Ўзбекистон | 09:15 / 31.08.2020
8434
2 дақиқада ўқилади

Висконсин штати губернатори Трампдан штатга келмасликни илтимос қилди

АҚШнинг Висконсин штати губернатори Тони Эверс АҚШ президенти Дональд Трампга расмий мактуб йўллаб, ундан штатда жойлашган Кеноша шаҳрига келмасликни сўради. Кеношада полициячилар томонидан қора танли Жейкоб Блейк яралангандан кейин охирги кунларда тартибсизликлар юз бермоқда. 

“Тушунишимча, сиз Кеношага келмоқчисиз ва Оқ уйдаги хабарларга кўра, сиз буни якшанба [1 сентябрь] куни амалга оширмоқчисиз. Сиздан бу режангиз борасида яна бир бор ўйлаб кўришни илтимос қиламан”, дейилган губернаторнинг мактубида.

Унинг таъкидлашича, Трампнинг шаҳарга келиши вазиятни янада чигаллаштириб, намойишчилар ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги зиддиятларни енгиб ўтиш жараёнини секинлаштиради.

“Мен ва штатдаги жамоатларнинг бошқа етакчилари сизнинг Кеношага келишингиз штат учун нимани англатишидан хавотирланмоқдамиз”, деб таъкидлаб ўтган Эверс ва ҳозирда жамиятни тиклаш учун ресурсларни тежаш кераклигини қўшимча қилган.

Кеношадаги оммавий норозиликлар 23 августдан бери давом этиб келмоқда. Улар қора танли Жейкоб Блейк полиция томонидан яралангандан кейин бошланган.

Аввалроқ Трамп АҚШдаги тартибсизликларни тўхтатишнинг ягона йўли куч қўллаш ҳисобланишини айтган. “Демократлар томонидан бошқарилувчи, жиноятчилик даражаси юқори бўлган шаҳарлардаги зўравонликни тўхтатишнинг ягона йўли – куч қўллашдир!”, деб ёзган АҚШ президенти твиттерда.

Мавзуга оид