Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лидерликдан инновацион лойиҳаларгача – Ёшлар академиясининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Бугун 29 август куни, Ёшлар академияси аъзоларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда академия аъзоларининг лойиҳалар тақдимоти, уларни аъзолик сертификати билан тақдирлаш, шунингдек, «Лидерлар китоби» тақдимоти ўтказилди.
Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов аъзоликка янги қабул қилинган ёшларни табриклаб, вазирлик қошидаги бу ташкилот моҳияти ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
«Ўзбекистон Фанлар академиясидаги академикларнинг асосини 60 ёшдан юқори бўлган олимларимиз ташкил этади. Биз каби ёшлар ҳам бор, лекин бу кам, албатта. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси очилганда кўпчилик ФАга рақобат қиладиган ташкилот тузиладими, деган фикрга ҳам борганди. Таъкидлаб айтаманки, бу ундай эмас албатта, ташкилот ёш тадқиқотчиларни бирлаштиришга, улар орқали эса бошқа ёшларни инновацион ғояларга йўналтиришга хизмат қилувчи тузилма бўлади», дейди вазир.

Тадбир давомида академия аъзолари ўз лойиҳалари тақдимотини ҳам ўтказишди.
«Интерактив доскали студия – Масофавий дарслар учун қулайлик яратади»
Расулжон Аҳмедов, Ёшлар академияси аъзоси. Навоий давлат кончилик институтини битирган, 2010-2020 йилларда Москвада инженерлик лойиҳаларида қатнашган.

«Бир неча йил Россияда инженерлик бўйича лойиҳаларда қатнашдим. Шу вақт давомида шерикларим билан биргаликда интерактив доскали студия ишлаб чиқдик. У масофавий таълимда анчагина енгилликлар яратади. Досканинг аҳамияти шундаки, бунда бевосита масофавий таълимда дарс олиб бориш, ёзиш, ўчириш, шу билан бир вақтда слайдларни бошқариш ҳам мумкин.

Ҳозирда телеканалларда узатилаётган онлайн дарсларда ўқитувчи бир томондан доскани тўсиб қолади, ёки соя тушиб эфирга таъсир қилади. Биз тақдим этаётган интерактив доскали студия бу камчиликларни осон ҳал этади, шунингдек, унда бир неча амалларни бир пайтда бажариш мумкин бўлади. Масалан, доскада ҳам ёзиб бориш, ҳам слайд ва видеоларни кўрсатиш имкони мавжуд. Ўқитувчи дарсни тушунтиришда қийинчиликка учрамайди.
Биз буни кенгроқ миқёсда фойдаланиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигидан ёрдам сўраганмиз ва ҳар бир ОТМга татбиқ қилмоқчимиз», дейди лойиҳа муаллифлари.
«Бугунги муаммолар ностандарт фикрлашга мажбур қиляпти»
«Бугунги кунда пандемия бизнинг мавжуд билим ва кўникмаларимиз эскирганини кўрсатиб қўйди. Пандемия янги муаммони олиб келди, бунга қарши курашиш учун эса бизга янги кўникма керак. Бугунги муаммо ностандарт фикрлашга мажбур қиляпти. Бу давр ёшлар учун зўр имконият: чет тилларини биладиган, IT технологияларини тушунадиганлар бундан фойдаланиши зарур.

Бугунги замон китоб ўқимаган одамни четга чиқариб ташлаяпти. Бугун давлатга қайга ишга кираман эмас, қанча иш ўрни яратаман деган одам керак. Ёшлар академияси ҳам шу мақсадни кўзлаган ёшларни ўз сафига чақиради.
«Лидерлар китоби» ўқувчига нима беради – аввало, китоб ўқувчига кўзгу бўлиб, хатоларини топишда ёрдам беради. 21-35 ёшдаги юртдошларимизга ушбу китобни ўқишни тавсия қилган бўлардим.
Менинг наздимда, лидер бу етакчи эмас, лидер бу умид берувчи бўлиши керак», дейди «Лидерлар китоби» муаллифи Отабек Ҳасанов.
Ёшлар академияси 2019 йил 30 августда президент қарори асосида Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида ташкил этилган эди. Ўтган бир йил мобайнида ташкилотга 1800дан ортиқ ёшлар аъзо бўлиб кирган.

Бугунги кунда ёш тадқиқотчилар академияда 4та платформада геология, биология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноат, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш, туризм соҳаларида ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Мавзуга оид
11:48 / 14.01.2020
Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «Ёшлар технопарки» ташкил этилади
07:41 / 31.08.2019
Президент қарори: Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилди
20:30 / 07.07.2019
«Ёшлар академияси ташкил этилади» — президент маслаҳатчиси
08:47 / 03.06.2019