Ўзбекистон | 11:40 / 16.08.2020
15365
14 дақиқада ўқилади

Интервью: Инҳа ректори университетларнинг бренд масаласи, стипендия тизимига қаршилиги ва контракт тўловлари ҳақида

Бир муддат аввал Kun.uz сайтида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов билан уюштирилган суҳбатнинг биринчи қисми эълон қилинган эди.

Унда Ўзбекистондаги ва хорижий ОТМлардаги ўқиш сифати, маҳаллий олий таълим муассасаларимизга халқаро рейтингларда юқорилаш учун етишмаётган омиллар, ИНҲАнинг нега ҳалигача Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилмагани, коррупциясиз ҳам ташкил қилинаётган кириш имтиҳонлари ҳамда университетда ўқув жараёнларига оид бошқа мавзулар муҳокама қилинганди.

Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин. Унда университетларга тайёрловчи пулли курслар очиш масаласи, ИНҲАнинг ҳали ҳам аккредитациядан ўтмагани сабаблари, битирувчиларнинг ишга жойлашиши, университетларнинг бренд масаласи, стипендия ва контракт тўловлари ва бошқа мавзуларда сўз боради.

— ИНҲА университетининг абитуриентлар тайёрловчи ўз пулли курслари бор.

Бу курсларда ўқиган кўпчилик ёшлар эшитишимизга қараганда, жанубий кореялик мутахассислар томонидан олинган имтиҳон натижаларига кўра, ИНҲА университети талабасига айланади.

Айтинг-чи, маҳаллий ОТМларимизда ҳам шундай пулли курслар ташкил қилиш қанчалик самара беради? Шунингдек, сизнингча, бу каби пулли курсларни бизнинг ОТМларда очиш учун нима халақит бермоқда?

— Бу тайёрлов курслари нафақат ИНҲАга, балки, бу курсларда ўқиб сиз ўзингиз хоҳлаган бошқа университетларга ҳам киришингиз мумкин.

Бу курсларда асосан учта йўналиш: математика, физика ва инглиз тилида абитуриентлар тайёрланади. Бу тайёрлов курсларида ўқиган ёшлар учун биз алоҳида квоталар ажратамиз, буям бор. Чунки бу дастурни кореялик мутахассислар назорат қилиб туради. Тайёрлов курси бўлса ҳам.

Биласизми, бизда университет қошида академик лицей йўқ. Агар лицей ёки коллежимиз бўлганда эди биз шу тизимни кучайтирган бўлардик. Ҳозир биз тайёрлов курсларига 200 ёки 300тадан кўп бола ололмаймиз.

Бу тайёрлов курсларимиз 9 ойга мўлжалланган. Лицейларда шуни чуқурроқ ўргатиш мумкин.

Менимча, ОТМлар қошида пулли курслар ташкил қилишдан қочиш керак эмас. Бизда шундай муаммо бор: қайсидир лойиҳани пулли қилсангиз атрофдагилар дарров гапиради, «бу чўнтагига пул ишлаш учун қиляпти», деб.

Ваҳоланки, сиз қайсидир тизимни ривожлантириш учун малакали ўқитувчиларни жалб қиламан десангиз, у арзон турмайди. Дейлик, сиз математика соҳасида халқаро даражадаги малакали ўқитувчини жалб қиламан десангиз, унга халқаро даражада пул тўлашингиз керак.

Биз тайёрлов курсларига чақирилган ўқитувчиларга ҳам катта пул тўлаймиз. Шу сабабли ҳам, тайёрлов курсларимиз пулли ташкил қилинган.

— Ҳозир бу тизимни йўлга қўйиш учун рухсат йўқми ёки университетларни ўзи шу тизимни йўлга қўя олмаяптими?

— Саволингизга аниқ жавоб бера олмайман. Чунки нотўғри жавоб бергандан кўра тўғрисини айтиш керак. Лекин шу тизимни бўлгани фойдалироқ.

— Интервьюга тайёргарлик давомида ИНҲА университетини Ўзбекистонда ҳали ҳам аккредитациядан ўтмаганини аниқладим. Хўш, нега бу жараён нуфузли университетда кечикмоқда? Бунга ҳафсаласизлик сабабми ёки бошқа қандайдир бюрократик тўсиқлар бўляптими?

Адашмасам, янги очилган университетлар 5 йилда аккредитациядан ўтиши керак.

— Университет 2014 йилда президент қарори билан очилган эди. Қарорда университетнинг 5 йил ичида аккредитациядан ўтган деб ҳисобланиши айтилган эди. 2019 йилда 5 йил ўтди. Биз бу муддат ўтишини ҳам кутмай ёзда ҳаракатларни бошладик.

Биласизми, акрредитациядан ўтиш бир неча босқичлардан иборат бўлади. Бунда акрредитациядан ўтказиш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси масъул орган ҳисобланади. Биринчи босқичда инспекция бизни аккредитациядан ўтказишни ўз режасига киритади. Бизни университет 2020 йилнинг апрель ойида шу жараёндан ўтиши белгиланди.

Иккинчи босқич эса улар юборган саволнома асосида жойида ўрганиш ташкил қилиш. Яъни, ҳақиқатда шу университет борми, айтилган талаба ўқияптими, аудитория, ўқитувчилари борми мазмунида.

Биз бу босқичлардан ҳам ўтдик. Бизда фақат учинчи босқич қоляптики, бу талаба ва профессор, ўқитувчиларнинг билимини баҳолаш. Айнан шу босқичда тўхтаб қолганимизнинг сабаби бу – карантин. Агар карантин бўлмаганда биз шу пайтга қадар аккредитациядан ўтиб бўлган бўлардик.

— Буни нега сўрадимки, шу университетни битирган ва кейинги босқични чет элда ўқимоқчи бўлган ёшлар Германия ёки Европанинг бошқа давлатларида муаммога дуч келган. Улар айни аккредитация муаммоси сабаб ўқишга киролмай қолган.

— Тўғри айтаяпсиз. Бу ҳақиқатда бор муаммо. Шу муаммони ҳал қилиш учун ҳам биз ҳозир Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда ишлаяпмиз.

Университетимиз президент май ойида олий таълим бўйича тасдиқлаган қарор бўйича йилни охиригача аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади. Биз кузда ўқитувчи ва талабаларимизнинг билимини баҳолаш жараёнини тўлиқ тугатамиз.

Бизда ҳозирга қадар икки марта битирувчилар чиқди. Улар ҳозир ҳам чет элдаги халқаро университетларда ўқишяпти. Муаммо фақат Германия билан. Чунки Германияда грандлар кўп бўлгани учун бизнинг талабалар ҳам кўпроқ Германияга ўқишга топширишади.Лекин Германия жудаям консерватив давлат.

Уларда махсус «анабин» номли бир база борки, биз унга кирганмиз, лекин ҳали ҳам минус кўрсаткичда турибмиз. Худо хоҳласа, шу йилни охиригача бу жараёндан тўлиқ ўтамиз.

— Маҳаллий Олий таълим муассасаларида бир муаммо бор, бу –битирувчиларнинг ишга жойлашиши масаласи.

Жуда кўп ҳолатда университетлар сўралган жойларга битирувчиларни ишга жойлашди деган сохта ҳужжатларни бериб юборишади.

ИНҲА университетида саноат ва иш берувчилар билан ҳамкорлик тизими қандай йўлга қўйилган? Бу борада университетнинг маҳаллий ОТМларга жорий қилиш мумкин бўлган тажрибаси борми?

— Биласизми, бу ерда биринчи омил университетнинг бренди масаласи. Шу омил жуда муҳим. Ҳозир ИНҲА талабаси дейишса бошқача қарашади. Мен бу ерда IT дастурлаш ва инглиз тили даражаси томонлама гапиряпман.

Шунингдек, бу ерда яна бир омил бор, бу – диплом масаласи. Бизда ўтган йилдан бошлаб талабаларга халқаро даражадаги Жанубий Корея университетининг дипломи берилмоқда.

Тасаввур қилинг, талабамизда ҳукумат тасдиқлаган халқаро даражадаги университет дипломи ва билим бор. Албатта унга 3 курсдан бошлаб талаб катта бўлади. Бизнинг талабаларни тўртинчи курсга келиб тўлиқ саралаб олишади.

Улар айтишадики, биз 10 та талабангизга гранд берамиз, шартномаларини тўлаб берамиз. Бизга шуларни беринг, деб.

Бизда махсус бўлим очилган. Бу бўлим талабаларни ўқиш ва саноат билан боғлаш учун маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан ишлайди.

— Демак бу ерда ҳамма нарсани бренд масаласи ҳал қилади?

— Албатта.

— Яқинда олган маълумотим бўйича, университетда талабаларга стипендия тўланмас экан. Уларни рағбатлантириш учун эса бошқа турли услублардан фойдаланилади.

Айтинг-чи, талабага стипендия тўламасдан қилинадиган бу рағбатлантириш қандай ишлайди?

— Ҳақиқатдан, бизни университетда талабалар стипендия олмайди. Бизда стипендия тизими йўқ.

Тўғрисини айтсам, мен ўзим ҳам стипендия тизимига қаршиман. Биламан, талабалар бу фикримни қўллаб-қувватлашмайди, лекин шахсий фикрим бўйича, стипендия болани бузади.

Талабани ўқишга бошқа тарафдан қизиқтириш керак. Биз бунинг ўрнига талабани рағбатлантириш тизими орқали ишлаймиз. Бу тизим бизда ҳар йили қайта кўриб чиқилади.

Университетимизда ўнта гранд бор. Яъни, бу талабалар ўқишга кирганда бериладиган гранд. Ҳар йили 420 нафар талабани ўқишга қабул қилсак шундан ўнтасига гранд берилади. Лекин бу гранд ҳам талабаларга охирги курсгача берилмайди.

Дейлик талабанинг ўртача ҳисоб бали йил якунига қараб умумий талабаларнинг сонининг ўртасидан тушиб кетса у грандидан маҳрум бўлади.

Энди ҳар йилги рағбатлантириш тизими ҳақида.

Талаба ҳар семестр охирида GP номли рейтингга ўхшаш тизим бўйича рейтинг қилинади. Унга кўра, энг юқори балл тўплаган 10 нафар талаба кейинги семестрнинг контракт тўловидан озод қилинади. Бу 100 фоизли гранд. Кейинги 10 нафар талаба 75 фоиз, кейинги 10 нафари 50 фоиз. Биз шундай қилиб ҳар йили 20 нафар талабани университетнинг ички тартиби бўйича рағбатлантирамиз.

Энди стипендиялар ҳақида.

Бизда халқаро ҳамкорлар, иш берувчилар томонидан бериладиган грандлар бор. Бундан ташқари, ҳар йили 10 нафар талабамиз ёзги таътил пайтида Жанубий Кореяга бориб, бир ой бепул ўқиб келади.

Мен ўзим магистратура босқичини Жанубий Кореяда ўқиганман. Уларда «scholarships» дейишади, ҳақиқатда гранд ютганман. Ва грандим фақат ўқишимни тўлаб берган.

Бундан ташқари, рақамли сигналларни бошқариш лабораториясида ишлардим. Бу ерда профессорим маълум бир ойлик тўларди. Бу ҳам бир рағбатлантириш эди. Биз бу лойиҳаларда ишлаб ўзимизни кўрсатардик.

Ҳозир маҳаллий университетларимизда кўпчилик талабалар баҳо учун ўқийди. Улар ўқитувчига стипендияни яхшироқ олмоқчи эканини айтиб, домладан яхшироқ баҳо қўйиб беришни сўрайди. Ўртага пул, коррупция аралашади.

Стипендияни олиб ташлаш керак. Талабалар нотўғри тушунишадики, уни контракт суммасига боғлашади. Йўқ, бу алоҳида мавзу. Чунки университетнинг харажатлари турибди.

Стипендия тўловлари давлат томонидан қопланаётгани учун ўйлайманки, шу тизимни кўриб чиқиш керак. Тўғри, талабани рағбатлантириш керак, лекин ҳозирги стипендия тўлаш тизими талабани фақат бузади.

Маҳаллий ОТМларда контракт суммаси шундоқ ҳам кичкина.

Мана сентябрдан ўқишлар онлайн бошланади, лекин кўпчиликда нотўғри тушунча бўляптики, ўқиш онлайн бўлса, харажатлар камайиши керак.

«Биз университетга бормаймиз-ку, нега бунча пул тўлашимиз керак?», дейишади. Кечирасиз-у, биз ўқитувчиларга ҳалиям ўша суммани тўлаяпмиз, кореялик ҳамкорларга тўлайдиган пулимиз бор.

Яқинда онлайн дарслардаги яккаланишни ҳисобга олиб, интернет учун янги сервер сотиб олдик. Бизда қайтанга харажатларимиз ошиб кетди.

Талабалар тўғри тушуниши керакки, дарслар онлайн бўлгани билан, контракт суммасининг ўзгаришсиз қолаётганини ўзи катта нарса. Маҳаллий ОТМларда ҳам шундай. Бу ерда давлат харажатларнинг катта қисмини тўлайди.

Агар ҳозир контракт суммаси камайса, таълим сифатини қандай қилиб ушлаймиз?

— Интервью учун ўзим тайёрлаган саволлар якунланди. Энди эса, қарши бўлмасангиз, университет талабаларининг ўзлари билан гаплашиб олган саволларимни сизга берсам.

— Марҳамат.

— ИНҲА университетининг А биносида учта кутубхона бор эди. Биринчи қаватдаги кутубхона жуда тинч ва дарс қилиш учун қулай жой эди. Яқиндан кутубхонани 4 - қаватга кўчириб ўрнини coworking марказга ижарага бериб юборишди.

Ҳозир иккита кутубхонада талабалар анча сиқилиб қолган ва дарс тайёрлаш учун имконият яхши эмас. Нега яхши бир кутубхона ўрнини бизга кераксиз coworking учун бериб юборишди?

— Бу ерда озгина нотўғри талқин бўляпти. Биз ҳеч нарсани ҳеч кимга ижарага берганимиз йўқ. Бу ерда coworking марказ талабаларнинг ўзи учун қилинди.

Бу ерда ҳам ўқиш, ҳам coworking марказ бўлади. Биз бу ерда талабаларни саралаб олиб, махсус ўқитиш хонасини ташкил қилдик.

Бу ерга четдан одам кирмайди. Бизда ҳақиқатдан бино етишмовчилиги муаммоси бор. Бизда аввал ҳам кутубхона 3-қаватда эди ва уни ўз жойига қайтардик.

— Университетнинг e-Class номли интернет тизими бор. Бу ерда талабалар уй вазифаларни бажаришади. Лекин сайтга кириш муаммо, худди 90-йиллардагидек. Homeworkdeadline пайтлари умуман очиб бўлмайди.

— e-Class тизими бу Корея университетининг тизими. Чунки уларни серверида туриши керак. Юқорида айтганимдек, бизда ўқув тизими тўлиқ Кореядаги мутахассислар томонидан назорат қилинади. Биз ўтган йилдан бери таклиф беряпмиз уларга бу тизимни ва тезликни яхшилаш бўйича.

Бу йил тизимни ўзимизнинг серверга кўчириш бўйича улар билан келишдик. Худо хоҳласа, аҳвол албатта яхшиланади. Тезлик ҳам ошади.

— 3 йил аввал ИНҲА раҳбарияти талабаларга ўзимизнинг талабалар ётоқхонасини очиш бўйича ваъда берган эди. Аммо мана шунча вақт ўтдики, талабаларимиз ҳамон ТАТУнинг ётоқхонасида ижарада туришади.

— Тўғри, ётоқхона масаласи мен учун энг стратегик масалалардан бири. Тўғрисини айтсам, бугун ректорлигимга икки йил бўлди. Бу ерга келганимда ўзимга бир нечта стратегик вазифалар белгилаб олганман. Бу: Кореяни диплом масаласини ҳал қилиш, магистратура очиш (янги йилдан очяпмиз буни ҳам) ва ётоқхона масаласи.

Ваъда бераман, янги ўқув йилида уни ҳам албатта очамиз.

— Бу йил битираётган талабалар аудиторияда 100-120 киши бўлиб ўтирдик. Чет элдан келган профессорларимиз ҳам бироз қийналишди. Чунки шунча талабага дарс ўтиш жуда қийин.

— Тўғри, бу муаммо ҳам бор. Профессор ўқитувчиларда баъзи бир фанлар бўйича юкламаси катта. Ўқитувчиларни кўпайтириш масаласини биз бу ўқув йилидан кўрдик. Яъни, эндиликда ҳар битта профессорга талабалар сони аудиторияда 40-50 нафардан ошмайдиган бўляпти.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид