ссуда маблағлари - 61 млрд сўм;
  • Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тизимларини қуриш учун - 153 млрд сўм;
  • Давлат экология қўмитасига ссуда маблағлари - 53 млрд сўм.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 трлн сўм ажратилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид