Спорт | 09:28 / 27.08.2020
24867
7 дақиқада ўқилади

Месси vs «Барселона»: мухлислар оёққа турди, «Сити» трансферга ишора қилди. Сўнгги тафсилотлар

Лионель Месси «Барселона»дан кетиши ҳақидаги гаплар тобора жиддий тус олмоқда. Замонавий футболда ҳеч бир футболчининг бир клубдан кетиши бу қадар муҳокама қилинмаган. Кўпчиликнинг фикрича, Месси ­­­­клуб тарихидаги энг муҳим футболчи. Клуб раҳбариятидаги шармандали ҳаракатлар сабаб Месси чиндан «Барселона»дан кетиш ҳақида ўйламоқда.

Мухлислар қўзғалди

Хуан Лапорте кетгач «Барселона» раҳбарияти жуда кўп хато қарорлар билан ёдда қолди. Хусусан, клубни жаҳоннинг энг кучли клубига айлантирган Гвардиола кетиб қолди. Энди клуб тарихидаги энг муҳим инсон бўлган Месси кетишни истамоқда. Бу эса мухлисларнинг тоқатини тоқ қилди. Улар клуб қароргоҳига бориб, Бартомеунинг истеъфосини талаб қилишди. Қайсидир клуб раҳбари бу қадар ерга урилмаган бўлса керак. Аммо бугунги кунда трендда бўлган бир раҳбарга ўхшаб тахтга «ёпишиб олган» Бартомеу ҳали-бери кетмаслигини очиқ айтмоқда.

Бироқ бу қадар жиддий қаршилик самарасиз кетиши қийин масала. Мухлислар клуб қароргоҳи олдида тўпланиб, бир кишининг истеъфосини талаб қилса, бу ҳолат маҳаллий ҳокимиятга ҳам ёқмаслиги аниқ. Катта эҳтимол, билан бу ҳолат Бартомеунинг истеъфоси билан тугайди. Акс ҳолда ягона йўл қолади – Месси кетади.

Куман обрўсини йўқота бошлади

Ҳали жамоа билан машғулот ўтказишни бошламай туриб Рональд Куман мухлислар нафратига сабаб бўлиб улгурди. Унинг Месси билан учрашуви тафсилоти аниқ бўлди. Месси ҳозир қандай ҳолатда эканини инобатга олсак, суҳбат тафсилотлари аниқ тарқаганига ишониш мумкин. Чунки Лео бу қадар қўрсликдан кейин кимгадир «ёрилиши» аниқ. Маълум бўлишича, Куман Мессига жамоада ҳеч ким ундан устун бўлолмаслигини очиқ айтган. Тасаввур қиляпсизми, клуб тарихидаги энг муҳим инсонга бир вақтлар «Барселона» билан ЕЧЛни ютган футболчи ва эндиликда мураббий «Сен ҳеч ким эмассан», дегандай гап қилган. Ўз ихтиёрида дунёнинг энг зўр футболчиси бўлишини хоҳламайдиган инсонни қандай қилиб яхши мураббий деб аташ мумкин? Куман шундай давом этса, мухлислар уни узоққа олиб боришмайди. Агар Месси кетиб қолса, Куман ва Бартомеу масаласининг биратўла «жанозаси ўқилади».

Куман Суарес, Видаль ва Ракитичга ҳам уларни жамоада кўришни истамаётганини айтган. Ошиб борса, Нидерландия чемпиони бўлган мураббий бу иши билан Кике Сетьенни ҳам «авлиёга айлантиради». Бундай қарорлар қабул қиладиган мураббий билан Мессини жамоада сақлаб қолиш эса жуда мураккаб. Шу боис мавсум бошланиши олдидан Бартомеу ва Куман кетиб қолса ҳам ажаб эмас.

«Манчестер Сити» трансферга ишора қилди

«Манчестер Сити» илмоқли ҳаракатни амалга оширди. «Шаҳарликлар»га тегишли «Man City Esports» твиттер аккаунти шу кунларда актуал бўлган мавзудаги пост жойлади. Бу пост мухлислар орасида кенг муҳокама қилинган.

#WelcomeMoonchester деб ёзилган фильмлардаги ўзга сайёраликларни эслатувчи ўйинчоқ тақдимоти ҳақидаги постда. Матнга Ой ва эчкининг белгиси ҳам илова қилинган. Эчки интернетнинг инглизча сегментида «барча замонларнинг энг яхшиси» (greatest of all time) маъносида ишлатилади. Чунки goat инглизчада эчки дегани.

Ўз навбатида, кўпчилик барча даврларнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этадиган Лионель Месси ҳақида постларда тез-тез эчкининг рамзи ишлатилади. Ҳатто унинг эчки билан тушган сурати журналлар муқовасига қўйилган. Шунингдек, Мессини «ўзга сайёралик» деб ҳам аташади. Шу боис «Манчестер Сити»нинг бу пости Мессининг трансферига ишора бўлишини тахмин қилиш мумкин. Чунки бу оддий ҳазилга ўхшамаяпти. Етмаганига Месси инстаграмда «Манчестер Сити»ни ўқишни бошлаган.

Месси ФИФАдан трансфер сертификатини сўраган

Журналист Танкреди Палмерига кўра, Месси ФИФАдан халқаро трансфер сертификатини сўраган. 25 август куни Лео «Барселона»ни тарк этиши ҳақида клуб раҳбариятини хабардор қилган. Мессининг шартномасида белгиланган товон пули 700 миллион еврога тенг.

Футболчи шартномани бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги банддан фойдаланиб, «Барселона»ни эркин агент мақомида бепул тарк этишни кўзлаган. Бироқ футболчи бу имкониятдан 30 май кунигача фойдаланиши мумкин эди. Аммо ҳужумчининг ҳуқуқшунослари пандемия туфайли чўзилиб кетган мавсум сабабли бу имконият йўқотилмаган деб ҳисобламоқда.

Клубдагилар нима демоқда?

«Барселона»нинг янги спорт директори Рамон Планес ҳам Мессининг кетиши борасидаги мишмишлар ҳақида гапирди.

«Месси бизга «Барселона» машғулотларига қайтмаслиги ҳақида гапирмади. У «Барселона» тарихидаги энг зўр футболчи. Биз келажакдаги жамоани унинг атрофида тузишни истаймиз. Биз уни олиб қолишнинг уддасидан чиқамиз. Бу ҳақда Куманга ҳам айтдим», деди У.

Испаниядаги нашрларда ёзилишича, Бартомеу Мессининг жамоадан кетишига қарши эмас. У фақат футболчини бепул қўйиб юборишни истамаяпти. Леонинг кейинги йил ёзда якунига етадиган шартномасига кўра, уни қўлга киритмоқчи бўлган жамоа «Барселона»га 700 миллион еврони қуртдек санаб бериши керак. ОАВда «Сити» ёки «ПСЖ» 33 ёшли Месси учун 700 миллион тўламаслиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда, аммо имконияти етадиган ҳар қандай клуб Мессини қўлга киритиш учун пулни аямаса керак. Чунки у ҳали яхши формада ва бир неча йил юқори даражада футбол ўйнай олади. Бундан ташқари, Мессини олган ҳар қандай клуб бунинг орқасида трансферга кетган пулни чиқариб олиши ҳам тайин.

Месси ўзига гард юқтирмай кетишни истайди

Маълум бўлишича, «Барселона» Куман бошчилигидаги илк машғулотини ўтказади. Бу машғулотга кўп нарса боғлиқ бўлиши айтилди. Чунки Мессининг унда қатнашиш-қатнашмаслиги чиндан кўп нарсага ойдинлик киритади. Хабарларга кўра, Месси бу машғулотда қатнашади. Чунки кетиш олдидан клубдагиларга ўзини жазолаш учун имкон қолдирмоқчи эмас ва номига гард юқтирмай кетмоқчи.

Мавзуга оид