Жамият | 10:36 / 03.08.2020
36841
7 дақиқада ўқилади

«Каналимизда бир челак сув ҳам йўқ!» - Қўшкўпир туманидаги фермерлар сувсизликдан катта зарар кўрмоқда

Қўшкўпир тумани, Қатағон қишлоғидаги аҳоли ва фермерлар сув муаммоси бир неча йилдан бери ҳал этилмаётганидан шикоят қилишди. Деҳқончилик учун мўлжалланган ерлар, балиқчилик ҳавзалари, одамларнинг томорқалари сувсизликдан қақраб қолган.

Қўшкўпир тумани, Қатағон қишлоғининг «Араблар» маҳалласи, Спутник шаҳарчасининг «Тараққиёт» маҳалласи аҳолиси ва шу ҳудудда фаолият юритаётган бир қанча фермерлар экинларни суғориш учун сув йўқлигидан шикоят қилишди.

Иккита маҳалла ҳудудидан ўтувчи «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида 3 йилдан бери сув танқис. Натижада, деҳқончилик қилиш, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланиш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Одамлар томорқадан фойдаланишда, сабзавот етиштиришда, боғ қилишда қийналишмоқда. Катта маблағ сарфлаб йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолияти ҳам сўроқ остида турибди.

Эркин Рўзимов эл-юрт дастурхонини балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш, ўзи ҳам даромад олиш мақсадида «Рўзимов Абдулла» фермер хўжалигини ташкил қилиб, яхши ниятда иш бошлаган тадбиркорлардан бири. Аммо сувсизлик муаммоси фермернинг ишини барбод қилиб, қарзга ботириб юборган.

«4,5 гектар ер олиб, балиқчилик соҳаси бўйича иш бошладим. Шундан 3 гектарини ҳовуз учун қаздирдим, тайёрладим. Иш бошлаганимда «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув бўлармикан, деган ҳадик бор эди. Аммо раҳбарлар сув бўлишига ишонтиришди, ваъдалар беришди. Афсуски, 2020 йилда каналдан бир челак ҳам сув келмади. Натижада, атиги 0,1 гектар ерда сув қолди, холос. Кўлга қўйиб юборилган балиқчаларнинг кўпчилиги нобуд бўлди. Қарзга ботиб кетдим. Кузда мендан балиқ маҳсулотини топшириш режаси сўралади. Уни қандай бажараман?», деб куюнди Эркин ака.

«Зоҳиджон Қўшкўпир» оилавий корхонаси раҳбари Зоҳиджон Нурметов жуда катта маблағ сарфлаб қилаётган тадбиркорлик фаолияти хавф остида тургани, қурғоқчилик туфайли маблағи ва меҳнати зое кетиши мумкинлигидан шикоят қилди.

«Оилавий корхонамиз гўшт-сут йўналиши бўйича фаолият юритади. «Араблар» маҳалласи ҳудудида катта фермамиз бор. Қарамоғимизда Швейцариянинг «Симменталь» зотли 131 шартли бош қорамол бор. Бу ишга ўз маблағимдан 3,5 миллиард сўмни сарфлаганман, яна шунча миқдорда кредит олганман. Сувсизлик туфайли чорвамиз учун ем-ҳашак етиштириш муаммога айланмоқда. «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув йўқ, натижада экинларимиз сувсиз қолган, қовжираб боряпти. Шикоят қилмаган жойимиз қолмади. Бундай шароитда қандай тадбиркорлик қилиш мумкин? Чорвачилик билан шуғулланувчилар қўллаб-қувватланмаса, бозорда гўштнинг нархи пасаярмиди?», деди у.

Қаландар Абдикаримов балиқчилик йўналишидаги «Йўлдош чўпон даласи» фермер хўжалигини ташкил қилиб, яхши ниятлар билан иш бошлаган фермерлардан яна бири. Аммо сув танқислиги унинг фаолиятига ҳам катта зарар етказди.

«Балиқчилик соҳаси бўйича иш бошлаган эдим. Фаолиятим учун 8,5 гектар ер ажратилди. 2,5 гектарини ҳовуз қилиб қаздириб, тайёрладим. Балиқчаларни юбордим, аммо сув бўлмади. Натижада, балиқчалар нобуд бўлди, катта миқдорда зарар кўрдим. Каналдан сув келмаса, балиқчилик билан қандай шуғулланиш мумкин? Шикоят қилмаган, ёзмаган жойим қолмади. Ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти. «Сувни эртага берамиз», деган ваъдалардан нарига ўтилмаяпти. Кузда эса мендан балиқ топшириш, режани бажариш талаб қилинади. Фермерга ёрдам йўқ, фақат талаб бор. Бундай шароитда қандай ишлаш мумкин?», деб куюнди у.

«Ўнг тармоқ Қулобод» канали бўйида жойлашган «Тараққиёт» маҳалласидаги аҳвол бундан ҳам ачинарли. Мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда ариқлар, томорқалар сувсизликдан қақраб, экинлар эса қовжираб ётибди.

«Томорқага экин экинглар, фойдаланинглар, акс ҳолда ундан маҳрум қилинасиз, жаримага тортиласиз, деган талабни қўйишади. Ер солиғини тийин тийинигача тўлиқ тўлашга мажбурлашади. Аммо сув билан таъминланглар, ёрдам беринглар деб мурожаат қилсак, ҳеч ким қулоқ солмаяпти. 2-3 йилдан бери аҳвол шундай. Қурғоқчилик бизни жуда қийнаб қўйди. Экин экдик, боғ қилдик, аммо суғора олмаяпмиз, маблағимиз ва меҳнатимиз зое кетмоқда», дейди маҳалла аҳолиси вакиллари.

Қайд этиш жоизки, сувсизлик ортидан яна бир бало, «кўринмас офат» маҳаллага таҳдид қилмоқда. Сўнгги йилларда бу ҳудудда термитлар пайдо бўлган. Улар ёғоч устунлар, тўсинлар, полнинг ёғочларини еб битиряпти. Натижада, баъзи уйлар яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қоляпти. Бундай зараркунандаларнинг кўпайиб кетишига қурғоқчилик ҳам сабаб бўлади. «Тараққиёт» маҳалласида термитларнинг кўпайиб кетиши жуда хавотирли масала.

«Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув йўқлиги муаммоси бўйича «Чапқирғоқ Амударё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Қўшкўпир тумани бўлими гидротехниги Дилмурод Давлетов изоҳ берди.

«Ўнг тармоқ Қулобод» канали Хонқа туманидан бошланади. Сўнгра Урганч тумани ҳудудидан ўтиб, Қўшкўпир туманигача келади, жами 36 км узунликка эга. Унинг охирги 8 км қисмига сув етиб келмаяпти, чунки жуда оз бериляпти. Бу каналга секундига 3–3,5 кубометр сув берилса, аҳоли ва фермерларнинг ерлари, томорқалари тўлиқ суғорилиши мумкин», дейди у.

Маҳалла аҳолисининг сўзларига кўра, «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув бор, аммо Қўшкўпир туманига кириш қисмидан бўғиб қўйилган. Унинг Хонқа тумани ва Урганч тумани қисмидаги фермерлар жуда катта ер майдонларига шоли экиб, катта насослар билан сувдан фойдаланиб ўтиришибди.

«Ўнг тармоқ Қулобод» каналидаги сувсизлик муаммоси, шунингдек, унинг Қўшкўпир тумани қисмининг бўғиб қўйилиши бўйича «Чапқирғоқ Амударё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Хоразм вилояти бўлими раҳбариятидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Ҳозирги вақтда маҳалла ҳудудидаги фермерлар ва аҳоли экинларини суғориш, истеъмол қилиш учун ноиложликдан ер ости сувларидан фойдаланишмоқда. Унинг қаттиқлик даражаси юқори бўлгани сабабли, истеъмол қилишга ва деҳқончилик қилишга яроқсиз ҳисобланади. Сифатсиз сув одамларнинг соғлиғига зарар етказяпти, ерларнинг унумдорлигини пасайтириб юборяпти. Одамлар йиллар давомида бу муаммоларнинг ечим топишини, каналга, ариқларига сув келишини, маҳалла ичимлик суви билан таъминланишини умид билан кутишяпти. Афсуски, маҳаллий ҳокимият вакиллари ваъдалардан нарига ўтмаяпти.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид