Ўзбекистон | 20:30 / 07.07.2019
16563
3 дақиқада ўқилади

«Ёшлар академияси ташкил этилади» — президент маслаҳатчиси

Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан иккита ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Фундаментал тадқиқотларда бюджетга ўтиш, бундан ташқари, янги кенгаш ташкил қилинади ва Ёшлар академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Халқаро пресс клубда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Фан ва технология кенгаши бу йўналишларни белгилаб беради. 

«Ёшлар робототехника, мехатроника, сунъий интеллект ва бошқа масалаларда анча ишлаши мумкин. Академикларнинг ўрта ёши бугунги кунда 77 га чиқди. Шу устозларга ёшлар керак. Уларнинг устозлар билан қиладиган анча иши бор», —  дейди у.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Олим Тўйчиев Ёшлар академиясини тузиш масаласига тўхталиб ўтди. 

«Республикамизда 22 мингдан ортиқ илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш олимлар мавжуд. Уларнинг олиб бораётган тадқиқотига тўхталадиган бўлсак, 69та илмий тадқиқотлар ишлари олиб бориляпти. Уларнинг умумий қиймати 3,5 млрд. сўмдан ошиқ. 

Ёшлар академияси ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, авваламбор, бу ҳар жойда тарқоқ ҳолда олиб борилаётган кичик-кичик ишланмаларини бир ерга тўплаш, улар учун ҳақиқий замонавий платформа яратиш мақсадида ташкил этилмоқда. Ва ҳозирги кунда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан ҳамоҳанг равишда уларни давом эттирган ҳолда бугунги кунда замон талабига жавоб берадиган янги тадқиқотларни амалга ошириш имкониятларини яратади», —  дейди у.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳозирда реал иқтисодиёт секторининг талаблари бўлган 3D моделлаштириш, робототехника, мехатроника, сунъий идрок ва шу каби янги-янги соҳаларни тадқиқ этишга имконият яратади.

Олим Тўйчиев янги ёшлар ташкилотининг таркибий тузилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Ёшлар академияси 4та платформада ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу, авваламбор, янги замон олимларини яратиш учун мўлжалланган. Биринчи платформа ғоялар генератори, иккинчиси стартаплар, бизнес билан шуғулланадиган ёш олим, инновацион тадбиркор ва шу каби бўлажак академиклар платформамиз мавжуд», — дея таъкидлаган у .

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид