Ўзбекистон | 14:40 / 21.08.2020
84288
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда Ўзбекистон компанияси ходимларига қуролли ҳужум уюштирилди

Афғонистоннинг Балх вилоятида «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидаги «Сўғдиёна транс» компанияси вакилларига қуролли ҳужум содир бўлди. Ўзбекистон ТИВ Aфғонистон томонидан ушбу мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган ўзбекистонликларнинг хавфсизлигини кучайтиришни сўради.

20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Суҳбат чоғида Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифининг кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилган.

Мулоқот давомида энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Вазирлар Афғонистоннинг Балх вилоятида 20 август куни содир бўлган «Сўғдиёна транс» шуъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум ҳодисасини муҳокама қилишган. Афғонистон ТИВ раҳбари мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётганини ва унга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган», дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон томони Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган.

Маълумот учун, «Сўғдиёна транс» ШК 2011 йил декабрида O’zbektemiryo’lekspeditsia унитар корхонаси («Ўзбекистон темир йўллари» тузилмасига киради) қошида «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўлидан фойдаланиш ва унга хизмат қилиш учун ташкил этилган.

Мавзуга оид