«Ўзбекистон астрономик кузатувлар марказига айланиш потенциалига эга» – астрофизик Арман Турсунов билан суҳбат
ЎзФА Астрономия институти илмий ходими, Чехиянинг Силезия университети профессори, физика-математика фанлари доктори Арман Турсунов Kun.uz мухбири билан суҳбатда илмга кириб келиши, илмий фаолияти, астрономия-астрофизика фани истиқболлари, эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.
28 ёшли Арман Турсунов бир неча кун аввал Милан Одегнал номидаги Чехия Республикаси Физика жамиятининг биринчи даражали мукофотига лойиқ кўрилганди. Тақдирлаш маросими 9 сентябрда ўтказилади.
– Зиёлилар оиласида таваллуд топганман: отам назариётчи физик ва муҳандис, онам эса шифокор. Айнан физика-математика фанларига қизиқишимда отамнинг ҳиссалари катта. Кейинчалик ушбу соҳада мени илмий фаолиятга йўналтирган инсон бу устозим профессор Бобомурод Аҳмедов ҳисобланади. У киши билан биринчи марта Европа давлатларига илмий сафар қилганман ва шу сабаб бўлиб, кейинчалик илмий фаолиятим Чехия давом этди. Магистратурани тамомлаганимдан сўнг Силезия университетига докторантурага ўқишга таклиф қилишди, бу мен учун катта имконият эди десам бўлади.
Чехияда физика-математика фанлари бўйича PhD унвонини ёқладим. Ўтган йили эса Ўзбекистонга қайтиб ЎзФА Астрономия институтига ишга кирдим ва шу ерда фан докторлиги диссертациясини ҳимоя қилдим, дейди олим.
– ЎзФА Астрономия институти ва Силезия университетидаги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз. Бу икки жойдаги ишингизни қандай бирга олиб борасиз?
– Ҳозирда Астрономия институтида катта илмий ходим ҳамда Чехиянинг Опава шаҳридаги Силезия университетида катта ўқитувчи бўлиб ишлайман. Шу билан бирга, илмий тадқиқотлар олиб бораман.
Бу икки илмий муассаса орасида илмий ҳамкорлик мавжуд. Уларнинг илмий йўналишлари орасида мен шуғулланадиган қора туйнуклар тадқиқотлари ҳам бор.
Шунингдек, ҳозирда мен КРЕДО деб номланадиган катта лойиҳага аъзоман ва тадқиқот олиб боряпман. Бу лойиҳамиз орқали космик нурларни мобил телефонлар ва аппаратлар орқали тутиш мумкин бўлади.
Космик нурлар деганда, коинотдан келадиган ўта юқори энергияли зарралар тушунилади. Уларнинг келиб чиқиши ва қаердан келиши номаълум. Уларнинг энергияси шунақа каттаки, унинг бир протон заррасида теннис коптогининг 100 км/с учгандаги қуввати мавжуд. Буни жуда катта макроскопик энергия микроскопик зарранинг ичида деса бўлади.
Биласизми, бундай энергияни ер юзида ҳеч бир экспремент билан ҳеч қачон яратиб бўлмайди. Ягона тажриба бу уларни кузатиш, космик нурлар обсерваторияси билан тутиш, лекин бу каби обсерватория ҳам жуда қиммат. Устига-устак, бу зарралар Ерга кам келади, бир йилда бир неча марта бўлиши мумкин.
Шунинг учун «citizen science» – «фуқаролик илми» концепцияси асосида бир лойиҳа тузилди. Астрофизикадан хабари бўлмаган ҳар ким олимлар ишлаб чиққан ўша дастурни юклаб, космик нурларни тутиши ва илмга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Бу ҳозирда Польша, Чехия, Словакия, Венгрияда синаб кўриляпти.
– Силезия университетидаги фаолиятингиз давомида, у ердаги таълим тизимини Ўзбекистондаги олий таълим билан таққослаб кўрасизми?
– Биринчи навбатда айтишим керакки, бизда кучли фундаментал билим берилади. Бу ютуқли тарафи албатта. Европа университетларида тор соҳага йўналтирилган билим берилади. Ўзбекистонда физика бўйича таҳсил олган ёшлар тор соҳа эмас, фундаментал билимга эгалиги сабабли кўплаб давлатларда физикага яқин йўналишларда фаолият юритиши мумкин.
Биз ўқиган даврларда физикага тааллуқли бўлмаган фанлар кўп эди ва бу талабанинг вақтини кўп ўғирлар эди. Европалик талаба фанни ўзи учун ўзи танлайди. Балки буни яхши-ёмон дейиш керакмасдир, чунки системалар ҳар хил.
Европа мамлакатлари кичик ва бир-бирига яқин бўлгани сабабли талабалар учун жуда кўплаб таълим дастурлари бор. Бир неча семестр бошқа университетларга бориб ўқиб келиши мумкин.
– Назария билан шуғулланиш сизни зериктирмайдими?
– Мен қилаётган тадқиқотларни тоза назария деб бўлмайди. Бизнинг ишларимиз астрономик кузатувларга асосланади. Микрофизика билан шуғулланадиган одамлар ер устида лабораторияда эксперимент қилса, бизнинг экспериментал лабораториямиз бу – коинот. Коинот эса ҳамма учун қизиқ олам.
Астрофизика йўналиши Ер сайёрасининг коинотдаги ва галактикадаги жойи, ундаги ҳодисаларнинг инсоният ҳаётига таъсири каби саволларга жавоб излайди.
– Яқинда биринчи марта хусусий компания космосга ракета учирди ва буни бутун дунё ҳайрат билан томоша қилди. Бу илм учун ҳам хизмат қиладими ёки илм-фан натижаси холосми?
– Билиб олиш керакки, биринчи навбатда, Илон Маск бу – бизнесмен. Ракеталарнинг асосий мақсади коинотни тушуниш-тушунтириш эмас, кўпроқ бизнес мақсадига йўналтирилган. Шунинг учун буни илм-фан натижаси дейиш мумкин.
– Астрофизика илми тараққий этиши Ўзбекистон учун қандай истиқболлар очади?
– Астрономия ва астрофизика соҳаси биз учун анъанавий десак ҳам бўлади. Чунки ўрта асрларда Ал-Беруний, Мирзо Улуғбек каби алломалар астрономия илмига улкан ҳиссаларини қўшишган. Бизнинг ҳудудда астрономияга мос келадиган астроиқлим юлдузларни кузатиш учун жуда ҳам қулай. Йил давомида 300 кундан ортиқ булутсиз очиқ осмон юлдузларни кузатиш учун айни муддао ҳисобланади.
Астрономия ривожланиши учун бизда имкониятлар катта деб ўйлайман. Яқин йилларда астрономия йўналишида катта лойиҳа амалга ошиши кутиляпти, бу Суффа-70 деб номланади. Жиззах вилоятининг тоғли Суффа деган ерида 70 метрлик катта радиотелескоп қурилади. 1981 йилда бошланган бу лойиҳа анча вақтдан бери тўхтаб қолган эди.
Агар лойиҳа охиригача амалга ошса, дунёдаги энг катта субмиллиметрли радиотелескоплардан бири бўлади. Бу билан қора туйнукнинг жуда яқинида бўладиган жараёнларни ўрганиш, шунингдек уларнинг фотосуратини олиш мумкин.
Хабарингиз бўлса, ўтган йили катта халқаро тадқиқотда қора туйнукнинг биринчи фотосурати олинган эди.
– Ўзбекистонда бу илм соҳаси келажагини нималарда кўрасиз?
– Албатта, биринчи навбатда фанни молиялаштириш керак. Ҳар қандай илм-фан катта маблағ талаб қилади, айниқса астрономия, чунки замонавий асбоб-ускуналар, телескоплар жуда қиммат туради. Булар учун каттагина инвестиция керак.
Шу билан бирга, битта мамлакатнинг ўзи замонавий илмни қуриши қийин. Ҳатто Европанинг алоҳида бирор мамлакати ҳам бунга қодир эмас, шунинг учун илмда мамлакатлараро ҳамкорлик катта роль ўйнайди. Эътибор берилса, катта-катта ютуқлар бир неча мамлакатлар томонидан халқаро ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда астрофизикани ривожлантириш учун жаҳонда шунга ўхшаш мисоллар бор. Масалан, Чилини олсак, 30-40 йил аввал камбағал давлат бўлган. Ҳозирда Чилида энг замонавий ва энг катта телескоплар жойлашган. Фақатгина телескоплар орқали эмас, ерусти тажрибалари ҳам олиб бориляпти.
Хўш, улар қандай қилиб бунга эришди. Биринчи навбатда уларда биздаги каби яхши астроиқлим бор, иккинчидан, Чили ҳукумати хорижлик олимларга инфраструктура ва эркин иш шароити таклиф қилди ва булар ҳаммаси текинга – ҳеч қанақа солиқ ёки тўловларсиз. Фақат битта – тажрибаларнинг 10 фоиз вақти чилилик олимларга ажратилсин, деган шарти бор эди.
Кўпгина Европа ва Америка институтлари ўзларининг телескоплари, асбоб-ускуналарини Чилига олиб боришди. Ҳозирда Параналда жуда катта телескоп (номи – VLT – Very Large Telescope) жойлашган. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш потенциал бор.
Келажакда йирик телескоплар ва лабораториялар иш бошлайдиган бўлса, биринчидан, олимларимизда ўша кузатувлар натижасини биринчи бўлиб қўлга киритиш ва ўз мақолаларида фойдаланиш имконияти бўлади. Иккинчидан, бу халқаро илмий ҳамкорликни янада оширади, халқаро илмий институтларни ўзига жалб этади.
Илмий ҳамжамиятда яна бир катта муаммо бу – халқаро илмий журналларга «доступ»нинг йўқлиги. Бу борада мен билган Европа университетларида ҳеч қандай муаммо йўқ, исталган журналдан, исталган мақоладан фойдалана олишингиз мумкин.
Учинчи йўналиш – Ўзбекистондаги илмий журналлар мавқейини кўтариш керак. Чунки биздаги журналлар импакт-фактори жуда паст. Бу эса ёзилган илмий мақоланинг жаҳон миқёсида илмга қанчалик фойдали эканини кўрсатади.
Менимча, мана шу уч йўналиш илмни ривожлантириш учун долзарб бўлиб турибди. Кадрлар масаласи астрофизика учун иккиламчи ўринда, сабабларини юқорида айтдим: бизда бу йўналишда жуда яхши кадрлар тайёрланади.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:51 / 16.11.2024
Бундан 50 йил олдин ўзга сайёраликларга биринчи хабар юборилганди. Унда нималар ёзилган?
20:25 / 14.11.2024
Кичик астероид Ер билан тўқнашишдан атиги икки соат олдин аниқланди
11:12 / 27.08.2024
Сайёралар паради: навбатдаги томоша 28 август куни бўлиб ўтади
19:56 / 20.08.2024