Иқтисодиёт | 09:31 / 25.03.2021
39299
10 дақиқада ўқилади

Дунёда муқобили бўлмаган ягона ресурс. Марказий Осиёдаги сув тақчиллиги муаммоси

Марказий Осиёда сувнинг 80 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади. Тоза сув билан боғлиқ мураккаб ҳолат минтақада озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Фото: asiaplustj.info

Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир. Дарёларнинг улкан тармоғи бутун минтақани кесиб ўтувчи иккита асосий сув ҳавзалари - Амударё ва Сирдарёга қуйилади. Советлар даврида юқори сув оқимига бой мамлакатлар баҳор ва ёз ойларида қуйи оқимдаги мамлакатларни суғориш учун сув билан таъминлаган. Бунинг эвазига уларга қиш ойларида иситиш ва электр энергияси учун кўмир, нефть ва газ етказиб берилган. 1960-йилларнинг бошларида бутун минтақада қишлоқ хўжалигини механизациялаш ишлари олиб борилади, бу эса интенсив суғориш тизимларига олиб келди. Суғориладиган деҳқончилик сувга жуда талабчан пахтанинг эҳтиёжларини қоплаш учун устувор аҳамият касб этади.

Марказий Осиёда сув хавфсизлиги тушунчаси минтақани юқори оқим (Қирғизистон, Тожикистон) ва қуйи оқим (Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон) ўртасида тақсимлайдиган трансчегаравий дарёларнинг кенг тармоғини бошқаришга интилиб ривожланиб келди.

Об-ҳаво ўзгариши билан Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

БМТнинг Бутунжаҳон сув ресурслари куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботига кўра, бугунги кунда сайёрамиздаги 2 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан бевосита фойдаланиш имконига эга эмас. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, жаҳонда 2000 йилдан 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсади. Шунингдек, ҳисоботда 2017 йилда Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича БМТ минтақавий маркази ва Аделфи университети томонидан ўтказилган тадқиқот ҳақида ҳам сўз юритилган. Унинг асосий мақсади сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг иқтисодий фойдасини баҳолашга қаратилган эди. Маълум бўлишича, агар минтақа давлатлари ҳамкорлик йўлини танласа, улар йилига камида 4,5 миллиард доллар тежаши мумкин.

Бутунжаҳон сув ресурслари куни муносабати билан ШҲТ бош котиби Владимир Норов «ШҲТга аъзо давлатлар сув ресурслари тақчиллиги билан боғлиқ таҳдидларнинг жиддийлигини яхши англайди» номли мақоласини эълон қилди.

«Сув ресурсларини муҳофаза қилиш масалалари ШҲТга аъзо давлатлар учун жуда долзарбдир. Ташкилотнинг улкан ҳудудида қарийб 6 миллион дарё ва кўл мавжуд, «сув миноралари» ҳисобланган тоғ тизмалари майдони тахминан 12,5 миллион квадрат километрни ташкил этади, сув ресурсларининг умумий ҳажми деярли 10 миллион куб километрга тенг. Табиат жараёнларида муҳим рол ўйнайдиган, чучук сув манбайи бўлиб хизмат қиладиган кўплаб музликлар мавжуд.

Шу билан бирга, мутахассислар таъкидлашича, 21 асрнинг охирига келиб, инсоният Ҳимолай музликларининг учдан икки қисмидан кўпроғини йўқотиши мумкин. Худди шундай вазият Помир музликларида ҳам юзага келмоқда – Федченко номи билан юритиладиган узунлиги 75 километрдан ошадиган дунёдаги энг йирик континентал музликнинг эриш жараёни кузатилмоқда ва бу бугунги куннинг энг катта хавфларидан бирига айланган. Глобал исиш оқибатида Тяншандаги музликларнинг эриши тезлашмоқда», деб таъкидлайди Владимир Норов.

ШҲТ бош котиби сувнинг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилиши ҳисобга олинса, тоза сув билан боғлиқ мураккаб ҳолат озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкинлигига урғу берган.

Минтақадаги музликларнинг энг катта қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келди. БМТ Бош ассамблеясининг Барқарор ривожланишнинг олтинчи мақсадига бағишланган онлайн-йиғилишида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги музликларнинг эриши Марказий Осиё учун катта хавф туғдиришини таъкидлади.

«Музнинг сув юзасида ҳам, қуруқликда ҳам тез орада эриши яқин келажакда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу жараённинг ёрқин мисоли Тожикистонда музликларнинг тез эриши бўлиб, Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади», деди Тожикистон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Тожикистонда минглаб кичик ва ўрта музликлар бутунлай эриб кетган. Бу вазият нафақат республика ичида, балки минтақанинг бошқа давлатларига ҳам салбий таъсир қилади.

Тожикистон Фанлар академияси энергетика ва экология институтининг сув масалалари бўйича катта илмий ходими Ҳусейн Аброров минтақада қишлоқ хўжалигида сув исрофгарчилиги юқори эканига эътибор қаратади.

«Сувдан фойдаланиш масаласининг салбий бир томони шундан иборатки, хусусан, бизнинг қишлоқ хўжалигимизда исрофгарчилик, жаҳонда муқаррар қилинган ўртача сув харажатлари ҳажмидан бир неча баробар баландда туради. Масалан, бизда бир гектар ерга ишлов  беришда 12-14 минг куб метр сув сарфланади. Аммо, айтайлик, Исроилда гектарига атиги 5 минг куб метр сув ишлатишади-ю, оладиган пахта ҳосили 50 центнерга етади. Бизда эса ўртача ҳосилдорлик атиги 22 центнер атрофида қоляпти. Сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ўрганишимиз керак», - деб таъкидлаган у.

Ўзбекистон учун сув ресурсларининг аҳамияти қай даражада?

Ўзбекистон учун вазиятни икки ҳолат оғирлаштиради. Биринчидан, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлардан келадиган сув таъминотига боғлиқлиги юқори даражада (истеъмол қилинадиган сувнинг 80 фоизи ташқаридан келади). Шунинг учун ҳам сув танқислиги муаммосини ушбу давлатлар билан келишмасдан ҳал этиб бўлмайди. Иккинчидан, Ўзбекистонда ичимлик суви жуда самарасиз сарф қилинади, айниқса, мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилувчи қишлоқ хўжалигида. Сув истеъмолчиларга етказиш вақтида (ўта эскирган ва чириган инфратузилма сабабли суғориш тизимларидаги йўқотишлар 35-40 фоизни ташкил қилади) ва истеъмол жараёнида ҳам (суғориладиган ерларнинг фақат 3 фоизида сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган) йўқотилади.

Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгариши минтақадаги асосий дарёларга сув етказиб берувчи тоғдаги музликлар эришига олиб келмоқда. Сўнгги 50-60 йилда музликларнинг майдонлари тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса – бу ҳажм 78 фоизгача етади. Натижада мавжуд сув ресурслари ҳажми ҳам қисқармоқда. Масалан, Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган сувнинг йиллик ҳажми сўнгги йилларда ўртача йиллик 51-53 куб метрни ташкил қилади, бу эса ўтган асрнинг 80-йилларига қиёслаганда 20 фоизга камдир. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси ушбу муддат ичида 1,5-2 баравар ўсган.

Германия ер тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Аброр Ғофуров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида Марказий Осиёдаги сув муаммолари ва унинг ечимлари ҳақида фикрларини билдирган.

«Иқлим ўзгаришининг тоғ музликларига таъсири юқори, негаки, музликларнинг ўз масса баланси бўлади. Маълумки, ёзнинг иссиқ кунларида тоғдаги музларнинг қайсидир қисми эрийди, қиш келганда эса устига қор тушиши билан яна тўпланади. Агар муз икки метр эриса-ю,  яна шунча тўпланса, бу меъёрий ҳолат. Аммо иқлим исиши оқибатида музнинг эриши тўпланишига қараганда кўпроқни ташкил қилмоқда ва музликлар ўз массасини йўқотмоқда. Музга 6-7 метр узунликдаги махсус белги қўйилади. Кейинги йил келганимизда музлик шу белгидан 3 метрга пастлаган бўлади. Бу дегани музлик уч метрга эриган ва шунга мос миқдорда массасини йўқотган. Афсуски, баланси плюс бўлган музлик ҳали кузатилмади. Бу ўз ўрнида тоғларимиздаги музликларимиз давомий равишда эриб бораётганидан далолатдир», - деб таъкидлаган Аброр Ғофуров. 

Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддиларининг маълумотига кўра, гидрометеорологик вазият таҳлили ва дастлабки баҳолаш натижалари 2021 йилда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг аксарият дарёларида сув сарфи меъёрга нисбатан сезиларли камайишини кўрсатмоқда.

Тобора ривожланиб бораётган сунъий ақлга ихтисослашган технологиялар Марказий Осиёдаги сув муаммосини бартараф этиши мумкинми?

Сунъий ақл - бу сув саноатининг келажаги. Ҳозирги сув инфратузилмасини янада мустаҳкам, кўпроқ фойда келтирадиган ҳолатга келтирилишида СИ (сунъий интеллект) технологиялари жуда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Таҳлилчилар сунъий интеллект сувни тозалашга жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида одатланиб қолган хусусиятларни олиб келишини таъкидламоқда. СИни қўллаб-қувватлайдиган онлайн платформалар истеъмолчиларга сувни реал вақтда истеъмол қилишни кўриш, тўловларни тўлаш ва динамик сув ресурслари шароитлари тўғрисида маълумот олиш учун ўзгартирилган, жозибали ва очиқ усулни таклиф қилиши мумкин.

Сўнгги йилларда сувсиз мамлакатлар ўзларининг қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантирмоқда, сувдан оқилона фойдаланиш йўлларини қидиришмоқда. Масалан, Исроил бу борада энг яхши намуналардан бири ва Яқин Шарқ мамлакатларининг энг қурғоқчил давлатидир. Исроилда сувни бошқариш бўйича хусусий компания мавжуд. Хусусан, юқори технологияларга асосланган Mekorot компанияси Исроилнинг 90 фоиз ичимлик сувини етказиб беради ва тахминан 80 фоиз сув таъминотини бошқаради. Унинг шуъба корхонаси EMS Mekorot Projects сув ишларини режалаштириш, ўрнатиш, синовдан ўтказиш, оқова сувларни тозалаш, шўрсизлантириш, ёмғирни яхшилаш ва бошқа масалаларда ечимларни тақдим этади. Mekorot’нинг иккинчи шуъба корхонаси Mekorot Development and Enterprise лойиҳалаш, техник-иқтисодий асослар, лойиҳаларни бошқариш ва тозалаш иншоотларини қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этади.

Шу ўринда савол туғилади. Сув танқислиги юқори ва яқин келажакда ҳаёт-мамот даражасига кўтарилиши эҳтимоли юқори бўлган Марказий Осиёнинг бирор давлатида сув хўжалиги компаниялари мавжудми ёки бу борада илмий тадқиқотлар ўтказиляптими?

Мавзуга оид