Жамият | 22:58 / 24.07.2020
36223
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан даволашда «Плаквенил»ни қўллашга қарши чиққан шифокорга таҳдид қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 июль куни гидроксихлорохин моддаси коронавирус терапиясида зарарли экани ҳақида баёнот эълон қилган эди. 13 июлда бу дори Ўзбекистондаги даволаш протоколидан ҳам чиқарилди. Аммо маълум бўлишича, муайян шахслар препаратни протоколга қайтаришни истамоқда.

«Тез ёрдам» дастурининг навбатдаги сонида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова гидроксихлорохин препаратини коронавирусдан даволашда ишлатиш зарарли экани ҳақида сўз юритди.

Клара Ёдгорованинг таъкидлашича, гидроксихлорохин бошқа дорилар сингари дастлаб Хитой тажрибасида қўлланилган. Март ойида ЖССТ кўлланилаётган препаратларнинг самарадорлиги бўйича далиллар олиш учун «Халқаро ҳамдўстлик тадқиқоти»ни ўтказган. Унда коронавирусга чалинган 96 минг беморнинг маълумотлари жамланиб, АҚШнинг Ҳарвард ва Швейцариянинг Цюрих университети олимларига тақдим қилинган.

«Ўрганишлар натижасида гидроксихлорохиннинг коронавирусга қарши нафақат самарасиз экани, балки ўлим хавфини оширувчи экани ҳам тасдиқланган. Буларни ҳисобга олиб, ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланма чиқариб, барча давлатларга шунинг асосида ўз даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. 4 июлда эса гидроксихлорохин ва бошқа айрим дориларнинг зарарли экани ҳақида ЖССТнинг баёноти эълон қилинди», – деди Миллий палата вакили.

Клара Ёдгорованинг сўзларига кўра, Миллий палата экспертлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи биргаликда 30 июнь куни иккита янги қўлланма – COVID-19’ни енгил шаклда ўтказиб, уйда даволанаётганлар ва оғир формада стационарда даволанаётганлар учун қўлланмалар ишлаб чиққанини, улардаги маълумотлар 13 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилганини ва мазкур қўлланмадан гидроксихлорохин олиб ташланган.

«Айни пайтда бу протоколга амал қилиш шифокорлар учун жуда муҳим ҳисобланади. Чунки бу ерда гап ҳар бир инсон ҳаёти ҳақида кетяпти. Биз ЖССТнинг қўлланмалари асосида ишлашимиз лозим, ҳеч қайси давлат биз учун намуна эмас. Биз ҳам ЖССТнинг аъзо давлати сифатида даволаш тизимимизга энг янги қўлланмаларни киритишимиз лозим», – деди мутахассис.

Шунингдек, Клара Ёдгорова дастур бошловчиси – Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжоновнинг саволларига жавобан, кўрсатувнинг олдинги сонларидан бирида гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини маълум қилди.

Комил Алламжонов эса жонли эфирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Клара Ёдгоровани ҳимоя қилишни сўради.

Аввалроқ, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Феруза Ҳамробоева ҳам гидроксихлорохиннинг салбий таъсири ҳақидаги фикрларга қўшилишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, таркибида гидроксихлорохин сақловчи «Плаквенил» препарати Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, уйида даволанаётган беморларга тарқатиладиган бепул дори-дармонлар рўйхатига киритилган эди. Кейинчалик ушбу дори рўйхатдан чиқарилгани айтилди.

Мавзуга оид