Ўзбекистон | 11:41 / 20.08.2020
96126
2 дақиқада ўқилади

«Автомобиллар нархи асосли ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз». UzAuto Motors баёнот билан чиқди

2020 йил 19 август куни Монополияга қарши кураш қўмитасида UzAuto Motors’га нисбатан “Рақобат тўғриси”даги Қонун бузилиши белгиларига нисбатан очилган иш бўйича навбатдаги тинглов ўтказилди. 

UzAuto Motors хабарида айтилишича, баҳсли масалаларни асослаш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқа эканлиги туфайли компания томонидан иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома йўлланган. 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир тарафлама кўриб чиқилди, унинг якунида нотўлиқ маълумотларга асосланган қарор қабул қилинди, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, автомобилларни ишлаб чиқариш мураккаб жараён бўлиб, уни ўрганиш етарлича вақт талаб этади. 

“UzAuto Motors фаолиятини янада чуқурроқ ва асослироқ ўрганиш келгуси суд муҳокамалари давомида мумкин бўлади – компания ўзининг ушбу ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштирган.

Шуни ҳам қайд этиш ўринлики, Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмайди – кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўз навбатида, компания автомобиллар нархи асосли эканлигини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини маълум қилади”, - дейилади баёнотда.

Мавзуга оид