Жамият | 10:30 / 15.08.2020
14317
7 дақиқада ўқилади

«Танқид қилган инсонни ёмон кўриш позициясидан четланишимиз керак» – блогер Шавкат Ҳасан билан суҳбат

Волонтёрлик – феномен. Ижтимоийдан ошиб ўтиб, кўпроқ руҳий-маънавий деб аташга арзигулик феномен. Унинг негизида инсон қалбида ҳосил бўладиган сирли, тадқиқ этилмаган кечинмалар ва бу кечинмалар ортидан келадиган «тушунарсиз» ҳаракатлар ётади – қандайдир куч инсонни бошқа инсонларга, жамиятга эвазсиз хизмат кўрсатишга ундайди.

Биз пандемия даврида фаол волонтёр сифатида кўплаб ҳамюртларимиз оғирини енгил қилаётган блогер Шавкат Ҳасан билан суҳбатлашдик.

Суҳбатимиз аввалида Шавкат Ҳасандан Чирчиқ шаҳридаги волонтёрлик фаолияти, эришган натижалари ҳақида сўрадик. Шунингдек, интервьюда унинг ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган пости ва шу постни чиқариши ортидан босимга учрагани борасида ҳам сўз борди.

– Куни кеча Facebook'да эҳтиросли бир чиқиш қилдингиз. Анча изоҳларга сабаб бўлди. Чиқишингиз сабабини тушунтириб берсангиз.

– Ижтимоий тармоқда жонли тарзда чиқишимга волонтёрларимиздан бирининг отаси пневмониядан вафот қилгани сабаб бўлди. Ҳозирда Чирчиқ шаҳрида кислород концентраторларидан бепул, вақтинча фойдаланиш хизматини йўлга қўйганмиз. Бизда 10 дона шундай ускуна бор. Ўша волонтёримизни отасининг аҳволи оғирлашиб қолди. Сатурация, яъни қондаги кислород миқдори 40 фоизгача тушиб кетди. Касалхонага ётқизилди, у ерда шароитлар ёмон экан.

Кислород аппарати керак бўлди ва биз ўша жойга олиб бордик. Оталарига уладик ускунани. 40 фоизга тушган сатурация 80 фоизга кўтарилди.

Бемор ўша куни фарзандларига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраган. Шифокорлар шароитлари яхши эмаслигини айтишган, «экстренный»га борсанглар, ҳамма шароитларни қилиб беришади», дейишган. Тез тиббий ёрдам машинаси чақиртирилди, зудлик билан олиб бориш кераклиги айтилди, бемор ўпкасининг 75 фоизи хасталаниб бўлган эди. У ерга ҳам қўнғироқ қилинган «бемор кетяпти, кутиб олинглар» деб. Етиб боргандан сўнг бемор кўчада, машинада ярим соат қолиб кетган, шунча вақт ичкарига олиб киришмаган. Кейин ҳарбийлар бемор келганини эслатиб, ичкарига олиб киритишди. Унда ярим соат чамаси ўтганидан кейин, шифохонадан бизнинг волонтёримизга яширин рақамдан қўнғироқ бўлиб, «отанг ўлди» дейилди. Майитни олиб чиқишга тўрт ярим соат вақт сарфладик.

Шифохонадагилар жасад учун машина чақиришганини айтишди. Ўша жойда муаммога дуч келдик. Машина келишини кутдик. Шифохона раҳбаридан: «Бемор нима учун ярим соат кўчада қолиб кетди», деб сўраганимизда, у томонидан турли хил гаплар айтилди, гапларнинг орасида «бизда лифт ишламайди» дейилди. Лифт ишларкан-у, лекин фойдаланиш мумкин эмас экан...

Шавкат Ҳасан

– Бу камчиликларнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Мен ўша видео чиқишимда ҳам айтганман, соғлиқни сақлаш тизимига «чириган» деган сўзни ишлатганман. Ҳиссиётга берилган вақтдаги сўз. Лекин мен шунақанги фикрда қолавераман. Соғлиқни сақлаш тизими нотўғри йўлга қўйилган. У ерда марказлашув деган нарсани кўрмадим. У шифокорга борсанг, «мен билмайман», дейди, бунисидан сўрасанг, «билмайман» деб айтади. Учта бино бир-бири билан келиша олмайди.

Агар улар ўзаро хабарлашиб ишлаганида эди, тезлик билан ишлаш имконига эга бўларди. Шунақа вазиятларда шифокор шифокорга эмас, оператор операторга нисбатан айтиб қўйса, рўйхатга киргизиб қўйса ва «ҳозир оғир аҳволдаги бемор келади», деб хабар берса, тайёр турса... Тўғри тизим бўлганида эди, бунақанги тартибсизликни биз кўрмас эдик.

– Ижтимоий тармоқдаги чиқишингиздан кейин сизга босимлар бўлибди. Шу ҳақида ҳам айтиб ўтинг.

– Бевосита ўзим билан ҳеч ким алоқага чиққани йўқ. Нима бўлди, деб сўрамади. Лекин ўша куннинг ўзида, биз соат 20дан 13дақиқа ўтганида видео чиқарган бўлсак, уйимизга етиб бормасимиздан олдин отам телефон қилдилар. Кимдир отамга қўнғироқ қилганини, агар ўғлини, яъни мени йиғиштириб олмаса, бизга нисбатан жудаям бир катта иш қилиниши, керак бўлса қамаб қўйиш ҳақида айтилибди. Отамдан сўрадим: «Ким қўнғироқ қилди, қайси рақамдан қўнғироқ қилди?» Буни айтмадилар. Шунчаки, отам орқали менга босим бўлди.

Отамнинг ҳолатидан англадимки, фаолиятим гўёки давлатга хиёнатдек тушунтирилган. Ва отам шу даражагача бордиларки, «агар сен шу фаолиятингни – танқид қилиш, обрўсизлантириш ишларингни тўхтатмайдиган бўлсанг, сендан воз кечаман», дедилар. Мени қизиқтирадиган нарса, қандай қилиб инсонни шу даражага олиб бориш мумкин?

Мен буни цензуранинг – сўз эркинлигига қарши курашнинг янгича кўриниши деб баҳоладим. Яъни буни инсонга бевосита таъсир қила олмаганидан кейин, яқинлар орқали таъсир ўтказиш орқали цензура қилиш кўриниши деб баҳолайман.

Шавкат Ҳасан

– Блогерлар, давлат, волонтёрлар ва ОАВ. Сиз буларни эртанги кундаги ўзаро муносабатини қандай кўрасиз?

– Агарда ҳамкорлик яхши йўлга қўйилса, айтилаётган ислоҳотларга етиб борилади, деб ўйлайман. Шунчаки муаммони олиб чиққан инсонни таъқиб қилмаслик керак. Унга босим ўтказишни тўхтатиш керак.

Мен ўзимни ватанпарвар деб ҳис қиламан. Муаммони олиб чиқсам, у ечимини топса, инсонларга фойдали бўлади. Танқид қилган инсонни ёмон кўриш позициясидан четланиш керак. Давлатимиз раҳбари ҳам айтадилар-ку, «танқид қилиш керак, танқид қилинглар, қарсакбозликни тўхтатиш керак, ютуқ ўзимизники, лекин камчиликларни устида ишлаш керак», деб.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Шавкат Ҳасан интервью давомида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ва Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Юлдашева ўртасидаги кислород аппаратлари билан боғлиқ низо ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Бу масалада аввалроқ ҳар икки томоннинг позицияси берилган эди.

Биз хулоса ўрнида ошкоралик нақадар муҳим эканини таъкидлашни истардик. Айтайлик, хонанинг бир бурчаги қоронғулик остида, у ерда нима борлиги кўринмаяпти, балки у ерда ахлат тўлиб қолгандир. Ошкоралик, бу – «прожектор. Ўша бурчакни ёритади ва нима борлигини кўрсатади, ўша ахлатларни йиғиштиришга имкон беради.

Агар ошкоралик бўлмаса, ҳамма ёқ зулматга чўмиб, ахлатга ботиб қолиши эҳтимоли бор. Биз бу юртни бегонага эмас, фарзандларимизга қолдираётганимизни ҳис қилишимиз керак. Муаммоларни ошкоралик воситасида ҳозир йиғиштириб олмасак, эртага болаларимиз ҳам худди шу муаммолар билан ҳаёт кечиради.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид