Жаҳон | 00:25 / 21.08.2020
64154
16 дақиқада ўқилади

Туркияда коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлашмоқда: мавҳум сабаблар ва жиддий хавотирлар

Айни пайтда ушбу мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 253 мингдан, касалликдан вафот этганлар сони эса 6 мингдан ошиб кетди. Коронавирус эпидемиясининг бешинчи ойида Туркия тиббиёт ассоциацияси томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, PCR тестида аниқланган коронавирус ҳолатлари сони эълон қилинганидан 10 баравар кўп.

Фото: EPA

Иккинчи чўққининг фарқи нималарда кўзга ташланмоқда?

Сўнгги бир неча ҳафта давомида Туркиянинг кўплаб вилоятлари ҳокимиятлари ва соғлиқни сақлаш бошқармалари касалланиш ҳолатлари сони ортгани тўғрисида баёнот беришмоқда.

Мамлакат бўйлаб баъзи тадбирларни жонлантириш кун тартибига чиқар экан, ҳар бир шаҳар ўз санитария кенгашлари орқали турли хил чораларни кўра бошлади.

Мутахассисларнинг фикрича, Туркияда эпидемиянинг иккинчи чўққига кўтарилиш жараёни кузатилмоқда, бироқ аввалгидан фарқли ўлароқ, бу гал ҳолатлар сони Онадўлидаги шаҳарларда ортиб бормоқда.

65 ва ундан катта ёшдагилар учун янги чекловлар

Янги ҳолатлар сони кўпайиши ортидан 35 вилоятда 65 ёшдан ошган одамлар гавжум жойларга кириши тақиқланди.

Ушбу ҳудудлар орасида сўнгги ҳафталарда вирусга чалиниш суръати ўсиб бораётган пойтахт Анқара ҳам бор.

Туркия Тиббиёт бирлашмаси президенти Синан Адияман Анқара шаҳридаги шифохоналарда коронавирус билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлагани ва реанимация бўлимларининг бандлик даражаси ошганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган кунлик мусбат ҳолатлар сонидан фарқли ўлароқ, биргина Анқаранинг ўзида кунига 1400та янги ҳолат аниқланяпти.

«Ҳозирги вазиятда Диш Капи Йилдирим Боязид ўқув ва тадқиқот касалхонасининг тез ёрдам хонасида Covid-19 тести мусбат чиққан, аммо у ерда жой йўқлиги туфайли касалхонага ётқизилмаган беморлар борлигини биламиз. Уларнинг қариндошлари бизга мурожаат қилишмоқда ва биз беморларга Анқарада жой қидиряпмиз», деди у.  

Адияман Анқара тез тиббий ёрдам пунктларидан клиникаларга трансфер қилинаётган беморлар оқимида тирбандлик юзага келаётгани, енгил ва ўртача пневмония билан оғриган беморлар ҳам ўз уйларига юборилаётгани, уйларига юборилганлар эса изоляция қилинган ҳолда эмас, балки жамоат транспортида жўнатилаётганини таъкидлади.

GETTY IMAGES

Анқара университети тиббиёт факультетининг профессор-доктори Нажмиддин Уналнинг сўзларига кўра, Туркия айни пайтда «эпидемиянинг қоқ марказида» турибди. Унинг фикрича, Туркия биринчи тўлқиннинг иккинчи чўққисига қараб кетмоқда ва доира тобора торайиб бормоқда.

Анқара тиббиёт факультетида реанимация муаммоси йўқлигини билдирган Унал баъзи шаҳарлардан олинган маълумотлар интенсив терапия имкониятлари тўлганини кўрсатаётганини айтди.

«Шифохонамизда интенсив даволанишни талаб қилмайдиган беморлар учун ажратилган жойлар тўла. Коронавирусга чалинган беморлар учун ажратилган реанимация ётоқларнинг эса 50 фоизи банд. Тўғри, биз ҳозирда Анқара тиббиёти ўлароқ мушкул аҳволда эмасмиз, аммо мамлакат сифатида қийин аҳволга тушиб қолдик.

Ҳамкасбларимдан олган маълумотларимга кўра, баъзи шаҳарларда беморларнинг сони жуда кўп ва реанимация бўлимлари тўлиб бўлган, шу боис бу ерларда қўшимча жойлар ташкил қилиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса бу борада маълумот бермаяпти», дейди у.

ССВнинг сўнгги баёнотига кўра, реанимация бўйича маълумотлар:

Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа Covid-19 ва бошқа барча касалликларга оид хизмат ётоқларининг тўлиқлилик даражаси 51,3 фоизни, реанимация ётоқлариники эса 64,8 фоизни, шунингдек, сунъий респираторларнинг бандлик даражаси 31,7 фоизни ташкил этаётганини маълум қилди.

Вазир барвақт бошланган муолажалар соясида Кўния, Измир, Истанбул ва Анқарада пневмония сони аста-секин камайганини, аммо оғир аҳволдаги беморлар сони Туркия миқёсида охирги ой давомида кундан кунга ортиб борганини ва касалхоналардаги юк тобора оғирлашаётганидан хавотирда эканини билдирди.

Муайян вилоятларда қабул қилинган қарорлар натижасида 10 шаҳарда ҳолатлар сони камайганини, 12 шаҳар барқарор ҳолатга келганини ва 7 вилоятда кураш давом этаётганини ифода этган Фахриддин Хўжа шундай деди: «Сўнгги ҳафталарда хатоларга йўл қўйилгани туфайли баъзи шаҳарлардан шикоятлар олдик. Одамлар бу курашда жонбозлик кўрсатишмоқда. Инсонлар ҳолдан тойиши мумкин, одамлар билан боғлиқ муаммолар туғилган пайт биз ўзгаришларга қўл урдик, инфратузилмамизни мустаҳкамладик. Сивас ва Урфада қисқа бир муддат давомида кузатилган интенсив терапия жойлари тўлиб қолгани билан боғлиқ масалани ҳисобга олмаганда, бошқа бир муаммога дуч келмадик. Урфада ҳолатлар сони ортганидан хабардормиз, реанимация ётоқ-жойларининг сонини орттиряпмиз, яна 121та жой қўшимча қилинади», деди.

Вазирлик томонидан Covid-19 беморларини касалхонага ётқизиш сиёсати ўзгартирилгани, яъни коронавирус тести мусбат чиққан одамларни ўз уйларига юборилаётгани масаласида турли танқидлар билдирилмоқда.

Унал олдин Covid-19 тести мусбат чиққан ёки томографик текширувлари бўлган беморлар касалхонага ётқизилганини, аммо ҳозир тест натижаси мусбат чиққан одам ҳам агар аломатлари енгил бўлса, уйига жўнатиб юборилаётганини айтди.

У касалхоналардаги юкни камайтириш учун қўлланаётган ушбу сиёсат тўғрилигини, бироқ уйга юборилган одамларни албатта «кузатиб бориш» кераклигини таъкидлади.

«Уйига жўнатиб юборилган бемор самарали тарзда кузатиб борилса, бу жуда тўғри сиёсат бўлади. Аммо уларнинг қанча қисми уйда қолаётгани бизга маълум эмас. Карантинга олинган бемор Аланияда таътилдан чиқиб келмоқда. Қолаверса, уйда карантин шартларига қай даражада риоя қилинаётгани ҳам аниқ эмас. Чет элда ўтказилган бир тадқиқот шуни кўрсатадики, Covid-19 вирусини юқтириб олиш ҳолатларининг 75 фоизи оилада кузатилмоқда», деди у.

Нафақат пойтахт Анқарада, балки бутун Туркияда ҳолатлар сони ортиб бораётгани жиддий эътиборга молик ҳолат, бироқ мутахассислар вазирлик томонидан эълон қилинаётган маълумотлар «шаффоф» эмаслиги туфайли мавжуд вазиятга аниқ ташхис қўя олмаётганликларини билдиришмоқда. Уларнинг фикрича, мамлакат пандемиянинг қайси нуқтасида тургани номаълум бўлгани туфайли турли «тахминлар» билан ҳаракат қилингани учун ҳолатлар сони тобора ортиб кетмоқда.

«Биз ушбу касаллик нақадар жиддийлигини халққа олти ойдан бери тушунтира олмадик. Аҳвол жиддийлигини англатиш учун эса унинг даҳшатини очиб беришимиз керак. Бу эса маълумотлар очиқ-ошкор эълон қилиниши орқали амалга оширилади. Қайси шаҳарда қанча бемор бор, уларнинг ёши нечада, тестлар қайси гуруҳларда ўтказилмоқда? Фақат шундагина маҳаллий чораларни кўриш мумкин», деди Нажмиддин Унал.

Туркия Тиббиёт бирлашмаси президенти Синан Адияман эса Анқарадаги ҳолатлар сони ортишининг сабаблари аниқ эмаслигини билдирди.

«Анқарадаги беморларнинг ёш оғирли қандай? Балки буни билсак, сабаблар борасида бирор хулосага келишимиз мумкин», деди у.

Баъзи шаҳарларда интенсив терапия ётоқлари «сигнал» бермоқда 

Туркия жами 39 минг 279 интенсив терапия ётоқ-жойи билан OECD (The Organisation for Economic Co-operation and Development – Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) давлатлари орасида биринчи ўринда туради ва интенсив терапия ётоқ-жойлари сони бўйича Германия, АҚШ каби мамлакатлар билан бир қатордан жой олган. Бироқ мазкур интенсив терапия қобилияти Туркиядаги ҳар бир шаҳар учун тааллуқли эмас.

Турк реанимация бирлашмаси президенти, профессор-доктор Исмоил Жинел Онадўли вилоятларидаги реанимация бўлимлари «сигнал» бераётганини айтди.

«Биринчи тўлқин Истанбулда жиддий кечди ва биз уни енгиб ўтишга муваффақ бўлдик. Аммо уюшмамизнинг турли вилоятлардаги аъзоларидан олинган маълумотларга кўра, эндиги ҳолатлар, асосан, Истанбулдан ташқарида – Онадўли вилоятларида кузатилмоқда. Истанбулда-ку жой етарли даражада, аммо бошқа шаҳарларда захира қолмади», деди у.

Жинелнинг сўзларига кўра, пандемиянинг илк босқичида Истанбулда амалга оширилгани каби ушбу шаҳарларда ҳам ётоқ ҳажмини 25 фоизга ошириш имконсиз.

Касалликлар сони ортиб бориш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, Жинел кўплаб шаҳарлар жиддий хавф остидалигини таъкидлади.

«Онадўли вилоятларида интенсив терапия ётоқ жойларининг сони ҳатто биз тасаввур қила олмайдиган қисқа бир фурсат ичида етарли бўлмай қолиши мумкин. Диёрбакир, Шонлиурфа ёки Малатя... Ушбу шаҳарлардаги шошилинч бўлмаган тиббий хизматни кечиктириб туриш ва шу орқали хоналар реанимацияга айлантирилиши, ётоқ сони шу йўсинда кўпайтирилиши мумкин. Коронавирусга чалинган беморларни ўз шаҳрида даволашимиз лозим, уларни бошқа шаҳарга ўтказиш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Ҳолатлар сони илк чўққига кўтарилган пайт Истанбулдаги реанимация бўлимларининг 80 фоизи Covid-19 интенсив терапиясига айлантирилганди. Аммо ҳозир Онадўли ёқасида 25дан ортиқ касалхона мавжуд бўлгани ҳолда, уларнинг атиги уч-тўрттасидагина коронавирус интенсив терапияси мавжуд. Бошқа касалхоналар ҳам коронавирусга чалинган беморларни шу ерга юборишади.

Ётоқ-жойлари масаласида ҳозирча Истанбулда қизил чироқлар ёнмади, аммо Онадўли шаҳарларида қўнғироқлар аллақачон чалингани аниқ. Турган гапки, ўт у ердан Истанбулга ҳам туташади. Чунки ёз тугаши билан одамлар ўз туғилган жойларидан Истанбулга қайта бошлайдилар», деди мутахассис.

«Чекланган имкониятлар тўлиқ етарли бўлмайди»

Туркия реанимация ҳамширалари уюшмаси раҳбари Эбру Киранер ҳам Туркиянинг пандемиядаги ҳозирги ҳолати хусусида Исмоил Жинел билан ҳамоҳанг фикр билдирди ва асосий муаммолар Онадўлидаги шаҳарларда юзага келаётганини таъкидлади.

«Сўнгги кунларда янги ҳолатлар сони ортиши билан биз Анқара, Шонлиурфа, Газиантеп, Артвин, Орду, Малатя, Кўния ва Қайсариядаги аъзоларимиздан жуда жиддий хабарларни оляпмиз. Ҳамкасбларимиз интенсив терапия ётоқ жойлари тўла бошлаганини ва улгура олмаётганликларини айтишмоқда. Агар вазият шундай давом этса, чекланган имкониятлар етарли бўлмай қолиши мумкин.

Биз яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳисобот юбордик ва зудлик билан чора-тадбирлар режаси тузиш кераклигини айтдик. Эҳтимол, яқинда жонлантириш бўлимларидаги ҳамширалар сони етишмай қолиши мумкин. Қолаверса, шифохоналардан ҳали ҳам тиббий жиҳозлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги юзасидан хабарлар олиб турибмиз.

Истанбулдаги ётоқлар ҳали тўлмади-ку деб, ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак, чунки бу нарса рақамлар камлигини кўрсатмайди. Буни Истанбулдаги жуда катта ётоқ сиғими билан изоҳлашимиз мумкин. Қолаверса, аксарият йирик шифохоналар биринчи чўққида интенсив терапия ётоқ-жойлари сонини кўпайтирди ва ҳар эҳтимолга қарши у ётоқ-жойларни Covid-19 учун ушлаб турди.

Жонлантириш бўлимида ишлайдиган жамоалар ҳозир жуда чарчаган. Биз эпидемияни ҳали ҳам илк реанимация гуруҳлари билан давом эттиряпмиз ва энди одамлар ҳолдан тойди. Агар ўз вақтида ҳамширалар тайёрлаш тизимини йўлга қўйганимизда ва улар ўз вазифасини адо этганда эди, ҳозирда биз ҳамшираларни 24 соат давомида навбатчиликда ишлатмаётган бўлардик», деди у.

Измирда ҳолат қандай?

Истанбулда бўлгани каби Измирда ҳам реанимация хизматлари тўла эканлиги ҳақида маълумот йўқ.

11 август куни баёнот берган Измир губернатори Явуз Селим Кошгер Измирда ҳолатлар кўпайиш тенденцияси кузатилаётганини айтди. «Бир ой олдингига қараганда ёмонроқ аҳволдамиз. Рақамлар ва статистика янада ёмонлашмоқда», деди у.

19 август куни Измир тиббиёт палатаси раҳбари Лутфи Чамли Sonsöz газетасига Эгейда берган интервьюсида шаҳарда ҳар куни ўртача 4 мингта тест ўтказилаётганини ва 200-250та янги ҳолат қайд этилаётганини таъкидлади.

Измирнинг намунали давлат шифохоналаридан бирида интенсив терапия бўлимида коронавирусга чалинган беморларни даволаётган, аммо исми ошкор этилишини истамаган бир шифокор Измирда ҳозирча жиддий реанимация муаммоси йўқлигини, аммо янги ҳолатлар сони тобора ортиб бораётганини айтди. У эпидемиянинг дастлабки кунларидаги каби иш кўпайганини, аммо ҳолдан тойган тиббиёт ходимларининг иштиёқи олдингидек эмаслигини маълум қилди.

«Ҳамкасбларимиз орасида тести мусбат чиққанларнинг сони ва ўлим ҳолатлари ортиб бориши билан мотивациямиз ҳам кучсизланмоқда. Ҳозирча Измирдаги шифохоналарда катта муаммо йўқ, аммо агар бу жараён шундай давом этадиган бўлса, яъни беморлар кўпайиб, соғайганлар сони камаядиган бўлса, албатта тизим блокланиб қолади», деди у.

GETTY IMAGES

Хусусий шифохоналар «хизмат доирасидан ташқарида»ми?

2018 йил ҳолатига кўра, Туркиядаги умумий ётоқ ҳажмининг 21,65 фоизи, реанимация ётоқ ҳажмининг эса 41,93 фоизи хусусий шифохоналарга тўғри келади.

Хусусий касалхоналар платформаси уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, эпидемиянинг илк кунидан бошлаб ҳозиргача шифо топган беморларнинг тахминан 30 фоизи хусусий шифохоналарда даволанган.

Аммо Ижтимоий хавфсизлик институти июль ойида пандемия пайтида касалхоналарга берилаётган эпидемик ёрдам тўловини тўхтатди ва хусусий шифохоналарга пандемиядан олдинги даврга қайтилганини маълум қилди.

Бу қисқартириш, ўз навбатида, хусусий касалхоналарни молиявий инқирозга дучор қилди ва шунинг учун ҳам хусусий шифохоналар июль ойидан эътиборан коронавирус тести мусбат чиққан беморларни даволамай қўйди, деган фикрлар пайдо бўлди.

Хусусий касалхоналар платформалари уюшмаси раиси доктор Меҳмет Алтуғ эса ушбу ҳолатга қарамай, хусусий шифохоналар коронавирус муолажаларини узлуксиз давом эттираётганини айтди.

Алтуғ, шунингдек, хусусий касалхоналарнинг пандемия касалхонаси деб эълон қилингани уларнинг даромадлари қарийб 50 фоизга қисқаришига сабаб бўлганини, хусусий шифохоналар етарли даражада рағбатлантирилмагани ва Ижтимоий хавфсизлик институти тўловларининг қисқариши уларга салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади.

«Covid-19’га чалинган беморлардан қўшимча тўлов олиш тақиқланди. Ҳолбуки, бир бемор учун ишлатиладиган кунлик ҳимоя воситаларининг нархи кунига 500 лирани (тахминан 68 АҚШ доллари – таҳр.) ташкил қилади. Хусусий шифохоналар бир мунча вақт қўшимча тўловсиз кечаси 33 лирага хизмат кўрсатди. Кейинчалик Ижтимоий хавфсизлик институти пандемик ёрдам тўловини йўлга қўйиб, 666 лира (тахминан 90 АҚШ доллари – таҳр.) тўлашни бошлади. Шундан сўнг хусусий касалхоналар енгилроқ нафас ола бошлади. Кейинчалик бу бекор қилинди, аммо бизнинг тўлов қабул қилишимиз ҳали ҳам тақиқланади.

Шунга қарамай, шифохоналаримизга ётқизилган ва Covid-19 касаллигига шубҳа қилинган беморларни қабул қилиш ва даволашда деярли ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади. Бошдан кечираётган шунча муаммоларимизга қарамай, бирон бир беморни даволашдан бош тортганимиз ёки уни давлат касалхоналарига йўналтирганимиз йўқ», дейди у.

Хусусий шифохоналарда ишлайдиган тиббиёт ходимларининг 15-17 фоизи зарарланганлигини таъкидлаган Алтуғ эпидемияни бошқаришда парадокс мавжудлигини таъкидлади.

«Тиббиёт ходимларимиз ҳозир буткул ҳолдан тойишган. Улар биринчи ойлардаги каби ғайрат ва фидойилик намойиш эта олмайдилар. Covid-19’га чалинган беморлар эса тобора кўпайиб бормоқда, ходимларимиз сони камаймоқда, мавжуд ходимларнинг мотивацияси ҳам тушиб кетмоқда. Covid-19 хизматида ишлашни истамаганлар эса биргалашиб истеъфога чиқишмоқда. Covid-19 билан боғлиқ мусбат ҳолатлар ортиб бораётган бир пайтда Ижтимоий хавфсизлик институти пандемия тўловларини бекор қилмоқда. Бу биз учун бир парадоксдай туюляпти ва афсуски, бундай шароитда давом этишнинг иложи йўқ», дейди у.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид