Жамият | 18:38 / 04.09.2020
8811
3 дақиқада ўқилади

Milliy телеканали очилганига 4 йил тўлди

Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистондаги хусусий телеканаллардан бири – MILLIY телеканали фаолият бошлаганига 4 йил тўлди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов MTV очилишида бевосита иштирок этгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, канал очилган пайтда ижодий жамоа бор-йўғи тахминан 20 кишидан иборат бўлган.

«Оҳ, ўша ҳаяжонлик дамлар! Ишонасизми-йўқми, ушбу канал ишини 20 нафарча одам билан бошлаганмиз. Булар – Юлдуз Ҳошимова, Акром ва Қаҳрамон Маҳкамовлар, Баҳодир Қосимов, Бахтиёр Иноғомов, Шуҳрат Расулов, Дэйл Аҳмади, Суннатилла Қўзиев, Жасур-дангаса Шаметов, Паша Ким, Сарвар Пулатов, Мунис Тошматова, Ботир ва Ўткир Муҳаммадхўжаевлар, Ҳасан ва Ҳусан Салиҳовлар, Севдо Ниёзова, Аюб Шаҳобиддинов, Шуҳрат Жалилов, Сергей Ким.

Эрта тонгдан «Ассалом» қўшиғи билан «Ширчой» дастури, кечки «МТВ шоу», чиройли миллий либосларда ўзбек аёллари роликлари, «Ҳолва», «Лаззат ошхонаси», «Оталар сўзи» каби юзлаб лойиҳаларни амалга оширдик.

Энг бахтли дамларим эди ўша пайтлар! Чунки ичимдан қайнаб чиқаётган ғояларимни амалга оширишдан мени ҳеч ким ва ҳеч нима тўхтатиб қололмасди. Менда ўзбек халқининг урф-одатлари, маросим-тадбирлари, ўзбек миллатининг ҳақиқий қадриятлари, турмуш тарзини кўрсатиб бериш имкони бор эди.

Бугун телеканал 4 ёшга тўлди. Бу даврда у ўз ўрнига эга бўлди. Мухлисини топди. Файз ва сифатни ушлашга ҳаракат қилди, бачканаликдан қочди. Энг нуфузли 8 тонналик ош ва «Ўзбегим» китоби лойиҳаларини амалга ошириб, ўзбек ошини Гиннес рекордлари китобига киритган ҳам MILLIY телеканали бўлди.

Канал барча ўзбек шоу бизнес вакилларининг майдонига айланди. Йиллар давомида қатъий тақиқда бўлган машҳурлар – Шерали Жўраев, Обид Асомов, Юлдуз Усмонова, Озода Нурсаидовалар фаолиятларини қайта тиклашлари ва янги даврдаги биринчи чиқишлари ҳам айнан MILLIY телеканалида бўлди.

Гапирса, гап кўп. Бир сўз билан айтганда, туғилган кун муборак! Илоҳим, кўз тегмасин бу каналга. Яшнайверсин бу канал! Умри ва фаолияти узун бўлсин! Байрам муборак, ҳамкасбларим!» – дея телеканал жамоасини табриклади Комил Алламжонов.

Масс-медиа фонди раҳбари ўз табригига эфирнинг дастлабки сонияларидаги жамоа қувончи акс этган видеони илова қилди.

Маълумот учун, Milliy TV — нодавлат мусиқий-кўнгилочар ва маърифий канал саналади. Телеканал эфир вақтининг 70 фоизи ўзбек тилида, 30 фоизи рус тилидаги дастурлардан иборат. 2017 йил 1 январидан канал ўз кўрсатувларини тун-у кун эфирга узата бошлаган.

Мавзуга оид