Жаҳон | 07:30 / 11.08.2020
19186
2 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уй олдидаги отишма сабабли матбуот анжумандан олиб чиқиб кетилди  

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз қўриқлаш хизмати ходимлари илтимоси билан матбуот анжуманни тўхтатди ва анжуман ўтган зални улар билан бирга тарк этди. Кейинроқ аниқланишича, бунга Оқ уй олдида юз берган отишма сабаб бўлган.

Фото: Reuters

Трамп журналистларга АҚШнинг иқтисодий муваффақиятлари ҳақида сўзлаётганда, махсус хизмат ходимларидан бири унинг ёнига келиб, ниманидир тушунтира бошлаган. Президент ундан нима гаплигини сўраган ва қисқача тушунтириш олгач, ҳеч нарса демай, матбуот анжуман ўтган зални тарк этган

АҚШ президенти ортидан унинг маъмурияти ходимлари чиқиб кетишган.

Бироқ бир неча дақиқа ўтгач Трамп залга қайтган ва Оқ уй яқинида отишма юз бергани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчига ўқ узиб, уни яралашганини маълум қилган. АҚШ президентининг айтишича, бошқа ҳеч ким жабрланмаган.

Трамп гумонланувчи унга нисбатан бирор ғараз ниятда бўлганидан бехабар эканини айтган. “Эҳтимол, бу ҳодиса менга умуман алоқаси бўлмаган”, деб айтган Трамп ҳамда “дунё ҳар доим хавфли жой бўлгани” ва бу воқеада бирор ғаритабиий нарса йўқлигини қўшимча қилган.

Трамп отишма вақтида журналистлар аввал тахмин қилганидек бункерга эмас, Овал хонага олиб кетилган.

Махфий хизмат отишма юз берганини тасдиқлаган. Таъкидланишича, отишмада махфий хизмат зобити иштирок этган. Қолган тафсилотлар кейинроқ маълум қилиниши таъкидлаб ўтилган.

CNBC телеканали маълумотларига кўра, яраланган эркак ҳушсиз ҳолатда Жорж Вашингтон университети шифохонасига етказилган. У кўкрак қисмидан жароҳат олган.

Мавзуга оид