Ўзбекистон | 14:12 / 07.08.2020
21436
7 дақиқада ўқилади

Дарсликлар, баҳолаш ва ўқитувчи омили – халқаро экспертлар Ўзбекистон мактабларида таълим сифатини ошириш ҳақида

Кеча, 6 август куни Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида умумий ўрта таълим сифатини ошириш масалаларига бағишланган халқаро онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди.

Илк бор онлайн шаклда ташкил қилинган мазкур конференцияда ўзбекистонлик олимлар ва илғор ўқитувчилардан ташқари таълим соҳасидаги халқаро экспертлар ҳам ўз тақдимот ва маърузалари билан иштирок этди.

Тадбир давомида дарсликлар ва адабиётлар сифатини ошириш, мактаб ўқувчилари учун муқобил ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва дарслар таркиби ҳамда соатлари масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда умумий ўрта таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб тавсиялар берилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Энди Смарт, Таълим ва дарсликлар нашр этиш бўйича халқаро консультант:

— Марказлаштирилган таълим тизимида ўқув режаси, педагогика ва баҳолашнинг олтин учбурчаги марказида дарсликлар жойлашган.

Одатда, яхши дарсликлар умумий ва фанга хос ташкилий ва педагогик тамойилларни акс эттиради. Аммо кўпгина дарсликларда педагогика элементлари учрамайди: улар аслида «ўзини ўзи ўқитиш» дарсликлари сифатида яратилган.

Яна бир тавсия: ҳар қандай дарсликнинг тузилмаси ўқув дастури доирасидаги кетма-кетлик билан бир хил бўлиши шарт эмас. Кўпчилик мана шу тартиб билан ўқувчиларни зериктириб қўяди.

Дипа Шанкар, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўлими раҳбари:

— Глобал далиллар шуни кўрсатадики, таълим тизимидаги чуқур ислоҳотлар кўп вақт талаб этади, бироқ улар ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш орқали мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантиришга узоқ муддатли таъсир кўрсатади.

Бугунги дунё болалари ва ўсмирлари қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

Рақамли кўникмалар: Бу жиҳат болалар ва ўсмирлар учун «рақамли саводхонликка эга» бўлиш, технологиялардан фойдаланиш ва уларни тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, бу кўникма маълумот қидириш ва бошқариш, алоқа ва ҳамкорлик қилиш, маълумот яратиш ва уни улашиш, билимларни шакллантириш ва муаммоларни хавфсиз, танқидий ва ахлоқий жиҳатдан ҳал қилишга имконият беради.

Пухта кўникмалар: Болалар ва ўсмирларга саводхонлик ва ҳисоблаш маҳорати жуда зарур бўлиб, бу келгусида уларга ўқиш, самарали меҳнат ва фуқаролик фаоллиги учун асосдир.

Техник ва касбий кўникмалар: бу ишга оид кўникмалар эса, масалан, дурадгорлик, дастурлаш, бухгалтерия ёки муҳандислик каби ёки бир нечта касблар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Универсал қобилиятлар эса ёшларга чаққон, мослашувчан ўқувчи ва фуқаро бўлишларига ёрдам беради.

Универсал кўникмалар инсонга келгусида муаммоларни ҳал қилиш, жамоавийлик, музокаралар қилиш, ўзини ўзи бошқариш, хайрихоҳлик ва мулоқот қобилиятларини шакллантиради. Биз болаларда мана шу жиҳатларни кўпроқ шакллантиришимиз керак.

Жон Тулли, халқ таълими вазири маслаҳатчиси, халқаро эксперт:

— Таълим сифатини ошириш учун қуйидаги учта жиҳатга эътибор қаратиш керак:

Биринчидан, сифатли дарс жадвали. Яхши дарс жадвали яхши таълим бера олишга асос бўлади.

Иккинчидан, ўқитувчиларнинг малакаси ва уларнинг дарс ўтишга бўлган хоҳишининг юқори экани. Инсонларга уларнинг малакаси билан баҳо беришга ўрганиб қолганмиз. Шунинг билан бирга, ўқитувчиларда ўз фаолияти давомида янги-янги нарсаларни ўрганишга ва янги гуруҳ болаларига дарс ўтишга бўлган хоҳиш ҳам юқори бўлиши керак. Бутун мамлакат ўқитувчиларининг сифатли ва сифатсиз таълим ҳақидаги қарашлари ҳам бир хил бўлиши керак.

Учинчидан, ота-оналар болаларини таълим олишга кучли рағбатлантириши керак.

Метю Голди-Скот, таълим соҳасида халқаро эксперт:

— Мен Ўзбекистонда янги миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш бўйича ўзбекистонлик мутахассислардан иборат жуда катта жамоа билан ишлаяпман. Биз ҳозир халқаро тажрибада кузатилган самарали ва самарасиз педагогик амалиётларни ўрганиб чиқяпмиз.

Самарали ўқув тизимининг энг муҳим жиҳатларидан бири баҳолаш ҳисобланади. Биз шу тизимни тубдан ишланган ва такомиллашган тизимини ишлаб чиқяпмиз. Аввалдан бир сирни очишим мумкин, биз таклиф қилаётган баҳолаш тизими ҳозиргидан кўра катта фарқ қилади.

Мария Торо-Троконис, педагогика фанлари доктори, онлайн таълим соҳасида стратег:

Ўзбекистоннинг ЮНИСЕФ билан яқин ҳамкорликда ишлаётгани бу таълим тизимида янги даврни бошлаб бермоқда. Мен шу тизимга ҳиссамни қўшаётганимдан жуда хурсандман.

Мардон Юсупов, Англиядаги Кэдбери коллежи математика ўқитувчиси, Британия педагогик кенгаши аъзоси:

— Англияда таълим сифатини таъминлашнинг энг асосий омили, фикримча, умумдавлат расмий имтиҳонларидир. Барча мактаблар, коллежларда битирувчилардан расмий имтиҳонлар олинади ва бу имтиҳонларни мактаб ё коллеж ўқитувчилари эмас, балки имтиҳон олувчи алоҳида ташкилотлар томонидан олинади. Коллеж ва мактаблар бу жараёнга умуман аралашмайди.

Айнан шу мустақил ташкилотлар олган имтиҳонлар натижаларига қараб боланинг ҳаққоний билимига, ўқитувчиларга, мактаб ва коллежларга баҳо берилади.

Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази раҳбари:

— Халқаро экспертлар билдирган фикрларга асосланадиган бўлсак, Ўзбекистондаги умумий ўрта таълимдаги энг катта камчилик дарсликларда ва унга ёндашувда кузатилмоқда. Яъни методология хато ишламоқда. Дарсликларимиз матнларга, фактларга ва далилларга асосланиб қолган. Улар ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантиришга эмас, маълумотларни ёдлаб қолишга қаратилмаган. Табиийки, ўқувчилар ҳам бунга мослашиб қолган. Уларда малака шаклланмаяпти.

Экспертлар бугун таълим тизимимизнинг саҳнасида асосий қаҳрамон ўқитувчилар бўлиб қолаётганини айтишмоқда. Яъни фақат ўқитувчи гапиряпти. 11 йил фақат ўқитувчини тинглаган болада эса кўникма шаклланмаяпти. У эртага мустақил ҳаётга чиққандан кейин ҳам кимнидир тинглашга эҳтиёж сезади. Унда мустақил фикр билдириш кўникмаси шаклланмаяпти.

Биз айнан мана шу жиҳатларни ўзгартириш, тизимни янгилаш устида ишлаяпмиз.

 Умумий ўрта таълим тизимини ривожлантириш масалаларига бағишлаган биринчи онлайн конференция якунида Миллий ўқув дастури доирасида мактабларда ўтиладиган фанлар тизимини қайта кўриб чиқиш, келгусида ҳам фанлар ва мавзулар кесимида конференциялар ўтказиш, таълим маркази қошида халқаро экспертлардан иборат жамоатчилик кенгаши тузиш каби масалалар юзасидан келишиб олинди.

Мавзуга оид