Ўзбекистон | 12:40 / 26.08.2020
33578
5 дақиқада ўқилади

«Биз позициямизда қатъий турамиз». Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан «Ўзавтомоторс» масаласида суҳбат

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов «Ўзавтомоторс» компанияси фаолияти юзасидан ўтказилган текширув, машина нархлари асоссиз оширилиши ва шов-шувга айланган махсус комиссия қарори юзасидан маълумот берди.

Kun.uz’нинг «Эркин суҳбат» кўрсатувининг навбатдаги сонида автомобиллари нархини сунъий оширишда айбланиб, фаолияти текширилган «Ўзавтомоторс» компанияси ҳақида суҳбат бўлди. Саволларга ушбу текширувни ўтказган Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси аъзоси Улуғбек Давлатов жавоб берди.

«Ўзавтомоторс» қонун бузганми?

Таъкидлаш жоизки, компания ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган. Яъни «Ўзавтомоторс» қонунан монополист саналади. Шунга қарамай, у нархларни шакллантириш жараёнида қонун ва тегишли қонун бандларига амал қилиши лозим. Компания ўз-ўзидан нархни белгилаши ноқонуний ҳисобланади. Монополист ташкилот, хўжалик субъектлари томонидан нархни белгилаш тартиби бузилганда, ваколатли давлат органи буни текширишга ҳақли.

Махсус комиссия қарори қандай қабул қилинган?

Жорий йил 19 августда қабул қилган қўмитанинг махсус комиссияси қарори Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «Ўзавтомоторс» АЖ фаолиятининг текшируви натижаларига асосланади. Ушбу текширув Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи асосида ўтказилган. Ушбу текширув 6 июнь бошланган ва 20 кун давом этган. Шундан сўнг, мутахассислар томонидан далолатнома расмийлаштирилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов

Текширувнинг тўғри ва холис амалга оширилгани аниқлаш мақсадида 26 июндан сўнг бир ой давомида суриштирув ўтказилган. Шу орада депутатлар ҳам сўров юборган. Ўрнатилган тартибда депутатлик сўровига жавоб берилган ҳамда «Ўзавтомоторс» АЖ фаолиятида йўл қўйган қонунбузар ҳолатлари аниқлангандан сўнг, қўмитанинг тегишли иш қўзғатилган.

Унга мувофиқ, ишни махсус комиссияга ўрганиб чиқиб, якуний қарор қабул қилиши лозим эди. Аввал, 3 август куни махсус комиссия йиғилиши «Ўзавтомоторс» илтимоси билан 7 августга қолдирилган. Кейин эса, қўшимча маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш важи билан ушбу йиғилиш 19 августгача қолдирилган. Ваниҳоят, ишни қарийб 3 ой давомида ўрганган қўмита вакиллари ҳал қилув қарорини қабул қилган.

«Ўзавтомоторс» компаниясининг важларида таъкидлангандек, масалани атрофлича ўрганиб чиқиш учун муддат етарли эмаслиги ҳақиқатга мос эмас. Негаки, иш қўзғатилган кунгача бир ой суриштирув ҳам бўлганди.

Махсус комиссия кимлардан иборат ва унинг қарори қонуний кучга эгами?

Махсус комиссия фаолияти ҳукуматнинг тегишли қарори билан тартибга солинади. Комиссия етти нафар аъзодан иборат бўлиб, уларнинг бири комиссияга раислик қилади. Айни пайтда унга қўмита раисининг ўринбосари Бекзод Умматов раислик қилмоқда, шунингдек, Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бешта бошқармаси бошлиқлари комиссия аъзолигига киритилган.

Қонун ҳужжатларга асосан, махсус комиссиянинг қарори вазирлик, идора ва ташкилотлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Қарор талаблари бажарилиши учун бир ой муддат берилади. Шу вақт ичида асослантирувчи ҳужжатлар билан жавобгар томон судга ё қўмитага мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Агар берилган бир ой муддат ичида судга, қўмитага мурожаат этилмаса, шунингдек, жавобгар томон талабларни бажаришдан бўйин товласа, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178 моддасига («рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш») асосан жавобгарликка тортилади. 

Маъмурий жавобгарлик қўлланилгандан сўнг, ҳолат давом этса, яъни кўрсатма талаблари бажарилмаса, Жиноят кодексига асосан жиноий жавобгарликка тортиш учун тегишли идораларга тақдимнома киритилади.

Қўмита суд ишларига тайёрми?

Компания судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Авваламбор, судга мурожаат этилганда, киритилган даъво аризасидан нусха Монополияга қарши курашиш қўмитасига ҳам юборилади. Суд қандай қарор чиқаришидан қатъий назар, қўмита ўз позицияни ўзгартирмайди. Негаки, қарийб 3 ой давом этган иш давомида барча эътироз ва важлар ўрганилган. 2019 йилда 610та иш қўзғатилганди, шундан 5таси суд томондан рад этилган. Яъни рад этилган қарорлар умумий ишларнинг 1 фоизини ҳам ташкил қилмайди. 2020 йилда эса 189та иш қўзғатилган бўлиб, ҳозирча суд томонидан бирор иш рад этилмаган. Аммо судда кўриб чиқилаётган, якунига етмаган ишлар мавжуд.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Отахон Юсупов

Мавзуга оид