Жаҳон | 18:14 / 20.08.2020
8247
3 дақиқада ўқилади

Беларусда мухолифатнинг Координация кенгаши устидан жиноят иши очилди

Беларусда мухолифатнинг ҳукуматни алмаштириш мақсадида Координация кенгаши тузиши ортидан жиноят иши очилди.

Беларус мухолифати/ Фото: Reuters

«Координация кенгашини тузиш ва унинг фаолияти давлат ҳокимиятини эгаллашга, шунингдек, Беларусь Республикаснининг миллий хавфсизлигига рахна солишга қаратилган. Бу факт юзасидан Жиноят кодексининг 361-моддаси билан жиноят иши очилди», - деб бош прокурор Александр Конюк сўзларини келтирмоқда «Спутник Беларусь».

Жиноят иши Беларусь тергов қўмитаси томонидан Жиноят Кодексининг 361-моддаси 3-қисми билан очилган. 

Бу модда давлат ҳокимиятини эгаллашга ёки Беларусь Республикаси конституциявий тузумини куч билан ўзгартиришга очиқдан-очиқ даъват қилиш, Беларусь Республикаси миллий хавфсизлигига рахна солувчи ҳаракатларни содир қилиш мақсадида хорижий давлат ёки ташкилотларга мурожаат қилиш, шунингдек, ушбу ҳаракатларни ОАВ ёки интернет тармоғи орқали амалга ошириш каби жиноятларни содир этганларни 2 йилдан 5 йил муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади.

Координация кенгашида жиноят ишининг очилиши ҳолатига изоҳ берилди.

«Координация кенгаши аъзолари давлат ҳокимиятини эгаллаш ёки Конституциявий тузумни куч билан ўзгартириш ёки давлатга хиёнат қилиш ёки террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ёки қўпорувчилик ёки Беларусь Республикаси миллий хавфсизлигига рахна солувчи ҳаракатларни содир қилишга қаратилган чақириқларни тарқатишмаган», - дейилади Координация кенгаши расмий баёнотида.

Кенгашнинг таъкидлашича, регламент ва резолюцияда тилга олинган мақсадлар қонуний ва Беларусь Республикаси Конституциясига асосланган.

17 август куни президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова Беларусда ҳокимиятни тинч  йўл билан алмаштириш бўйича Координация кенгаши тузилганини эълон қилган эди.

30 нафар аъзодан иборат кенгаш таркибига Тихановскаянинг ишончли вакиллари – Ковалькованинг ўзи ва Николай Козлов, Виктор Бабарико штаби координатори Мария Колесникова, адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич, «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси, ҳуқуқшунос Алесь Беляцкий, халқаро медиатор Лилия Власова, эркинлик учун ҳаракат раҳбари ва сиёсатчи Юрий Губаревич, «Великий Камень» парки маъмурияти раиси Алесь Дуко, ҳуқуқшунос Максим Знак, киносценариячи Андрей Курейчик, педагог Евгений Ливянт, «А-100» компаниялари гуруҳи раиси Александр Центер, рассом Владимир Цеслер, BELBIZ компанияси асосчиси Татьяна Маринич, иқтисодчи Сергей Чалий ва бошқалар киритилди.

Тихановская Координация кенгаши тузилиши ҳақида: «Биз кўпчилик эканимизни кўрсатдик. Бу мамлакат бизга, Беларус халқига тегишли, бир одамга эмас», – деган эди.

Амалдаги президент Александр Лукашенко Координация кенгаши тузилишини «давлат ҳокимиятини эгаллашга уриниш» деб баҳолади.

Мавзуга оид