Жаҳон | 17:38 / 26.08.2020
5414
2 дақиқада ўқилади

Висконсинда полиция билан тўқнашувлар вақтида икки киши ҳалок бўлди

Кеноша шаҳрида тартибсизликлар, ўт қўйишлар ва талончиликларга айланиб кетаётган намойишлар якшанбадан бери давом этмоқда.

Фото: AP Photo/Morry Gash

25 август куни Висконсин штати полицияси Кеноша шаҳрида ирқчиликка қарши намойишга чиққанларга нисбатан ўточар қурол қўллади. Уч киши яраланган, улардан икки нафари вафот этди, деб хабар берди АР агентлиги.

Яраланган шахс касалхонада оғир аҳволда ётибди, аммо унинг ҳаёти хавф остида эмас, деди шаҳар полицияси вакили Жозеф Нозейлик.

Ўт очиш билан боғлиқ ҳолат маҳаллий вақт билан соат 23:45лар атрофида содир бўлган. Бундан аввал полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган, намойишчилар эса дўконларга ўт қўйган.

Кеноша шаҳрида тартибсизликлар, ўт қўйишлар ва талончиликларга айланиб кетаётган намойишлар якшанбадан бери давом этмоқда. Ўша куни полиция ходимлари 29 ёшли афроамерикалик Жейкоб Блейкка бир неча марта ўқ узишган. У касалхонага ётқизилган. 

 Полициячиларнинг бу ҳаракати акс этган видеолавҳа тармоқларда тарқалганидан сўнг полицияга қарши намойишлар тўлқини бошланди. 

 Душанба куни Висконсин губернатори Тони Иверс Кеноша шаҳрига 125 нафар миллий гвардиячиларни чақирди ва шаҳарда комендантлик соати жорий этди. Тартибсизликлар иккинчи куни ҳам давом этганидан сўнг у шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва яна 125 нафар миллий гвардия ходимини ёрдамга чақирди.

Мавзуга оид