Жаҳон | 10:33 / 20.08.2020
28256
3 дақиқада ўқилади

Алексей Навальний заҳарланиш ташхиси билан реанимацияга тушди

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиш ташхиси билан Омск шаҳрида реанимацияга ётқизилди. Унинг матбуот-котиби Кира Ярмишнинг хабар қилишича, самолётда Томскдан Москвага қайтаётган сиёсатчи ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Натижада самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнган.

Фото: Reuters

«Бугун эрталаб Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётган эди. Учиш чоғида у ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнди.

Эрталаб у фақат чой ичди. Унга бирор нарса қўшиб, Алексейни заҳарлашган бўлиши мумкин. Биз шундан гумонланяпмиз. Ҳозир у ҳушини йўқотган, реанимацияда», - деб Ярмишнинг сўзларини келтирмоқда «Эхо Москвы».

Алексей Навальний Сибирга «Единая Россия» депутатлари фаолияти бўйича суриштирув ўтказиш мақсадида борган бўлиши мумкин, деб ёзди «Тайга.инфо».

Кейинчалик Омск нашрларидан бири мухолифатчининг аҳволи бироз яхшиланганини маълум қилди.

«Навальний ўзига келди, аммо гапиришга қийналяпти ва зўрға ҳаракатланяпти», - деб хабар берди «НГС.Омск».

Бироқ Кира Ярмиш унинг аҳволи ҳамон оғирлигини маълум қилди.

«Алексей ҳамон ҳушсиз ётибди. Уни ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига улашди. Талабимизга кўра, шифохонага полиция чақирилди», - деб ёзди у твиттердаги саҳифасида.

Ярмиш бу қасддан заҳарланиш бўлиши мумкинлигини айтган. У бир йил муқаддам Москвада ҳибсга олинганида ҳам уни заҳарлашмоқчи бўлишганини эслатган.

«Биз Алексейни чойга аралаштирилган нимадир билан заҳарлашганини тахмин қилмоқдамиз. У бугун эрталаб фақат чой ичганди. Заҳар иссиқ суюқлик орқали тез сўрилган», дея ёзган у твиттерда.

«Эхо Москвы» билан суҳбатда Ярмиш Навальний эрталаб меҳмонхонада ўзини яхши ҳис қилгани, аэропортда қора чой ичгани ҳақида гапирган.

Шифокорлар ҳозирча Навальнийнинг ҳолати бўйича маълумот беришмаяпти.

Ўтган йилнинг апрелида Уфада ёзувчи ва журналист Дмитрий Биков заҳарланиб, шифохонага тушганди. Кейинроқ у комага тушиши сабаби заҳарланиш бўлганини маълум қилганди.

2015 ва 2017 йилларда «Открытая Россия» ҳаракати координатори Владимир Кара-Мурза заҳарланиб шифохонага ётқизилган. Отаси уни заҳарлашганини айтганди.

Мавзуга оид