Жаҳон | 22:53 / 15.08.2020
6696
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Москвада уйи борлиги ҳақидаги маълумотлар ёлғонлигини айтди

«Минская Семибояршчина» Telegram-каналининг ёзишича, Беларусь президентининг Балашиха шаҳрида уйи бор. Унинг майдони 2572 квадрат метр бўлиб, Лукашенко бу уйни 27 млн долларга сотиб олган.

Фото: AP

Беларусь президенти Александр Лукашенко Москвада уйи борлигини рад этди. БелТА агентлиги унинг сўзларини келтирмоқда.

«Москвада менинг уйимни топишибди. Омма олдида айтмоқчиман: топган бўлсангиз уни олиб қўйинг. Беларусда қишлоқдаги расмий қароргоҳимдан бошқа кўчмас мулким йўқ. Йўқ, булар ёлғонларни бошлашди» — деди Александр Лукашенко.

Лукашенко шунингдек, унинг Беларусни тарк этишга урингани тўғрисидаги хабарни ҳам ёлғон деб атади. Унинг сўзларига кўра, халқда «ёмон кайфият» уйғотиш учун мана шундай хабарлар тарқатилмоқда.

Москвада Александр Лукашенконинг уйи борлиги тўғрисида «ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали маълум қилганди. Қайд этилишича, Лукашенко Москвага ташрифи вақтида «Воробьеви гори»даги кошонада турган. Бу ерда бир нечта бино бўлиб, улардан бири гўёки Лукашенконики.

«Минская Семибояршчина» Telegram-каналининг ёзишича эса, Беларусь президентининг Балашиха шаҳрида уйи бор. Унинг майдони 2572 квадрат метр бўлиб, Лукашенко бу уйни 27 млн долларга сотиб олган.

Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда Александр Лукашенко ғалаба қозонди. Сайлов ўтганидан буён республикада норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид