Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёдаги вазият: Англияда тўйларга қарши кураш, Жанубий Кореяда яна оммавий касалланиш
Жанубий Кореянинг черковларидан бирида 300дан ортиқ диндор Covid-19 билан касалланди, Англия полицияси кўп меҳмонли тўйларни тарқатиб юборди, олимлар вирус штаммларининг юқумлилиги ҳақида баҳслашмоқда, Италияда тунги клублар ёпиқ.
Жанубий Кореяда яна черков вирус ўчоғига айланди
Жанубий Корея черковларидан бирида коронавирус авж олиши кузатилди ва натижада 300дан ортиқ ибодатчи касалланди.
Мамлакат ҳукумати «Саранг Жейл» протестантлик черковининг руҳонийси (пастор) Кван Хунни масъулиятсизликда ва карантин чекловларига бўйсунмасликда айблади. У шанба куни ибодатчиларни ҳукуматга қарши кўп кишилик намойишга чақирган. Эндиликда маршда қатнашганларнинг барчасига ўз-ўзини изоляция қилиш буюрилган.
Пастор, шунингдек, эҳтимолий касалларни аниқлаш учун зарур бўлган черков издошлари рўйхатини тақдим қилишни истамасликда айбланмоқда. Ёнҳап агентлиги хабар беришича, руҳонийнинг ўзида ҳам коронавирус аниқланган.
Президент Мун Жэ Ин черков аъзоларининг ҳукуматга қарши намойишда иштирок этганини танқид қилиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўйгани учун уларнинг ҳаракатини кечириб бўлмас деб атаган.
Маълум бўлишича, «Саранг Жейл» черковининг 60 мингдан ортиқ издошлари мавжуд.
Йил бошида шунга ўхшаш ҳолат «Синчонжи» христиан сектаси билан содир бўлганди. Ўшанда Жанубий Кореяда касаллик аниқланганларнинг ярми секта аъзолари билан боғлиқ бўлганди.
Англия полицияси тўйларни тарқатиб юборди
Якшанба куни Англия шимолида полиция жамоа бўлиб йиғилишга қўйилган чекловлар бузилгани учун иккита тўйни тарқатиб юборди.
Ланкашир графлигининг Блэкберн шаҳридаги тўй тантанасида 100дан ортиқ меҳмон йиғилган, Манчестердаги тўйга келганлар сони эса 50 нафардан ошиқ бўлган. Икки шаҳарда ҳам яқинда касаллик тарқалиши авж олганди ва шу сабабли карантин чекловлари амалда. Бу, хусусан, бирга яшамайдиган инсонларнинг тўпланишига ҳам алоқадор.
Англиянинг қатъий чекловлар амалда бўлмаган туманларида тўйга ташриф буюрувчи меҳмонлар сони 30 нафардан ошмаслиги керак.
Олимлар D614G штаммининг юқумлилиги борасида баҳслашмоқда
Малайзия соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, коронавируснинг дунёда доминантлик қилаётган янги D614G штаммини аниқлашди, у вируснинг илк штаммидан 10 баробарга кўп юқумлироқ.
Аммо юқумли касалликлар соҳасидаги экспертларнинг ҳисоблашича, ушбу рақамлар ҳеч қандай маълумотларга асосланмаган.
D614G мутацияси Уҳанда коронавируснинг илк авж олишидан кўп ўтмай юзага келган. Ҳозир у дунё бўйлаб Covid-19 мусбат намуналарининг деярли 97 фоизида мавжуд.

Июль ойида вирусологлар ушбу мутациянинг эволюцион афзалликка эгалигини, аммо шунингдек, унинг вируснинг бошқа штаммларига нисбатан кўпроқ юқумлилигини исботловчи далиллар етарли эмаслиги хабар қилганди.
Сингапур Миллий университети доктори Дейл Фишер BBC'га берган интервьюсида шундай деганди:«D614G мутацияли беморлар вирусни кўпроқ ажратишига доир баъзи лаборатор далиллар бўлганди ва шунинг учун у эҳтимолий кўпроқ юқумли бўлиши мумкин».
«Аммо шуниси аниқки, вирус тез тарқалаётган мамлакатларда назорат чораларида оқсашлар кузатилмоқда, шунинг учун назарий лаборатория маълумотларини вирусга қарши кураш чоралари ёмон аҳволда бўлган мамлакатларда жорий этиш мумкин эмас», - дея қўшимча қилди у. Филшернинг сўзларига кўра, ушбу штаммни 10 баробарга юқумлироқ деб айтиш учун ҳеч қандай асос йўқ.
Чехияда тиббий ниқобларга қайтилади
Чехияда 1 сентябрдан яна жамоат транспортида ва бошқа кўплаб жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлади. Бу мамлакатда кунлик ўсиш ҳолатлари ўса бошлагани билан боғлиқ.

Чехия март ойидаёқ Европада биринчилардан бўлиб жамоат жойларида тиббий ниқоб тақишни мажбурий қилганди, аммо эпидемиологик вазият яхшилана бошлагач, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилганди.
«Биз буни куз келиши арафасидаги огоҳлантириш деб ҳисоблаймиз. Кузда вазият оғирлашиши мумкин, айниқса 1 сентябрдан одамлар орасида мулоқот янада кўпаяди», деган мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех.
Янги қоидаларга кўра, дўконларда, жамоат жойларида, мактабларда ва бошқа жамоавий фойдаланиш биноларида тиббий ниқобда юриш мажбурий бўлади. Ресторанларда, барларда ва офисларда ниқоб тақиш шарт ҳисобланмайди.
Япония иқтисодиётида рекорд пасайиш
Япония иқтисодиёти 2020 йилнинг иккинчи чорагида замонавий тарихидаги энг чуқур пасайишни қайд этди. Апрель-июнь ойларида ЯИМ ҳажми аввалги уч ой билан таққослаганда 7,8 фоизга кам бўлган. Йиллик ўлчовда бу 27,8 фоизга тенг.
Мамлакат иқтисодиёти пандемия бошланганидан буён пасайиб келмоқда. Қаторасига учинчи чоракда ЯИМ пасайиши кузатилмоқда.
Японияда аҳоли учун жорий этилган чекловлар мамлакатда бизнес фаоллигига таъсир кўрсатган. Маҳсулотлар экспорти пасайди, хориждан сайёҳлар оқими тўхтади.
Испанияда янги чекловлар
Испаниянинг яна тўрт ҳудуди - Андалусия, Галисия, Кантабрия, Кастилия ва Леон - коронавирус авж олиши туфайли чеклов чоралари жорий этди. Ла-Риохе ва Мурсияда якшанба кунидан қатъий карантин бошланганди.
Мамлакат шимолидаги Басклар ўлкаси соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилишга тайёрланмоқда, бу орқали қўшни ҳудудлардагиданда қатъийроқ чеклов чоралари жорий этилиши мумкин.
Жонс Ҳопкинс Университети маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён Испанияда қайд этилган жами касалланиш ҳолатлари сони 342,8 мингдан ошди, шундан 28,6 минг бемор вафот этган.
Бошқа мамлакатлардаги аҳвол
- Перуда кунлик касалланиш кўрсаткичи бўйича рекорд қайд этилди6 10,1 мингдан ортиқ ҳолат. Расмий статистикага кўра, мамлакатда пандемия бошидан бери 525 минг киши Covid-19 билан касалланган. Соғлиқни сақлаш вазири Пилар Маццети пандемия бошида қатъий карантин жорий этилмаганда ўлимлар сони ярим миллиондан ортиши эҳтимоли бўлгани ҳақида гапирган, ҳозир эса бу рақам 26 мингни ташкил қилмоқда.
- Боливияда тасдиқланган ҳолатлар сони 100 мингдан ошди, аммо экспертлар бу ҳали ҳаммаси эмаслиги, касаллик пики сентябрда кузатилишдан огоҳлантирмоқда.
- Британияда Франция, Нидерландия, Монако, Мальта, Теркс ва Кайкос ороллари ҳамда Аруба оролларидан келувчилар ушбу мамлакатларда кузатилган вирус ўчоқлари сабабли икки ҳафталик ўзини изоляциялаш тартибига амал қилишга мажбур.
- Италияда янги касалланиш ҳолатлари ортиб кетгани туфайли тунги клублар 3 ҳафтага ёпилди. Мамлакатнинг баъзи туманларида соат 18:00 дан тонгги олтигача ниқобда юриш шарт. Бу вирусни аксарият ҳолатларда ёшлар юқтираётгани билан боғлиқ.
- Янги Зеландия коронавирус юқтиришнинг янги ҳолатлари аниқлангандан сўнг парламент сайловларини кўчиришга қарор қилди. Бош вазир Жасинда Ардерннинг хабар қилишича, 19 сентябр санасида ўтказилиши керак бўлган овоз бериш жараёни 17 октябрда ташкил этилади. Расмийлар аввалроқ мамлакатнинг энг катта шаҳри Оклендда карантин чоралари жорий этганди.
- Хитой мамлакатда сўнгги бир ой ичида илк марта бирорта янги касалланиш ҳолати қайд этилмагани ҳақида эълон қилди. Мамлакатда сўнгги марта 14 июль куни янги касалланиш ҳолат қайд этилмаганди. 15 июлда Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудидаги Урумчи шаҳрида яшовчи аёлда Covid-19 учун тест мусбат натижа берганди. Ушбу ҳудудда касаллик тарқалиши туфайли 600дан ортиқ кишида коронавирус аниқланди.
Мавзуга оид
10:43 / 26.05.2025
“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
00:47 / 24.05.2025
Жанубий Корея лоукостери Сеул—Тошкент йўналиши бўйича мунтазам қатновларни йўлга қўйди
17:25 / 07.05.2025
T'way Air Сеулдан Тошкентга парвозларни йўлга қўяди
21:14 / 05.05.2025