Жамият | 09:30 / 18.08.2020
16747
12 дақиқада ўқилади

Интервью: Дилором Тошмуҳаммедова давлатнинг оила институтига аралашуви, «эскираётган» айрим қадриятлар ва алиментдан қочадиган оталар ҳақида

Расмий статистикага кўра, 2011 йил давомида Ўзбекистонда 18 минг 647 та оилавий ажримлар юз берган.

Бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бориб, 2017 йилда 31 минг 950 та, 2018 йилда 32 минг 300 ва 2019йилнинг 11 ойи давомида 28 минг 755 тага етган.

Тўғри, Ўзбекистонда оилавий муаммо ва низоларни ҳал қилишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бу борада ҳокимлик ва унинг тизимидаги маҳалла ва фуқаролар йиғинларининг ваколатлари ҳам оширилди, бироқ ажримлар даражаси камаяётгани йўқ, аксинча, рақамлар аёвсиз ўсишда давом этмоқда.

Kun.uz мухбири «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг собиқ раҳбари ва ҳозирда Олий мажлис сенати аъзоси Дилором Тошмуҳаммедова билан интервью уюштирди ҳамда мавзу юзасидан қатор саволларга жавоб олди.

— Бизда давлат ҳокимиятининг оила институтига ҳаддан ташқари кўп аралашувини, таъсирини кузатиш мумкин. Ҳатто буни оқловчи қонуний асослар ҳам яратиб қўйилган. Бу аралашувлар эса ажримларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш билан изоҳланади.

Аммо кўряпмизки, бу таъсир кучи қанчалик ошмасин Ўзбекистонда ажримлар сони камаяётгани йўқ.

Сиз деярли икки йил давомида «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказида раҳбар сифатида ишладингиз. Бу соҳада тажрибангиз бор. Айтинг-чи, давлат ва оила институтларининг ўзаро муносабатлари тўғри ташкил қилинган жараёнда қандай бўлиши керак?

— Ниҳоятда мураккаб савол. Лекин келинг, чуқурроқ бир фикр юритиб кўрамиз. Сиз ҳозир оилага институтига давлатнинг аралашуви кўп деб энг охирги босқичини гапиряпсиз.

Аслида оила бу қандай институт? У ҳар қандай жамиятнинг ўзаги, ҳар битта давлатнинг энг асосий, базавий қисми. 

Бизда оила бўйича алоҳида моддалар конституцияда ҳам ёзилган. Қолаверса Оила кодекси мамлакатдаги асосий қонунлардан бири сифатида қўлланиляпти. Шу нуқтайи назардан, оила халқимиз учун ниҳоятда муҳим. У энг азалий ва қадимий қадрият. Бу қадриятларни эса биз учун ўзига хос афзалликлари бор. Масалан, ёшларнинг катталар ва оилани қадрлаши.

Бошқа давлатларнинг тарихини кўринг. Уларнинг ҳаммаси ҳам ислом цивилизациясига ҳавас билан қарашган, ўрганишган.

Биласиз, инсон камолоти борасида бизнинг ота боболаримиз томонидан жуда кўп асарлар ёзилган. Уларда эса инсоннинг фақат оилада камолотга эришиши ёзилади. Шу маънода ҳам оилани эъзозлаш бизнинг халқни қон-қонига сингиб кетган қадрият ҳисобланади.

Бугунги кунда бу қадрият дунёнинг кўплаб давлатларида афсуски, заволга, инқирозга юз тутяпти. Баъзи давлатларда ҳар икки оиладан бири бузилиб кетяпти. Биз айнан қадриятларимиз эвазига оилани ушлаб турибмиз. Ушлаб қоламиз ҳам.

Оила битта институт экан, демак бу институт албатта давлат билан муносабатга киради.Муносабатга киришилар экан, оила муаммолари давлат идораларида ҳам ўз аксини топади.

ФҲДЁ органларида турмуш ўртоғисиз яшаётган, фарзандини ёлғиз ўстираётган кўплаб аёллар, ажримга ариза берган ёшларнинг статистикалари бор.Ёки суд тизимидаги муаммолар. Бу муаммолар статистикаси нима учун керак? Таҳлил қилиш учун. Таҳлиллар натижасида ажримларнинг сабабларини топиш учун.

Шунинг натижасида оилаларнинг муаммоларини ечишда давлат кўмак беради.

Биз кўпинча оилавий ажримларнинг сабаби сифатида ёшларнинг фикри бир-бирига тўғри келмаслигини айтамиз.Лекин мана шу жараёнларда нима уларга халақит беради. Уй-жойнинг йўқлиги, даромад пастлиги, ёшларнинг алкоголизм, наркомания иллатига берилиб кетиши, қай биридадир саломатлигининг яхши эмаслиги.

Мана шу жараёнларда ёшларга, ёш оилаларга давлат ёрдам берса, муаммосини ечса, уни сақлаб қолиш мумкин-ку. Буни қандай қилиб давлат оилага кўп аралашяпти деймиз?

 Биз  2018 йилда бир тадқиқот ўтказган эдик. Унга кўра, ёш ажрашиб кетган оилалар «агар катталар бизга ёрдам беришганида ажрашмаган бўлардик», деган фикрни айтишган.

Ажримларнинг энг катта сабабларидан яна бири бу – бефарзандлик. Эътибор беринг, бепуштлик эмас, бефарзандлик. Биз шу сабаб билан ажрашиб кетган ёшлар билан гаплашганимизда уларнинг кўпчилиги ҳаттоки шифокорнинг олдига ҳам бормаган. Улар 3,4, 5 йил яшаб фарзанд кўрмагач ажрашишган. Агар улар давлатга мурожаат қилганида бепуштликнинг сабаби ўрганиларди.

Мен ажрашишлар кўпайиб боряпти, деган фикрингизга қаршиман. Ажрашишлар кўпаймаяпти, камайтиришга ҳаракат қилиняпти, аммо жуда қийин бўляпти.

Ёшлар оила таълими бўйича билимларга муҳтож. Афсуски, оила таълими бўйича ҳукумат томонидан тайёрланган лойиҳалар амалиётга жорий қилинмаяпти. У ҳукумат тарафдан имзоланмади. Буни ҳозир бизнинг ёшлар кутиб турибди. Бу қарор чиқса биз ёшларга оила илмини ўргатиб борамиз.

— Сиз қадриятлар ҳақида гапирдингиз. Ана шу қадриятлар бўйича оилада қизболага доим сабр билан яшаш кераклиги, аёл сифатида урилса ҳам, тепилса ҳам чидаб яшаши кераклиги уқтирилади. Аммо кўряпмизки, мана шу қадриятларга бўйсуниб яшаш ортидан айрим пайтларда жиноятлар, ўлим ҳолатлари келиб чиқяпти.

Нима деб ўйлайсиз, ҳаётнинг ўзи кўрсатмаяптими, айтилаётган қайсидир қадриятлар бугунги кунга келиб эскирганини ва қайта ўйлаб кўриш вақти келганини?

— Мен ҳозир қадриятлар билан стереотипларни аралаштириш ҳолатини кўряпман. Ҳақиқатдан ҳам, аввалги маҳалла тизими бўйича маҳаллада бир қатор комиссиялар фаолият юритган. Шулардан бири яраштирув комиссияси эди. Мана шу комиссиядагилар ўз даврида бир қатор одамларни тўплаб ажрим ёқасида турган оилани уришиб, боринглар, ажрашманглар, дея уйига юборарди. Ваҳоланки, бу ишлар ёшларнинг муаммоларини ўрганмасдан, фикрларини эшитмасдан қилинарди.

Оила илмий амалий тадқиқот маркази томонидан мана шу яраштирув комиссияларининг фаолияти чуқур ўрганилди. Ва биз шундай хулосага келдикки, бу институт фаолиятини албатта такомиллаштириш керак экан.

Турли масалаларни ечишни оиланинг ўзига қўйиб бериш керак. Ташқи аралашув ва босимлар бу – нотўғри позиция.

Биз ислом динини, исломдаги асосий қоидаларни ва халқаро амалиётларни кўриб чиқдик.

Ўрганишлар натижасини кўриб ҳайратландикки, ҳам ислом динида, ҳам халқаро амалиётларда Аллоҳ севгисига сазовор бўлган энг яхши одам бу кимнидир муаммосини ҳал қилиб берадиган одам.

Шу нуқтайи назардан, ҳадисларимизда ҳам, илмий китобларимизда ҳам айтиладики, кимнингдир ўртасида туриб муаммоларини ечиб берадиган одамлар ҳамма даврда фаолият кўрсатган. Шунинг натижасида биз қатъиян хулоса қилдикки, биринчидан, маҳалла институти фаолиятида яраштирув комиссиялари фаолиятини кескин қайтадан кўриб чиқиш керак.

Иккинчидан, Ўзбекистонда муроса қилиш, медиация институтини жорий этиш керак.

Бу қандай институт? Бу – кўпчиликка оиланинг муаммосини юз қилиб, уялтириб эмас, икки ёшнинг ўртасига кўпни кўрган, ақлли, доно, ҳам қонунни, ҳам исломни биладиган битта одамни юбориш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш.

Биз айтаётган бу инсон ёшларга муаммоларини ечишга, қийинчиликлардан чиқиш учун йўл топишга кўмаклашиши керак. Биз шундай инсонларни тайёрлаб, маҳалла институтига жорий қилиш бўйича қарорларни қабул қилган эдик. Оила марказида ҳозиргача бир нечта медиаторларни тайёрладик. Ўйлайманки, биз ҳозир ҳам шу позицияда туришимиз керак.

Мен янги ташкил қилинган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари эътиборини тортмоқчиманки, энди оила масаласида эскича ишлаб бўлмайди. Эскича услуб энди самарасини бермайди.

Оилани яраштириш – маҳалла томонидан, давлат томонидан зўрлаб қилинмаслиги керак.

Биз оилаларни зўрлаб яраштириш оқибатида қандай жиноятлар содир бўлганини кўрдик. Бунинг маълумотлари бизда бор ва биз тушунишимиз керакки, дунёда нормал ҳолатда ҳар қанақасига 1 фоиз оилалар умуман бир-бирига тўғри келмайди. Бу одатий ҳол.   

Ва албатта, оиладаги икки киши бир-бири билан жисмонан ёки руҳан тўғри келмаса, уларни зўрлаб яраштириш мумкин эмас. Демак, уларнинг юлдузи юлдузига тўғри келмаган.

Бизнинг маҳалла фаоллари, медиаторларимиз шуни сезиб, уларга тинчгина ажрашиш имкониятини беришлари керак.

Худди шу имконият бизнинг муқаддас Қуръонимизда ҳам бор. Агар оила вакиллари ажрашадиган бўлса, яхшилик билан, дўстона ажрашишлари керак. Улар ҳар доим дўстона мулоқотни сақлаб қолиш керак. Бу фарзандлар учун ҳам жуда муҳим.

— Хорижий давлатларда ота-она ўз фарзандига қаттиққўллик билан муомала қилса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар келиб, уларга чора кўради. Бунда ота-онага жарима ёки бошқа таъсир чоралари кўрилади. Бизда ҳам маҳалла институти ва бошқа органлар томонидан оилабошиларига турли таъсир чораларини қўллайди. Сизнингча, бу икки тизимнинг фарқи ёки ўхшашликлари нимада?

— Албатта фарқли жиҳатлар бор. Дунёнинг ривожланган давлатларида қонун устуворлиги 100 фоиз белгиланган. Шу нуқтайи назардан, аксарият давлатлар «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияни қабул қилган.

Ривожланган давлатларда болаларнинг ҳуқуқлари ҳақиқатдан ҳам муҳофаза қилинади. Уларда бу қоидалар бузилса тезда давлат томонидан чора кўрилади. Ўзбекистонда ҳам қабул қилинган илк конвенция «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенция ҳисобланади. Бу Ўзбекистон учун фахрланадиган жиҳат.

Албатта бу борадаги қонунчилик ҳам 2008-йилдан буён ривожланиб боряпти. Бу борада биз қонунчиликка керакли бир қатор ўзгартиришларни ҳам киритдик. Ўзгаришлар бўйича ота-она ажрашаётган бўлса, болага турли ҳақ-ҳуқуқлар бериляпти. Унга ўзининг васий ёки ҳомийи орқали фикрларини керакли жойларга етказиш учун имконият бериляпти.Бизда шунингдек, Бола ҳуқуқлари тўғрисида Омбудсман ташкил этилди.

Бизда охирги вақтларда меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни оилага олиш, умуман, бу каби институционал органларни камайтиришга ҳаракат қилиняпти.

Энг қизиғи, халқимиз тарихан болажон халқ бўлса-да, ҳозир таққослайдиган бўлсак, ривожланган давлатларда битта ҳам меҳрибонлик уйи йўқ, Ўзбекистонда эса меҳрибонлик уйларига ҳаттоки ота-онаси бор болалар ҳам олиб келиняпти.

Шу нуқтайи назардан, бугун бизнинг халқимиз ҳам қонун бўйича яшашни ўрганиши керак. Ота-оналар ҳам ҳуқуқий онгини ошириши ва керак бўлса, ҳукуматдан ҳам керакли чораларни талаб қилиши керак.

Биз бугун болаларни қандай тарбия қилсак, келажагимизни ҳам худди шундай шакллантирамиз.

Бизни кўплаб тадқиқотларимиз шуни кўрсатяптики, тўлиқ: ота-она, бобо-буви, қадриятлари сақланган, бахтли ва ҳар томонлама стабил оилада ўсган болалар мактабда ҳам яхши ўқийди, ҳам соғлом ўсади ва эртанги кунда жамиятга катта самара беради.

Муаммоли ва руҳий эзилиш бўлган, ярим оилаларда ўсган болалар эса ҳаётга ҳам кўпинча аянчли қараш билан қарайди.

Афсуски, ўзининг ҳукумати ва давлатига ишончсизлик билан қарайдиган, жиноятчи, наркомания, ичкиликка қўл урадиганларнинг аксарияти ҳам шу каби ярим ёки ота-онасиз ўсган оила фарзандлари бўлади.

Улар ўзи оила қурса ҳам шу тазйиқларни оиласига қилади.

Биз эртага кучли, зукко ёшларни кўрмоқчи бўлсак, бугун оилаларимизни мустаҳкам қилишимиз керак.

Сенатор Дилором Тошмуҳаммедова билан қилинган интервью давомида Ўзбекистонда оилавий ажримларга энг кўп қандай омиллар сабаб бўлаётгани, оилаларни сақлаб қолишда иқтисодий лойиҳаларни кўпайтиришнинг аҳамияти ва амалдаги қонунчилик туфайли ажримдан кейин қийинчиликда қолаётган аёллар борасидаги фикрлар билан танишишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи:Дониёр Ёқубов

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид