Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сувсизликнинг 15 йили» – Асаканинг Эргашободида сув танқислиги қачонгача давом этади?
Асака туманидаги Эргашобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли ичимлик суви ва оқин сув етишмаслигидан азият чекиб, катта қийинчиликларга дуч келаётганини айтиб мурожаат қилди. Масалани жойига бориб ўрганиш мақсадида Асака туманига йўл олдик.

Эргашобод маҳалласи Андижон-Асака йўлининг четида жойлашган, аксарият уйлар ҳудуднинг адирлик қисмида қад ростлаган. У ерга етиб борганимизда, маҳалланинг Эргашобод кўчасида яшовчи фуқаролар бизни кутиб туришган экан.
Даставвал маҳалла оқсоқоли Шуҳрат ака Жалилов муаммо ҳақида маълумот берди.


«Маҳалла 12 миллион сарфлаб қўлбола қудуқ кавлади. Ариққа сувни график асосида беришади»
Оқсоқолнинг айтишича, маҳалла аҳолиси сув муаммосини ҳал этиш учун туман ва вилоят ҳокимларига, мамлакат президентига мурожаат қилишган. Бу масала ҳали ечимини топмагани учун ўзларига ўзлари енгиллик яратишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, бир нечта жойда қадимий услубда сув қудуғи қилиб олишган, айрим хонадонларда 28-35 метр чуқурликдан сув чиққан. Яқинда қабристон четида ҳам 50 метрдан сув чиқаришган.
Янги қудуқ учун маҳалла аҳли 12 миллион сўм сарфлаган, лекин мазкур қудуқлар суви лаборатория текширувидан ўтказилмаган.




– 1960-йилларда раҳматли Мирзажон Иминов шу ерларга раис бўлганида Кулладан ичимлик суви тармоғини олиб келиб, қишлоқни сув билан таъминлаган экан. Кейинчалик сувни шаҳарга кўпроқ тарқатиш натижасида биз томонга келмай қолган. 20-30 йилдан бери сув йўқ. Хонобод суви эса ёзда бизгача етиб келмайди. Бу масалани бир неча марта кўтариб чиқдик. Республика ишчи гуруҳига ҳам, вазирликдан келган вакилга ҳам айтдик. Лекин муаммо ҳал бўлгани йўқ, – дейди Шуҳрат ака Жалилов.
Маҳаллада оқин сув ҳам муаммо. Ариқ суви чамаси 7-8 км узоқликдан, шаҳарнинг тепа қисмидан келади. Одамлар ариқдаги сувни насосларда тортиб олишади. Ҳар бир оила ўзи учун насос ўрнатиб олган.



– Кеча график бўйича сув беришди, лекин 300-400 метр наридаги хонадонларга етиб-етмай тугади. Томди, Файзобод деган томонларга умуман бормайди. Шароит шундай бўлгач, одамлар машиналарда олиб келинаётган ичимлик сувини захира қилиб олиб, экинини ҳам, чорва ҳайвонларини ҳам шу сувдан суғоришга мажбур бўляпти. Президентгача мурожаат билан чиққанимиз бежиз эмас. Ҳаммаси асосли. Неча йиллардан бери сабр қилиб келяпмиз, лекин сабрнинг ҳам чегараси бор экан-да, – деди Ш.Жалилов.
Биз маҳалла қабристони четидаги янги сув қудуғини бориб кўрдик, кейин Эргашобод кўчасидаги хонадонларга кириб, ҳолат билан танишдик.
Ичимлик сувини захира қилиш учун кимдир 10-20 литрли идишларни қаторлаштириб териб қўйган, яна кимдир ҳандақ ва ҳовуз қуриб олган.
Қуриб ётган экинлар ва мевали дарахтларни кўриб, бу ердаги одамлар машаққатли меҳнатига куйиб қолганига ачиндик. Сувсизликдан қақраб ётган ташлама канали, ариқ ичидаги сув насослари-ю шлангларни тасвирга олиш чоғида маҳалла аҳли сувга қанчалик зориқиб яшаётганини ҳис қилдик.
Бу орада Андижон-Асака йўлининг нариги томонидан қўлда сув ташиётганларга ҳам кўзимиз тушди. Шу аснода фуқароларнинг арзига қулоқ тутдик.

– Мен бир ойда 90 минг сўмга 5 тонна сув оламан. Кўчатларни суғоришга, кир ювишга мана шу сувдан ишлатамиз. Чорва ҳайвонига ҳам шундан берамиз. Ҳандағимга 7 тонна сув сиғади. 5 тонна олсам, бир ойга етади. Ҳандақни қурганимга 10 йилча бўлиб қолди. Илгари тепа томонимизда боғлар бўларди, шу боис оқин сув келиб турарди. Боғлар йўқолиб кетиб, ерлар участка қилиб берилганидан кейин шу сув ҳам тўхтади, – дейди эргашободлик Аъзамжон Аҳмедов.
– Мен ҳозирда қурилиш қиляпман. Сувни сотиб оляпман, бир кунда 30 минг сўмлик сув ишлатаман. Лойга, бетон қуйишга бир кунда бир тонна сув ҳам етмайди. Мана, ён қўшним бетон қуйдиряпти, у ҳар куни 80 минг сўмлик сув сотиб олади, – дейди Абдурашид Мамарасулов.

Иссиқхонадаги экинларни суғоришга ҳам сув сотиб олинади
Маҳаллада иссиқхона қуриб, деҳқончилик қилаётганлар ҳам талайгина. Улар ҳам сув танқислиги қийнаб юборгани, экинларни суғориш муаммо бўлаётгани, сувни баъзида сотиб олишга тўғри келаётганини айтишди.
– 15 йилдан бери томорқада деҳқончилик қиламан. 20 сотих ерда иссиқхоналарим бор. Босқичма-босқич помидор ва бодринг экаман. Ўтган йили даромадим яхши бўлган эди. Бу йил эса умуман даромад йўқ. Қишда 30 тонналик идишга захира қилиб қўйгандим, баҳорда шу билан эплаб олдим. Лекин бу ёғига энди муаммо бўляпти. Чунки сувнинг бир тоннаси 30 минг сўм. 30 тоннасини 900 минг сўмга олишим керак. Бундан ҳали фойда оламанми-йўқми, номаълум, – дейди шу маҳаллада яшовчи Зуҳриддин Раҳмонов.


– Иккита иссиқхонага помидор экиб, 4 миллион сўм сарфлаб қўйгандим. Ҳозир 4 миллион зарар билан чиқдим. Картошкаларимиз қуриб қолди, помидорларимиз эса сувсизликдан майда-майда ҳолида нобуд бўлди. Мен иккала иссиқхонадан ҳар йили ўртача 10 миллион сўм даромад қилардим. Бу йил эса кўчат пулини ҳам тўлиқ беролганим йўқ. Ичимлик сувини машинамизда ташиб ичяпмиз. Автомобиль заводи йўлидан ҳар куни кечки пайт 300-400 литр сув олиб чиқамиз. Ҳозирги паллада бодринг экишимиз керак эди. Лекин сувсизликни кўриб, юрагим бетламай қолди. Мутасадди ташкилотларга мурожаат қилсак, самараси бўлмаяпти, – дейди маҳалла фуқароси Муҳаммадхолиқ Аҳмадалиев.


– Экилган кўчатлар сувсизликдан қуриб бўлди. Уйда сув идишимиз бор, ичиш учун сувни тўлдириб оламиз. Шу сувдан гулларга, дарахтларга қуйишга мажбурмиз. Ўтган сафар 6-7 кун ариққа сув келмади. Сувсизликдан ариқлар ичи ёрилиб кетди, – дейди Маҳмуджон Исматов.
– Сувсизлик ўтган йили озгина қийнаганди, бу йил эса умуман қийнаб ташлади. Мевали дарахтларимиз эндигина ҳосилга кираётган эди, мана айримлари сувсизликдан қурий бошлади. Бу ерга 600 туп семеренко навли олма кўчатларини эккандик. Насос қилганмиз, лекин у тортган сув қопламаяпти. Каттароқ насос ўрнатишга эса рухсат беришмаяпти, – дейди «Tohirbek krepson olmalari» боғдорчилик фермер хўжалиги иш юритувчиси Хуршидбек Эргашев.

Мутасаддилар нима дейди
Маҳалладаги аҳвол билан танишгач, мутасаддилардан изоҳ олиш учун Асака туман ҳокимлигига бордик. У ерда Андижон вилояти «Сувоқава» ташкилоти раҳбарининг ўринбосари, Асака туманидаги вакил Зафарбек Фозилов ҳамда туман Ирригация бўлими бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов билан учрашиб, Эргашободдаги сув муаммоси масаласини ўртага ташладик.

Зафарбек Фозилов ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
«Эргашобод маҳалласи ҳақиқатан ҳам муаммоли ҳудуд ҳисобланади. Ўрганиш учун ишчи гуруҳлар келганида, аҳолидан «Сув қудуғи қилиб берилса бўлмайдими?» деган саволлар тушган. Ушбу саволга мутахассисларнинг жавоби шундай бўлганки, у ердан чиқадиган сув ичишга яроқли эмас, бу сувдан фақатгина экинларни суғориш учун фойдаланиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, Хонободдан сув олиб келинган.
Боғишамолдан келадиган тармоғимизда ноябрь ойидан апрель ойигача сув бўлади. Фақат ёзнинг саратонида у ерга ичимлик суви яхши етиб бормайди. Сабаби, сув тармоғи ўтган Андижон тумани ва Андижон шаҳрининг Боғишамол ҳудудидаги янги маҳаллаларда аҳоли сони кескин кўпайган, ҳар йилгига нисбатан истеъмол ҳам ортган. Шунинг ҳисобига Эргашободга сув етиб келмаяпти. Шу боис сувни техникада ташиб беряпмиз. График қилиб олинган. Сув ташиш учун битта «Исузу», битта трактор ва битта «Лабо» бор.
Эргашобод ҳудудига дастур асосида тармоқ ҳам берилган. Қурувчилар ишни бошлаган. Айни пайтда 3,5 километрли ичимлик суви тармоғи тортиляпти. Фақат карантин даврида ишчиларни олиб келиб ишлатиш муаммо бўлиб қолгани учун ҳозирча тўхтаб турибди. Лекин ишлар давом эттирилади».
Суҳбатдошимизга Эргашобод аҳолиси техника воситасида етказиб берилаётган сув учун озми-кўпми пул тўлаётганини айтиб, изоҳ сўрадик.
«Яширмайман, илгари шундай ҳолатлар бўлган. Бу нарсалар исботини топгани учун «Сувоқава», ҳозирги «Сув таъминоти» МЧЖ туман ташкилотининг эски раҳбарини ишдан бўшатганмиз. Ҳозир техникада сув етказиб берилаётгани учун пул олинмайди. Лекин сувни ташиб ичиш учун тариф қўйилган. Бу тариф бўйича киши бошига 1200 сўмдан ёзилади. Сув пулини йиғиш учун ҳар битта маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг вакилини беради ва йиғилган пулнинг 10 фоизини олади.
Баъзи маҳаллаларга сув олиб борсак, жанжал ҳам бўлиб кетади. Чунки айрим фуқаролар мени резевуаримни тўлдириб берасан, деб туриб олишади. Лекин белгиланган лимит бор, бу лимит кунига 130 литр», – деди Зафарбек Фозилов.
Асака туман Ирригация бўлими бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов эса оқин сув муаммосини ҳал этиш учун график тузилганини айтди. Яъни бир ҳафта Асака, бир ҳафта Шаҳрихон тумани сув ичяпти.
«2008 йилда ҳам шундай ҳолат бўлганди. Мана, 12 йилдан кейин яна такрорланмоқда. 5 августдан сув омбори ёпилгани боис ташлама каналлардаги бор сувни олиб келиб, аҳолига беряпмиз. Муаммонинг сабаби омборда сув камлиги билан боғлиқ. Шунинг ҳисобига аҳолини оқин сув билан таъминлашда узилишлар бор», – деди Абдураззоқов.
Дарвоқе, Зафарбек Фозиловнинг айтишича, Хонободдан инвестиция дастури асосида 6 километрдан зиёдроқ ичимлик суви тармоғи тортилади. Молиялаштириш манбайи ҳам, пудратчиси ҳам аниқ. Фақат бу икки йил ичида қилинадиган объект экан.
«Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилган, Асака ҳудудининг оғир ҳолатдаги жойларини икки йил ичида доимий тоза ичимлик суви билан таъминлаш кўзда тутилган. Асакадаги қудуқлардан чиқадиган сувнинг қаттиқлик даражаси бошқа туманлардагига нисбатан юқори бўлгани учун Хонободдан сув олиб келиняпти. Бу объект 2022 йилда топширилади. Сўнгра синов даври бўлади, ундан кейин тақсимот амалга оширилади», – дейди Зафарбек Фозилов.
Демак, маълум бўлишича, Эргашобод ва шунга ўхшаш маҳаллалар аҳолиси ичимлик суви муаммосининг тўлиқ ҳал этилишини яна икки-уч йил кутишига тўғри келар экан.

Шерзод Абдурашидов
Мавзуга оид
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
12:15 / 28.04.2025
Фарғонада 1 майдан ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи ошади
18:24 / 08.04.2025
Андижонда юк машинаси йўл бўйидаги уйни бузиб, ичкарига кириб кетди
21:21 / 05.04.2025