Ўзбекистон | 22:45 / 21.08.2020
7020
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш учун Ростовга навбатдаги поезд жўнаб кетди

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, яна 918 нафар фуқаро олиб келиниши кутилмоқда.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ Россия Федерациясининг Ростов вилоятидан юртдошларимизни олиб келиш мақсадида темир йўл рейси ташкил этилмоқда. Россия ва Қозогистон томони билан келишувга биноан Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш мақсадида Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги махсус темир йўл рейси ташкил этилмоқда.

19 август куни Тошкентдан жўнаб кетган Гниловская – Тошкент йўналишида поезд орқали 918 нафар ўзбекистонлик 26 август куни Ўзбекистонга олиб келиниши режалаштирилган.

«Мазкур йўловчи поезди йўл давомида фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поезд Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ушбу рейсда олиб келинган йўловчилар Наманган вилоятининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз», дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 13 август куни Ростовдан 918 нафар, 9 август куни Россиянинг Самара шаҳридан 925 нафар ўзбекистонлик поездда Тошкентга олиб келинган эди. Олиб келинган фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлишларини таъминлаш мақсадида автобусларда Тошкент вилоятининг махсус карантин зоналарига етказилган.

Транспорт вазирлиги карантин чоралари сабабли МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунича амалдаги кучга эга эканини эслатиб ўтган.

Мавзуга оид