Ўзбекистон | 23:06 / 16.08.2020
17210
4 дақиқада ўқилади

ССВ COVID-19'дан даволаётган хусусий шифохоналар атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди

Тошкентда 21та, вилоятларда 4та хусусий шифохона коронавируcга чалинган беморларни даволаб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус беморларини даволовчи хусусий клиникалар атрофида бўлаётган мунозараларга муносабат билдирди. Вазирлик изоҳига кўра, бунга «маълум маънода амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлардан бехабарлик ҳам сабаб бўляпти».

Қайд этилишича, 2020 йил 26 мартдаги президент қарорида коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун хусусий шифохона ССВ билан тегишли шартномани тузганидан кейингина бу йўналишда фаолият бошлаши лозимлиги кўрсатилган.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳам нодавлат тиббиёт муассасалари санитария-эпидемиология қоидаларига, ССВ тасдиқлаган ва халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиши лозимлиги белгиланган.

«Тиббий фаолиятни юритишга қўйилган талаблар давлат шифохоналари учун ҳам, хусусий шифохоналар учун ҳам бирдек амал қилади. Шунинг учун мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар бир тиббиёт муассасаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг диагностика ва даволаш стандартларига тўлиқ риоя қилиши шарт, — деган вазирликнинг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. — Бу талаблар бузилган тақдирда, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат тиббиёт муассасаларида бевосита тиббиёт ходимларига нисбатан чора кўрилади. Хусусий шифохоналарда эса тиббий фаолиятга олинган лицензия суд тартибида бекор қилиниши кўзда тутилган».

Маълум бўлишича, 4-6 август кунлари Тошкентдаги коронавирусга чалинган беморларни даволаётган 14та хусусий шифохона мониторинг қилинганда, улардан 7таси юқорида назарда тутилган шартномани имзоламасдан фаолият кўрсатгани аниқланган.

«Ўрганилганда, уларнинг аксариятида қатъий риоя қилиниши лозим бўлган «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудуд қоидаларига амал қилинмагани, аниқ бир даволаш тактикаси мавжуд эмаслиги, инфузион суюқликлар ва антибиотикларни керагидан ортиқ қўллангани маълум бўлди. Бу ҳолат, табиийки, юқумли касалликнинг тиббиёт ходимларига юқиши билан бирга, энг ачинарлиси, беморлар аҳволининг оғирлашишига ҳам сабаб бўлади», – дейди Фарҳод Раҳимқулов.

Унинг сўзларига кўра, айрим хусусий шифохоналарга коронавируснинг енгил шакли билан ётқизилган беморларнинг аҳволи кейинчалик ёмонлашиб, касаллик оғир шаклга ўтиб кетгач, давлат тиббиёт муассасасига ўтказилгани ёки вафот этгани аниқланган. Шифохоналарда зарур ускуна ва жиҳозлар, соҳа бўйича мутахассислар етишмаслиги бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга имкон бермаган.

«Тўғри, оғир дамларда беморларни қабул қилиб, тегишли даволаш стандартлари ва тавсиялари асосида коронавирусга чалинганларга тез ва сифатли тарзда тиббий хизмат кўрсатиб, мураккаб вазиятни юмшатишда яқиндан ёрдам берган хусусий шифохоналар ҳам талайгина. Шу ўринда уларнинг фаолияти чинакам эътирофга ҳақли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий шифохоналарга коронавирусни даволаш бўйича хеч қандай чеклов қўймаган. Фақат ушбу фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш лозимлигини, агар тартибга риоя қилинмаса, ҳуқуқий таъсир чораси мавжудлигини эслатиб келмоқда, холос», – дейилади расмий муносабатда.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда Тошкент шаҳрида 21 та, вилоятларда 4 та хусусий шифохона коронавируc инфекциясига чалинган беморларни даволаб келмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 7 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган йиғилишда коронавирус беморларини даволовчи хусусий клиникалар устидан назорат кучайтирилиши маълум қилиниб, даволаш стандартлари бузилса, клиниканинг лицензияси суд орқали бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилганди.
  • Таниқли шифокор, «Doctor D» клиникаси асосчиси ва раҳбари Дилмурод Иргашев ССВнинг бу баёноти юзасидан танқидий фикрларини билдириб чиқди.
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори Сенатнинг соғлиқни сақлашга масъул қўмитаси раиси Одилжон Иминовда ҳам эътироз уйғотди. Сенатор ўз муносабатида вазирлик олдига қатор саволларни қўйганди.

Мавзуга оид