Иқтисодиёт | 12:03 / 23.07.2020
4973
2 дақиқада ўқилади

Масъулияти чекланган жамиятларга облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилди

Қонун банк кредитларига боғлиқликни камайтириш имконини беради.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон президенти масъулияти чекланган жамиятларга облигациялар чиқариш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон президенти “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши облигациялар чиқариш талабларини сезиларли даражада енгиллаштирди ва масъулияти чекланган жамиятларга банк кредитларига муқобил сифатида корпоратив облигациялар чиқариш орқали молиялаштиришни жалб қилиш учун янги имкониятларни очиб берди. 

Билдирилишича, мазкур чекловлар сўнгги йилларда муомаладаги корпоратив облигациялар сони ва ҳажмининг кескин камайишига сабаб бўлган.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, республика иқтисодиётига аҳоли ва инвесторлар бўш маблағларини кенг ва фаол жалб қилиш, шу тариқа реал сектор корхоналарининг давлат кафолати ва банк кредитларига боғлиқлигини (банк секторига юк камаяди), шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш имконини беради, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид