Жаҳон | 12:18 / 28.07.2020
17803
10 дақиқада ўқилади

АҚШ президентлик сайловлари: демократлар нимадан хавотирда?

АҚШда президентлик ва Конгресснинг ўрта муддатли сайловларига тахминан уч ярим ой вақт қолганда президент Дональд Трамп сўровномаларда демократ рақиби Жо Байдендан 8-15 балл ортда бормоқда.

Фото: Getty Images

Одатда бундай фарқни «ёпиш» жуда қийин. Бироқ айни пайтда АҚШнинг сиёсий маданий иқлими «нормал»дан жуда узоқ. Шу сабабли, Демократик партия маъмурияти 2016 йил сайловларида бўлгани каби, ижтимоий сўровномаларни йўққа чиқариб, Трамп иккинчи марта ҳам ғалаба қозонишидан қўрқмоқда. Партия амалдорлари, шунингдек, Байден «Трамп сайловларни билвосита ўғирлаши»дан ва бунинг ортидан юзага келадиган сиёсий инқироз хавфидан ҳам чўчимоқда.

На эпидемия, на иқтисодиёт бошқара олинди

Трамп маъмурияти на Covid-19 эпидемиясини, на у билан яқиндан боғлиқ бўлган иқтисодий инқирозни бошқара олди. Иқтисодиётга устувор аҳамият беришга ҳаракат қилингудек бўлса, эпидемик вазият ёмонлашмоқда. Covid-19 эпидемияси оғирлашгани сайин эса иқтисодиёт ҳам оқсай бошламоқда.

Covid-19 пандемияси шиддат билан давом этмоқда, 26 июль куни касалликка чалинганлар сони 4 миллиондан, вафот этганлар сони эса 147 мингдан ошди. Апрел-июнь ойларида вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 1 миллиондан 2 миллионгача чиқиши учун 45 кун керак бўлганди. Рақамларнинг 3 миллиондан 4 миллионгача етиши учун эса атиги 27 кун кифоя қилди. Кунлик ўлимлар сони июнь ойи бошидан бери биринчи марта 21 июль куни мингдан ошди. Қисқаси, маълумотлар эпидемия назоратга олинмаганини кўрсатмоқда. Трамп узоқ вақт сукут сақлаганидан сўнг, ниҳоят 23 июль куни яна матбуот анжумани ўтказди ва у илк бор ниқоб таққан ҳолда кўриниш берди. «Афсуски, вазият яхшиланишга улгурмай туриб, яна ёмонлашади», деди у.

Март-апрель ойларида АҚШ иқтисодий фаоллик индекси 100дан 30гача пасайиб кетди. Трамп маъмурияти штатларда Covid-19 чекловларини юмшатиш орқали иқтисодиётни қайта очишга мажбур бўлди ва май-июль ойларида нисбатан тикланиш кузатилди. Бироқ май-июнь ойларида секинроқ суръатда бўлса-да, тиклана бошлаган индекс 60дан бироз пастга тушгач, Covid-19 инқирози чуқурлашиши ортидан яна тўхтаб қолди. Шу боис 24 июль ҳолатига қаралганда ҳам 60дан оша олмаганди. Ушбу маълумотларни келтирган Financial Times тадқиқотлари истеъмолчи ишонч индексидаги пасайиш ва ишсизлик нафақаси олиш учун аризалар сонининг камайиш ортидан тикланиш якунига етди, деб фикр билдирганди. 23 июнь куни Bloomberg’да нашр этилган бир тадқиқотда ҳам тикланиш тўхтагани, иқтисодий аҳвол ёмонлашаётгани, икки томонли (W) рецессия эҳтимоли кучаяётгани таъкидланди.

Кескинлашаётган вазият сайловчиларга таъсир ўтказмоқда

REUTERS

Иқтисодий ва соғлиқни сақлаш тизимидаги инқирози туфайли юзага келган хавотирлар сайловчиларнинг танловига таъсир қилмоқда. Июль ойида ўтказилган 10та асосий ижтимоий сўров (RealClear Politics) натижаларига кўра, Байден Трампдан 15 балл (Квиннипак университети) ва 8 балл (Fox News) олдинда бормоқда. 24 июлда эълон қилинган The Economist/YouGov жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра эса Байден 8,7 балл олдинда.

24 июль куни ўтказилган оммавий сўров натижаларининг делегатлар сони бўйича натижаларини акс эттирган Financial Times газетасининг модели ҳам Байденнинг делегатлар сонини 308, Трампнинг делегат сонини эса 131 деб кўрсатди. Ўртадаги делегатлар сони 99та (мустақиллар). Қисқаси, Трамп ўртадаги барча вакилларни қўлга киритган тақдирда ҳам ғалаба қозониш учун талаб қилинадиган 270 вакилга эга бўла олмайди.

Бу Байден учун жуда катта устунлик. Аммо мамлакатда фавқулодда шароитлар ҳукм сурмоқда. Бундай вазиятда жамоатчилик фикри сўров натижаларида ноаниқлик сифатида акс этиши мумкин. Covid-19 эпидемиясидаги иқтисодий инқироз ва ижтимоий норозиликлар шароитида сайловчилар ўз қарорларини тез-тез ўзгартиришлари ёки ижтимоий сўровларда ўз фикрларини очиқчасига ифода этмасликлари мумкин.

Дарҳақиқат, CATO институти томонидан ўтказилган тадқиқотда, сайловчиларнинг 62 фоизи сиёсий муҳит уларга ўз фикрларини эркин ифода этишига имкон бермаслигини айтишди. Бу кўрсаткич демократларда 52 фоиз, мустақилларда 59 фоиз, республикачиларда эса 77 фоиз.

2016 йилги сайловларда демократик партия маъмуриятининг «оғзи куйган», шу боис «қатиқни ҳам пуфлаб ичиш»га, жамоатчилик сўровларига эса шубҳа билан қарашга етарли даражада сабаблар бор. Бироқ уларнинг қўрқувларига Трамп ва республикачилар партиясининг 2020 йилги сайловларга бўлган ёндашуви кўпроқ сабаб бўлмоқда.

Трамп ва республикачилар партияси ижтимоий сўровларда намоён бўла бошлаган натижаларни тескарисига айлантира олмасликларини ўйлаб, сайлов натижаларини бошқа йўллар билан аниқлаш мақсадида АҚШда либерал демократиянинг келажаги учун ўта хавфли тактикаларни жорий этишни бошлади.

AFP

Демократ партия сайловчиларини «қўрқинчли туш» кутмоқда

Трамп бир мунча вақтдан бери 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларнинг эҳтимолий оқибатларига «Буюк ҳийла» иддаолари билан соя солишга ҳаракат қилмоқда. Трамп ва республикачилар, айниқса, эвангелист диний озчиликлар, оқ танли миллатчи ирқчилар сайловчилар сони ошган сари муваффақият қозониш имконлари пасайишига ишонишмоқда. Шунинг учун қора танли сайловчилар кўп бўлган минтақаларда сайловчилар иштирокини камайтиришни мақсад қилмоқдалар.

Covid-19’дан ҳимояланишни истаган сайловчилар почта орқали овоз беришга мойил бўлади. Ушбу сегментда Трамп тарафдорларидан фарқли ўлароқ, Covid-19 эпидемиясини жиддий қабул қилаётган қариялар, таълим кўрган ва демократик партияни қўллаб-қувватлайдиган сайловчилар кўпчиликни ташкил қилади. Шу сабабли, Трамп коррупция ва ҳийла айбловлари билан почта орқали овоз беришнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бугунги кунга қадар ўтказилган барча тадқиқотлар шуни кўрсатадики, почта орқали овоз бериш амалиёти алдамчи эмас, балки, аксинча, хавфсиз ҳамдир.

The Atlantic журналида чоп этилган кенг қамровли тадқиқотга кўра, кўплаб овоз бериш қутиларида почта орқали юборилган аксар сайлов бюллетенлари турли сабабларга кўра бекор қилинган. Почта орқали келиши керак бўлган сайлов бюллетенлари сайловчиларга етиб бормаган ёки почта тўлақонли хизматни амалга оширмагани овозлар учун ўз вақтида санаш жараёнига етказиб берилмаган. Covid-19 эпидемияси туфайли қўйилган ижтимоий масофа талаби ҳам навбатга туриш ва овоз бериш жараёнларининг соатлаб узайишига олиб келди. 3 ноябрдаги сайловларнинг ноқулай об-ҳаво шароитида бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, почта орқали овоз бериш, айниқса, демократик партия сайловчилари иштироки нуқтайи назаридан қанчалик муҳимлигини кўриш мумкин.

Аммо барча партиялар номзоди эълон қилинмай туриб, сайлов бюллетенлари нашр этилмайди. Агар бирор-бир партия номзодини эълон қилишни бирор сабабга кўра кейинга сурса, сайлов бюллетенларининг ўз вақтида сайловчига почта орқали етиб бориши қийинлашиши мумкин. The Atlantic муаллифининг таъкидлашича, 3 ноябрь куни демократ партия сайловчиларини «қўрқинчли туш» кутмоқда.

REUTERS

Сайловчиларни қутблаштириш

Трамп ва республикачилар партиясининг яна бир тактикаси демократик партия назорати остидаги шаҳарларнинг тартибини, «Black Lives Matter» (Қора танлиларнинг ҳаёти қадрлидир) ҳаракатининг норозилик намойишларини Америка учун таҳдид сифатида баҳолашдан иборат. Трамп шу йўл билан анъанавий йирик шаҳарлар ва қишлоқ ҳудудлари қутблашувини янада чуқурлаштиришни мақсад қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу усул 2016 йилги сайловларда ҳам иш берганди.

Кўплаб шарҳловчилар кейинги кунларда Трамп «анархистлар» билан курашиш ниқоби остида, аслида эса ҳеч бир исбот-далилни ўртага қўймай, демократлар томонидан бошқариладиган шаҳарларга фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик (FEMA – Federal Emergency Management Agency), Миллий хавфсизлик ташкилоти (Home Land Security), чегарани қўриқлаш полиция ташкилоти каби хавфсизлик кучларини жўнатишни бошлаганини шу маънода изоҳламоқда.

Консерватив матбуот «фалокат», «уруш майдони», «мамлакатимизни ёмон кўрадиганлар» каби иборалар билан қутбланиш муҳитини янада кучайтиришга ҳаракат қилмоқда, айни пайтда федерал ҳукуматнинг «милиционерлари» (шахсларини тасдиқловчи ҳеч бир маълумот йўқ) одамларни кўчалардан ҳайдашмоқда, уларни рақамсиз машиналарда солиб олиб кетишмоқда. Трамп Миннеаполисда (Орегон) бошлаган аралашувини бошқа шаҳарларга ҳам йўналтирмоқда ва бу ерлардаги аҳвол «Афғонистондан ҳам ёмонроқ» эканини айтмоқда.

Шундай қилиб, Трамп маъмурияти шаҳарларни «жанг майдони», АҚШ душманларининг маркази (қора танлилар ва муҳожирлар) деб номлаш орқали шаҳар-қишлоқ қутбланишини чуқурлаштиришга интилмоқда. Бироқ сўнгги йилларда шаклланган, умумий маълумотли, оқ «шаҳар муҳити» (suburb) Covid-19 ва қора танлилар ҳаракати масаласида қаъий позицияга эга бўла олмаяпти. Дарҳақиқат, Байден томонидан олинган янги овозлар қора танлилардан кўра кўпроқ ушбу оқ танли маълумотли қисмдан келади.

Иккинчидан, федерал ҳукумат кучлари майдонга кириши ортидан Миннеаполисда уларга қарши «оналар девори» деб номланган қаршилик шакли пайдо бўлди. Кўплаб шарҳловчилар оналарига қарши чиққан сиёсатчиларнинг бунинг бадалини қисқа вақт ичида тўлашига ишонмоқда.

Қисқаси, айтиш мумкинки, қутблантирувчи тактикалар ирқчи диний гуруҳларни рағбатлантиришдан ва Трампни «оқ миллатчилик» соҳасига олиб боришдан бошқа ишга ярамайди.

Федерал ҳукуматнинг хавфсизлик кучларини шаҳарларга киритиши ортида эса Washington Post газетасида Даниэль Дрезнер таъкидлаганидек, «сайлов натижаларини назорат қилишда катта шаҳарларнинг кўчаларини бошқариш», юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий мухолифатни бостириш ҳам ётибди. 

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид