Жаҳон | 14:59 / 15.08.2020
42610
3 дақиқада ўқилади

«Агар беларуслар дош беролмаса, бу тўлқин у томон силжийди»: Лукашенко Беларусдаги вазиятни Путин билан муҳокама қилмоқчи

Лукашенко Беларусдаги вазиятни Путин билан муҳокама қилмоқчи. Унинг сўзларига кўра, рўй бераётган воқеа бутун Иттифоқ давлатига таҳдид солади ва «Беларусни ҳимоя қилиш бошқаларга намуна» бўлиши керак.

Фото: Reuters

Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, президентлик сайловида 80 фоиз овоз олган Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан гаплашиб олиши кераклигини айтди. «Путин билан, Россия президенти билан боғланишимиз керак, мен ҳозир у билан гаплашишим лозим. Чунки бу энди фақатгина Беларусь учун хавф эмас», - деди сиёсатчи республикадаги вазият ҳақида. Лукашенконинг баёноти бўлган видео «Пул Первого» Telegram каналида эълон қилинди.

Лукашенкога кўра, бугунги кунда Беларуснинг ҳимояси «бутун Иттифоқ давлатини ҳимоя қилиш ишидан кам эмас». «Агар Беларусь дош бера олмаса, унда бу тўлқин унга қараб ҳаракатланади», - деди Лукашенко. Унинг таъкидлашича, «кўчада айланиб юрганлар» буни тушунмайди.

Ўз навбатида, уларни «мувофиқлаштираётганлар» ҳамма нарсани тушунади ва профессионал тарзда ишлаяпти, дея қўшимча қилди сиёсатчи. «Сунъий кадрлар, сохта нарсалар... Маълум бўлишича, Москвада менинг уйим ҳам бор экан», - деди Лукашенко. Унинг қайд этишича, ҳатто Беларусда ҳам кўчмас мулкка эга эмас. Шунингдек, у мамлакатни тарк этгани ва касал бўлганлиги ҳақидаги хабарларни ҳам эслади ҳамда улар сохта эканлигини айтди.

9 август куни республикада бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқа бошлади. Дастлабки кунларда намойишчилар кучишлатар тузилмаларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Намойишчиларга қарши енгил гранаталар, резина ўқлар, сув тўплари ишлатилди ва ўқотар қуроллардан фойдаланилди. Бир неча кун ичида 7000дан ортиқ одам қўлга олинди. Изоляторлар ва милиция бўлимларида бўлганларнинг сўзига кўра, кучишлатар ходимлар қўлга олинганларни калтаклашган. Беларусь ИИВ бу айбловларни рад этмоқда. 13 августдан бошлаб республика аҳолиси тинчлик акцияларига «бирдамлик ҳалқаси» шаклида чиқа бошлади.

Лукашенко Беларусдаги сайловлардан икки кун олдин Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Ўшанда сиёсатчилар республика ҳудудида 33 нафар россияликнинг ҳибсга олингани масаласини муҳокама қилишган. 14 август, жума куни Бош прокуратура июль ойининг охирида Беларусда ушланган 32 киши Россияга қайтганини маълум қилди. Яна бир шахс республикада қолган, чунки унда Беларусь паспорти бор.

Путин Лукашенкони президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан биринчилардан бўлиб табриклади. Аввалроқ, Лукашенкони ХХР раиси Си Цзиньпин ҳам табриклаган эди. 

Мавзуга оид