Жамият | 15:32 / 06.08.2020
8171
2 дақиқада ўқилади

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси: «Covid-19’га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинча тавсиялар» палата экспертизасига тақдим қилинмаган

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 августдаги матбуот анжуманига оид баёнот билан чиқди.

«Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси шу ҳақда маълум қиладики, 2020 йилнинг 31 июлидаги «Covid-19’га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинча тавсиялар» (олтинчи версияси) Миллий палатага экспертиза учун белгиланган тартибда тақдим этилмаган.

Бу тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 3 августдаги матбуот анжуманида омма эътиборига ҳавола қилинган.

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 8-бандида «ишлаб чиқилаётган, соғлиқни сақлаш тизимига алоқадор норматив-ҳуқуқий лойиҳалар Миллий палата экспертизасидан ўтказилиши шарт», дея белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, бу қарорнинг 2-пунктига кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг асосий вазифаларига «замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш» ҳам киритилган», – дейилади Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 3 авгусидаги етакчи оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани ўтказилган ва унда мутасаддилар беморларни даволаш бўйича вақтинча протокол қабул қилингани ҳақида билдиришганди.

Мавзуга оид