Жаҳон | 23:16 / 31.07.2020
5812
4 дақиқада ўқилади

Путин давлат сири бўлмаса ҳам ФХХ ҳақидаги материалларни эълон қилишни тақиқловчи қонунни имзолади

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин «Федерал хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра ФХХ органлари ҳақидаги материалларни идора раҳбарияти рухсатисиз эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланади.

Фото: Александр Шчербак / ТАСС

Гап ҳарбийлар, давлат хизматчилари, ФХХнинг амалдаги ва истеъфога чиққан ходимлари томонидан касбий сирни сақлаш ҳақида бормоқда. Қонунда касбий сир давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлмаслиги мумкинлиги қайд этиб ўтилган, бироқ ўзгаришлар муаллифлари бундай ахборотни тарқатиш ФХХ хафсизлигига «таҳдид уйғотиши» ёки «уларнинг нуфузига зиён етказиши» мумкин деб ҳисоблашади.

Касбий сир мавжуд бўлган ахборот эълон қилинишидан аввал ФХХда «экспертлик баҳолаши»дан ўтиши керак. Бу жараёнсиз уни тарқатиш тақиқланади. Ахборотлар рўйхати ва баҳолаш ўтказиш тартиби хизмат раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

AVG Legal’нинг бошқарувчи ҳамкори Алексей Гавришевнинг РБК’га маълум қилишича, ФХХ фаолияти ҳақидаги ахборотни тарқатганлик учун масъулиятни махфий маълумотларни ошкор қилишга тенглаштиришлари мумкин — ҳам махсус хизмати ходимлари учун, ҳам ОАВ учун.

«Юмшоқроқ қилиб айтганда, бу қўрқинчли кўринмоқда. Чунки шунчаки ахборот ва хизматнинг профессионал фаолияти тўғрисидаги ахборот ўртасида жуда юпқа фарқ бор», – дейди у.

Мухолифатдаги сиёсатчи, Давлат думасининг собиқ депутати ва ФХХнинг истеъфодаги зобити Геннадий Гудковнинг фикрича, ушбу тақиқ ёппа цензурага уринишдир. «Медуза»га берган интервьюсида у «ФХХ танқиддан ва ўзининг ҳар қандай нўноқ ишлари ва ҳийлалари тилга олинишидан ўлгудек қўрқиши, идорада профессионализмдан асар ҳам йўқлиги: сохталаштириш, провокациялардан иборат эканлиги»ни айтиб ўтган.

«Агар сени қонунни бузадиган бўлсанг, прокурорми, ОАВми – фарқи йўқ, сени назорат қилишга ҳар қандай уриниш ғазабингга сабаб бўлади, лекин бу аблаҳларнинг позицияси», – деган у.

7 июль куни ФХХ ходимлари собиқ журналист Иван Сафроновни давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олишди. Сўнгги икки ойда у «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаётганди. Сафроновнинг ҳамкасблари ва яқинлари унга қарши қўзғатилган иш айнан унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашмоқда.

ФХХ версиясига кўра, у гўёки Чехия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган ва 2017 йилда уларга Россия томонидан Африка давлатларига қурол етказиб бериш, шунингдек РФ Мудофаа вазирлигининг Яқин Шарқдаги фаолияти ҳақидаги маълумотларни узатган.

«Роскосмос» раҳбари Рогозин эса Сафронов махфий ахборотларга эга бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаганини таъкидлаган эди. Чехия махсус хизматлари ва ҳарбийлари ҳам у билан ҳамкорлик қилинганини рад этишган. Унинг чехиялик таниши, ТАСС томонидан Чехия махсус хизматлари ходими деб аталган Мартин Лариш ўзининг махсус хизматлар билан алоқасини рад этган.

Журналист 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Сафроновнинг ўзи айбловларни рад этмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид