Ўзбекистон | 17:31 / 21.07.2020
28849
4 дақиқада ўқилади

«Авиган»ни қайси ҳолларда ичиш керак, «Плаквенил» нима сабабдан тавсия этилмайди? — иммунолог маълумот берди

Фото: Getty Images

Касаллик кўпая борган сари унга қарши курашда қабул қилинувчи дори воситаларини тўғри танлаш масаласи жиддийлашмоқда. Тавсия қилинган ва кўпчилик томонидан истеъмол қилинаётган дори воситалари бўйича иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева ўз фикрларини билдирди.

«Авиган» – вирусларга қарши препарат. Таъсири жуда яхши. Бу дори воситаси вирус структурасига асосан яратилган. Фақат уни қандай пайтда қабул қилишни билиш керак. Масалан, вирус эндигина юқиб, организмда кўпая бошлаганда, ёки кўпайиши юқори чўққига чиққанда яхши фойда беради.

Касалликка қарши антитаначалар ишлаб чиқарилиб, вирус қолдиқлари қолган пайтда ишлатиш бефойда бўлади», – деди шифокор «Тез ёрдам» телевизион дастуридаги чиқишида.

Тиббиёт фанлари номзоди «Плаквенил» дори воситасига ҳам тўхталиб ўтди.

«Плаквенил» – иммунитетни сунъий пасайтиради. Шунинг учун коронавирусдан даволанаётган беморлар уни ичмаслиги керак. «Плаквенил» энг биринчи малярия (безгак)га қарши ишлатилган дори. Паразитларга қарши ва иммунитетни оширмаслик, яъни иммунитетни босиб туриш учун ишлаб чиқарилган. Ўзини касалликдан ҳимоя қилаётган тана айрим пайтларда ҳимояни ошириб юборади. Ҳимоянинг ошиб кетиши организмни ўлдириб қўйиши ҳам мумкин. «Плаквенил» шундай ҳолатда ишлатилади. «Плаквенил» коронавирусга қарши курашда илк бор Хитой қўлланмасига киритилган.

Дастлаб, иммунитетнинг кучлилиги беморнинг ўзига салбий таъсир қилмаслиги учун бу дори беморларга берила бошланди. Аммо дорининг салбий таъсирлари бор. Юрак хасталиклари бор бемор «Плаквенил»га учраб қолса, дори унинг юрак уришини тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин.

Ҳозир ҳеч қайси давлатда «Плаквенил» дориси ишлатилмаяпти. Фақат Ҳиндистонда ишлатилаётгани ҳақида маълумот бор. Ўзбекистонда ҳам коронавирусни даволаш протоколларининг дастлабкисига «Плаквенил» киритилган эди. Лекин ҳозирги протоколда «Плаквенил» йўқ.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистоннинг ҳам айрим жойларида «Плаквенил» бепул тарзда берилаётгани ҳақида хабарлар бор. Фуқаролардан бу дорини ичишни тўхтатишни сўраган бўлардим», – деди иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева.

Аввалроқ «Плаквенил» дори воситаси бўйича Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессори Феруза Ҳамробоева ҳам ўз фикрларини билдириб ўтганди:

– Дори воситалари қайта кўриб чиқилиши, қатор ўрганишлар асосида дорилар жамланмасидан «Плаквенил» чиқариб ташланди. Олдин қўлланилганининг сабаби – клиник изланишлар натижасида 2020 йил февраль ойида француз олимлари мазкур икки дорини коронавирусга қарши самарали экани ҳақида хабар беришганди ва мана шу тадқиқотга асосан нафақат биз, балки дунёнинг кўплаб давлатларида бу дори ишлатилган, – деганди Ҳамробоева.

Мутахассис: «Арбидол» дориси оммалашиб кетди ва танқис бўлиб қолди. Бу дорининг арзон ва самарали бўлган муқобил вариантини топиш мумкинми», деган саволимизга:

– Албатта, вирусли инфекцияларда даволашда қўлланадиган 44 номдаги препаратлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Улар ацикловир, энтекавир, оксолин, умифеновир, ламивудин, абакавир, рутан каби таъсир этувчи моддалар сақлаган ҳамда мажмуавий таркибга эга бўлган вирусларга қарши воситалардир. Фақат бир дорига боғланиб қолиш, ўшандан нажот кутиш тўғри эмас, – дея жавоб берганди.

Мавзуга оид