Жамият | 13:19 / 07.08.2020
3158
3 дақиқада ўқилади

Парламентнинг назорат функцияси доираси кенгайтирилмоқда

Бугун, 7 август куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг 6-ялпи мажлисида «Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Сенатор Шуҳрат Чўллиев мазкур қонун билан парламент фаолиятида белгиланаётган ўзгаришлар хусусида маълумот берди.

Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назорати ташкил қилишга қаратилган ушбу Қонун билан парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, амалдаги «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Олий Мажлис палаталари фақат ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишга ҳақлилиги белгиланган бўлса, киритилаётган ўзгартишга асосан Қонунчилик палатаси ва Сенат ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларидан ташқари хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

Қонунларга киритилаётган янгиликлардан бири парламент назоратининг тури ҳисобланмиш парламент текшируви институтини жонлантириш ва кенгроқ қўллаш амалиётини жорий қилишга қаратилган.

Сабаби, парламент текширувини ўтказиш бўйича амалдаги тартибда бир қатор камчиликлар мавжуд эди. Хусусан, Олий Мажлис палаталарида парламент текширувини ўтказиш борасида алохида қарор қабул қилиш имконияти йўқ эди.

Шунга кўра, мазкур Қонун билан парламент текшируви Қонунчилик палатасининг ёки Сенатнинг алоҳида қарори билан ёхуд Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ўзгартишларга асосан аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан парламент ва сенатор сўровлари кимнинг номига юборилган бўлса ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажариши юклатилган шахс томонидан жавоб берилиши белгиланмоқда. Бу эса сўровларнинг таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир ўзгартиш қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш самарадорлиги ошишига ҳамда қонун лойиҳалари сифатининг яхшиланишига қаратилган. Унга кўра, Қонунчилик палатасида амалга ошириладиган биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаси юзасидан маъруза билан, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили, кейинги ўқишларда эса масъул қўмита вакили сўзга чиқиши белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид