Жамият | 18:02 / 07.09.2020
7796
3 дақиқада ўқилади

Ургут тумани ҳокимлиги икки қишлоқ ўртасидаги сув можароси бўйича муносабат билдирди

Фото: Ургут тумани ҳокимлиги

Кеча, 6 сентябрь куни Kun.uz'да «Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Ургут туманидаги икки қишлоқнинг сув талашгани можароси ҳақида сўз юритилган.

Ургут туман ҳокимлиги воқеа юзасидан муносабат билдирди.

«Муаммо ундан қайси йўл билан бўлса-да қочиш ёки уни хаспўшлаш учун кўтарилмайди. Аҳоли нимадандир норози бўлса, ечими мураккаброқ масалага дуч келса, тегишли идораларга, шунингдек, ОАВга мурожаат қилади.

Аслида ҳар қандай муаммонинг ечими бор. Фақат истак ва тўғри ёндашув бўлса, бас. Kun.uz сайтида эълон қилинган «Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?» сарлавҳали мақолада кўтарилган масала ҳам ана шундай муаммолар сирасига киради.

Эътироф этиш керак, мақолада тилга олинган Камонгарон ва Вағашти қишлоқларидаги сув муаммоси ҳақиқатан ҳам анчадан бери мавжуд. Аҳоли вакилларининг ўзаро келишмовчилиги муаммони ҳал этиш учун тўғри ечим бўла олмаслиги ҳам аён эди.

Вағашти ҳам, Камонгарон ҳам меҳнаткаш, миришкор-у тадбиркор одамлари билан машҳур. Шу нуқтаи назардан, ёндош-у жондош маҳаллалар аҳлининг ўзаро келишмовчиликка бориши мантиққа тўғри келмайди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўтган йили июль ойида ушбу маҳаллалар аҳолиси иштирокида «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказган йиғилишида Вағашти ва Камонгарондаги қурилиш-ободонлаштириш ишларини сифатли амалга ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий объектларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби вазифалар қаторида фуқароларнинг суюлтирилган газ, электр энергияси ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берган эди. Ўтган давр мобайнида бу борада қатор амалий ишлар қилинганини таъкидлаш жоиз.

Куни кеча вилоят ҳокими яна ушбу маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Унда таъкидланганидек, ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, тун-у кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур лойиҳалар мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берувчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотларини барпо этишга қаратилган.

Яқин орада лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланади», дейилади туман ҳокимлиги баёнотида.

Олдинроқ бу борада Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳам муносабат билдирганди.

Мавзуга оид