Жаҳон | 23:20 / 10.09.2020
27223
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Исроил иккинчи локдаун арафасида, Трамп яна танқид қилинмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп аввал бошданоқ коронавирус хавфлилиги даражасини онгли равишда камайтирган, дунё бўйлаб Covid-19’дан вафот этганлар сони миллионга яқинлашмоқда, БМТ болалар ўртасида ўлимлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: AP/ТАСС

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, сайёрада 27,9 млн киши Covid-19’ни юқтириб олган, 904,3 минг киши вафот этган.

Икки кўрсаткич бўйича ҳам энг кўп шикастланган давлатлар АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия бўлиб қолмоқда. Европа давлатлари орасида энг юқори ўлим кўрсаткичи ҳамон Буюк Британияга тўғри келади - 41,6 минг қурбон.

Исроил ҳукумати касалланиш статистикасининг кескин ўсиши муносабати билан иккинчи умуммиллий локдаун киритиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий чекловлар бутун мамлакат бўйлаб эпидемиологик ҳолати қониқарсиз бўлган 40та қизил ҳудудларда жорий этилган.

Фото: AP/ТАСС

Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанба куни 3904та янги касалланиш ҳолати ҳақида хабар қилди, бу пандемия бошидан бери кузатилган янги кунлик рекорд кўрсаткич. Ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатларининг жами сони 142,5 мингни ташкил этмоқда, қурбонлар - 1054 нафар.

Индонезия пойтахти Жакартада маъмурлар шаҳардаги ҳолат фавқулодда вазиятга яқинлигини маълум қилди.

Сўнгги кунлар ичида шаҳар шифохоналари янги беморларни қабул қила олмай қолган. Душанбадан бошлаб пойтахтнинг кўплаб туманларида қайта қатъий чекловлар кучга кира бошлайди.

Ҳиндистонда кунлик шикастланишлар сони бўйича янги антирекорд қайд этилди - 95,7 минг бемор. Ушбу давлатда жами ҳолатлар сони 4,5 млн атрофида (дунёда иккинчи ўрин), 75 минг киши вафот этган (дунёда учинчи ўрин).

Япониянинг Сумо ассоциацияси хабар беришича, пойтахт гуруҳларидан биридаги 19 нафар спортчига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Гуруҳда 28 нафар аъзо бор, аммо ассоциация қарорига мувофиқ, ҳатто соғлом спортчилар ҳам келаётган дам олиш кунлари бошланадиган йилнинг энг номдор турнирини ўтказиб юборади.

Кўп вақтлик танаффусдан кейин июль ойи ўрталарида сумочилар мусобақаларига рухсат берилганди

Grand Sumo Tournament’нинг бош соврини - ҳар қандай сумочи учун энг ардоқли мукофот бўлган Император кубоги.

Трамп оммавий таҳликадан қўрққан
АҚШ президенти Дональд Трамп Covid-19 нақадар хавфли эканлигини бошиданоқ билган, аммо жамиятда ваҳима пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун хавф даражасини қасддан пасайтирган, дейди америкалик журналист Боб Вудворд. 

GETTY IMAGES

Вудворд дунёдаги энг таниқли журналистлардан бири бўлиб, унинг фаолияти АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсонни 1974 йилда «Уотергейт можароси» доирасида истеъфога чиқишга мажбур қилганди. 

Трамп ва пандемия ҳақидаги хабарларида у ўзининг АҚШ президенти билан яқинда бўлиб ўтган интервьюсига ишора қилмоқда. 

Умумий ҳисобда, Вудворд Трамп билан ўтган йилнинг декабридан шу йилнинг июлига қадар 18 марта суҳбатлашган. Дональд Трамп февраль ойида ўтказилган интервьюсида коронавирус грипп каби оддий вирусдан кўра хавфли эканлигини тушунганини тан олган. 

«У ҳавода учади. Уни енгиш тегиниш орқали юқадиган нарсадан кўра қийинроқ. Ҳатто бирор нарсага тегишинг шарт эмас, шундай эмасми? Сиз шунчаки нафас оласиз ва у шу тарзда юқади. У жуда найрангкор. Бундан ташқари, унинг ўлим даражаси гриппнинг энг оғир даражасидан ҳам юқорироқ», дея Трампнинг сўзларини келтиради журналист. 

Энди америкаликлар Трампни ҳам, Вудвордни ҳам кескин танқид қилишмоқда.

Касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича Қўшма штатлар дунёда биринчи ўринда жойлашган - мос равишда 6,3 миллион ва 190,8 мингдан ортиқ ҳолат.

Коронавирус ва ёшлар
БМТ коронавирус пандемияси дунёда болалар ўлимини камайтириш бўйича кўп йиллик ҳаракатларни йўқ қилиши мумкинлигидан огоҳлантиряпти.

БМТ ҳомиладор аёллар коронавирус туфайли зарур кузатув остида бўла олмасликларидан ташвишда

Мутахассисларнинг фикрларига кўра, сўнгги 30 йил ичида беш ёшгача бўлган болалар ўлимига қарши курашда ажойиб натижаларга эришилди: 1990 йилда дунёнинг турли мамлакатларида 12,5 миллион чақалоқ турли сабабларга кўра вафот этган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 5,2 миллионни ташкил қилган. 

Бироқ, пандемия туфайли, аёллар ҳомиладорлиги шифокорлар томонидан етарли даражада кузатиш имкони йўқолаётгани сабабли, дунё мамлакатларининг 68 фоизида вазият яна ёмонлашиши мумкин. 

Туғруқ бўлимлари ишида узилишлар мавжуд, ҳамма жойда эмлаш жадваллари бузилган. 

Болалар ўлимининг энг кўп учрайдиган сабаблари сифатида эрта туғилиш, туғруқ пайтидаги асоратлар, неонатал сепсис, пневмония, диарея ва безгак қайд этилади. 

Ҳарвард тиббиёт мактаби олимлари шу пайтгача мавжуд бўлган, ёшларнинг коронавирус вирусига чалиниш эҳтимоли камроқ ва тоқат қилиши осонроқлиги ҳақидаги фикрни рад этувчи тадқиқот натижаларини тақдим этишди.

Тадқиқот Covid-19 ташхиси билан турли вақтларда касалхонага ётқизилган 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган 3222 нафар америкаликнинг маълумотлари асосида ўтказилган. Улардан 21 фоизи реанимацияга эҳтиёж сезган, 10 фоизи ўпкани шамоллатиш аппаратига уланган, 2,7 фоизи касаллик туфайли вафот этган. 

Олимларнинг фикрига кўра, ушбу ёш тоифасининг нисбатан камроқ заифлиги ҳақидаги аввалги баёнот ёшларда иммунитетнинг кучлилиги ва ёш ортиши билан юзага келувчи ёндош касалликларнинг камлигига асосланган эди.

Шунинг учун ҳам ушбу гуруҳдаги тадқиқотлар қолдиқ асосда олиб борилди, бу эса Covid-19 таъсирининг ҳақиқий кўламини аниқлашни қийинлаштирди. Ушбу мавзу бўйича илмий хулосалар JAMA Internal Medicine журналида чоп этилган.

Мавзуга оид