Жамият | 19:03 / 02.09.2020
10191
2 дақиқада ўқилади

Тест куни ёғингарчилик кузатилса, қандай йўл тутилиши маълум қилинди

Имтиҳон куни ўзгарса, ҳар бир абитуриентга SMS-хабарнома юборилади.

Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабов тест синови кунида ёғингарчилик кузатилса, қандай йўл тутилиши ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Агар ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинса, тест синовлари куннинг бошқа қисмига, ёғингарчилик 2-смена вақтига тўғри келса, имтиҳон бошқа кунга кўчирилади.

Агар абитуриентлар стадион ёки хиёбон ҳудудига кириб бўлган пайтда ёмғир ёғса, улар пана жойларга ўтказилади; тест синовлари бошлангач жойларига ўтиришади.

Тест синовлари куни ўзгарса, ҳар бир абитуриентга SMS-хабарнома юборилади», – деди Барно Ражабов АОКАдаги брифингда.

ДТМ расмийсига кўра, 2 сентябрга қадар 3 мингга яқин абитуриент ўз рухсатномасини юклаб олмаган.

«Рухсатномани шу пайтга қадар юклаб олмаган абитуриентларга ёрдам бериш учун ОТМлар билан ҳамкорликда имтиҳонга кириш жойларида рухсатномаларни чоп этиб бериш тизими ташкил этилди.

Лекин абитуриентлар бунга ишониб, ўз рухсатномасининг чоп этилмаган варианти билан келишлари керак эмас», – деди Барно Ражабов.

Қўшимча қилинишича, абитуриент тест ҳудудига ўзи олиб келган тиббий ниқоб ёки вирус блокаторни таққан ҳолда кира олмайди. Улар орқали имтиҳон ҳудудига турли воситалар олиб кирилиши эҳтимоли борлиги учун бунга рухсат берилмайди.

Мавзуга оид