Спорт | 10:31 / 18.08.2020
4477
7 дақиқада ўқилади

«Арсенал» яна Франциядан футболчи олмоқчи, Перишичга Англиядан таклифлар бор. Сўнгги трансфер хабарлари

Tribuna.uz куннинг асосий трансфер янгиликларини тақдим этади.

«Челси» марказий ҳимоячи Льюис Данк юзасидан келишувга эришди. «Брайтон»нинг 28 ёшли футболчиси учун лондонликлар 40 миллион фунтдан воз кечишлари мумкин. Ўтган мавсумда ҳимоячи 36 ўйинда майдонга тушди, 3 гол уриб, 3 марта шерикларига голли узатма амалга оширди. Данк учун Лондоннинг бошқа клуби «Тоттенҳэм» ҳам даъвогарлик қилаётганди. (Манба: Sun Sport)

«Аталанта» «Локомотив»нинг ҳужумкор яримҳимоячиси Алексей Миранчук учун рақобатда «Милан»ни доғда қолдирмоқда. Италия матбуоти ушбу трансфер суммасини 15 миллион евро атрофида баҳолаяпти. Айтилишича, томонлар шу кунларда бир стол атрофида йиғилиб, 24 ёшли футболчи учун якуний тўхтамга келадилар. (Манба: Calciomercato)

«Наполи»дан «Эвертон»га ўтишга яқин турган Аллан якунда Испанияга кетиб қолиши ҳам мумкин. «Атлетико» 29 ёшли яримҳимоячи учун «Эвертон» таклиф қилаётган 40 миллион еврони бера олишларини маълум қилди. Шу билан бирга, мадридликлар футболчига яхшироқ маош таклиф қилишлари ҳам мумкин. Аллан ўтган мавсумда 23 ўйинда майдонга тушди ва 2 гол муаллифи бўлди. (Манба: Марса)

«Уотфорд» дарвозабони Бен Фостер учун «Челси» ва «Эвертон» даъвогарлик қилишмоқда. Ҳар икки клуб ҳам тажрибали Фостерни асосий дарвозабонларига ўринбосар сифатида қарашмоқда. «Уотфорд» АПЛни тарк этди ва 37 ёшли дарвозабон шу ёзда жамоани тарк этмоқчи эканини маълум қилганди. (Манба: Daily Mail)

«Ливерпуль» Тиаго Алкантара билан шахсий шартнома шартларини келишиб олган ва унга кўра испаниялик футболчи 4 йил Ливерпулда тўп суради. Тиаго аллақачон Англияда ўзига уй топган ва якуний музокараларни кутмоқда. Трансфер суммаси дастлаб, 30 миллион евро баҳоланаётганди, аммо «Манчестер Сити», «Ювентус» каби талабгорлар пайдо бўлгач, 40 миллион евро ҳақида гап бормоқда. (Манба: RMC Sport)

«Вердер» Тахит Чонг бир йиллик ижарага олинганини расман эълон қилди. Бременликлар «Манчестер Юнайтед»нинг 20 ёшли вингерини 1 мавсумга ижарага олди, аммо якунда сотиб олиш функцияси кўзда тутилмаган. (Манба: клуб сайти)

«Рома»нинг ўнг қанот литерали Алессандро Флоренци учун А Сериянинг бир қатор клублари даъвогар бўлиб туришибди. 29 ёшли футболчини «Аталанта», «Ювентус» ва «Кальяри» клублари ўз сафларида кўришмоқчи. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Флоренци «Валенсия»да ижара асосида ўтказганди, аммо ҳозирда иқтисодий инқирозга тушиб қолган испанлар футболчини сотиб олишни исташмади. (Манба: Sky Sport Italia)

«Милан» ўнг қанот ҳимоячиси Давиде Калабрияга Андалусия жамоалари ҳаридор бўлишмоқда. Миланликлар 23 ёшли футболчи учун камида 15 миллиони евро олишдан умид қилишяпти. Ўтган мавсумда Давиде 25 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урди. (Манба: Sport Mediaset)

«Челси»нинг собиқ яримҳимоячиси Жон Оби Микел футболчилик фаолиятини тиклашга қарор қилди. Яқин кунларда 33 ёшли футболчи Чемпионшип аъзоси «Сток Сити» билан шартнома имзолайди. Футболчининг сўнгги клуби Туркиянинг «Трабзонспор» жамоаси бўлганди ва у ушбу клубда пандемия билан боғлиқ танаффусгача тўп сурганди. (Манба: Nicolo Schira)

«Бавария» «Интер» билан Иван Перишични сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Мюнхенликлар 31 ёшли хорват учун 10-15 миллион евро тўламоқчи, бир йил олдинги келишувда эса, трансфер суммаси 20 миллион евро этиб кўрсатилганди. «Бавария» учун қийинчилик туғдириши мумкин бўлган жиҳат шундаки, Перишичга «Тоттенҳэм» ва «Лидс» қизиқиб турибди ва «Интер»га яхшироқ шартлар таклиф қилмоқда. «Тоттенҳэм» бош мураббийи Жозе Моуриньо футболчини қай даражада ёқтиришини ва икки йил уни Манчестерга олиб келмоқчи бўлгани яхши маълум. Перишич якунланган мавсумни «Бавария»да ижара асосида ўтказди ва 22 ўйинда қатнашиб, 4+6 натижа кўрсатди. (Манба: FCInterNews)

«Лилль» ҳимоячиси Габриэл Магальяэсани қўлга киритиш учун «Арсенал» ва «Наполи» кураш олиб боришяпти. «Тўпчилар» марказий ҳимоячи учун 25 миллион евро таклиф қилишаётган бўлса, италияликларнинг таклифи 3 миллионга кам, аммо 22 ёшли футболчи учун яхшироқ шартнома илгари суришмоқда. Неаполликлар Габриэлни «Манчестер Сити»га кетиши кутилаётган Калиду Кулибалининг ўринбосари сифатида кўришяпти, «Арсенал»да эса, шундоқ ҳам ҳимояда муаммолар мавжуд. (Манба: Nicolo Schira)

Шотландиянинг «Ҳартс» клуби чап қанот ҳимоячиси Аарон Ҳикини «Бавария», «Селтик», «Болонья» ва «Лион» ўз сафида кўрмоқчи. 18 ёшли футболчи Лига кашфиётларидан бири бўлди ва 22 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол муаллифи бўлди. (Манба: Gianluca Di Marzio)

«Реал»нинг марказий яримҳимоячиси Начо Фернандес «Бенфика»га ўтишга яқин турибди. Португалияликлар 30 ёшли футболчининг трансфери бўйича музокараларни бошлаб юборган. Ўтган мавсумда Начо Ла Лигада атиги 6 ўйинда майдонга тушди ва 1 гол урди. (Манба: Марса)

«Бавария» таянч яримҳимоячиси Хави Мартинес фаолиятини «Фиорентина»да давом эттириши мумкин. Немислар билан шартномаси келаси йили якунига етадиган испаниялик футболчини Италияга олиб келиш ишлари бўйича Франк Рибери шуғулланмоқда. Рибери ўтган йили «Бавария»дан «Фиорентина» таркибига ўтганди. (Манба: Sky Sport Italia)

«Барселона» ЕЧЛдаги қақшаткич зарбадан сўнг, биратўла 17 футболчини трансферга қўймоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу рўйхатда ҳатто уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес ҳам бор. Агар ушбу футболчилар борасида клуб яхши таклифларга эга бўлмаса, шартномани икки томонлама бекор қилишга ҳам рози. Маълумки, муддатидан олдин шартномаси бекор қилинганда, баъзи футболчилар бундай фойда кўрадилар – эркин агентга айланганликлари учун янада яхшироқ маош билан клуб топишлари мумкин. (Манба: Mundo Deportivo)

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид