Иқтисодиёт | 17:25 / 10.09.2020
50316
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи ярим йилда қанчага ошгани маълум бўлди. Энг кўп қарз ОТБ ва Жаҳон банкидан

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди.

Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 17,31 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етди.

Шундан:

- Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 11,6 млрд. доллар;

- Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,7 млрд. доллар.

Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 21,6 трлн. сўмни (2,1 млрд. доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этди.

Шундан:

- Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,3 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар);

- Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 17,3 трлн. сўм (1,7 млрд. доллар).

Маълум қилинишича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 34,0 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 30,3 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 69,4 фоизи - доллар, 11,9 фоизи - япон иенаси, 10,7 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,5 фоизи – евро, 3,5 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши:

  • Осиё тараққиёт банки - 3,9 млрд доллар;
  • Жаҳон банки - 3 млрд доллар;
  • Хитой эксимбанки - 2 млрд доллар;
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги - 1,7 млрд доллар;
  • Хитой давлат тараққиёт банки - 1,3 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар - 1 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки - 0,8 млрд доллар;
  • Япония халқаро ҳамкорлик банки - 0,4 млрд доллар;
  • Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар - 3,2 млрд доллар.

Мавзуга оид