Иқтисодиёт | 23:30 / 03.09.2020
13418
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways 2020 йилнинг биринчи ярмида 767,7 млрд сўм зарар кўрди

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2020 йил биринчи ярмидаги тушуми 1,7 трлн сўмни ташкил қилди. Компания биринчи ярим йиллик натижаларига кўра, 767,7 млрд сўм зарар кўрган.

Фото: KUN.UZ

Avesta Investment Group’да таъкидланишича, пандемия компанияга кучли таъсир қилган. Олинган тушумдан бор-йўғи 18 фоизи пандемия авж олган 2-чоракка тўғри келган.

Авиакомпаниянинг зарари 767,7 млрд сўм ёки тушумдан 43,3 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, компаниянинг умумий активлари 1,4 фоизга ўсиб, 17,5 трлн сўмни, шахсий капитали эса 2,9 фоизга ўсиб, 5,79 трлн сўмни ташкил қилган.

Корпоратив ахборот ягона порталида 2019 йилнинг биринчи ярмига нисбатан таққослаш ўтказиш учун компаниянинг ўша давр бўйича ҳисоботи берилмаган. Компания порталда 2019 йил 3-чораги ҳамда 2020 йилнинг 1-чораги бўйича ҳисобот жойлаштирган. 

2020 йилнинг 1-чораги (январь-март ойлари) бўйича Uzbekistan Airways’нинг тушуми 1,44 трлн сўмни, кўрган зарари 299,7 млрд сўмни ташкил қилган.

Май ойи охирида пандемия таъсирини юмшатиш мақсадида карантиндан энг кўп жабр кўрган компаниялар Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports’га 122 млн долларлик кредитлар бўйича тўлов муддатларини кечиктириш ва 60 млрд сўмдан кўпроқ солиқ имтиёзлари берилган. 

Бундан ташқари, Инқирозга қарши кураш жамғармаси томонидан ушбу компанияларга 50 млн доллар миқдорида фоизсиз ссуда берилган.

Мавзуга оид