Ўзбекистон | 20:04 / 10.09.2020
10447
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фуқаронинг расмидан унинг розилигисиз фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Мазкур норма янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига киритилган, деб маълум қилди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов.

Фото: KUN.UZ

«Амалдаги Фуқаролик кодексида бировнинг расмини олиб ундан фойдаланиш учун эгасини розилиги керак деган аниқ норма йўқ. Бошқаларнинг расмидан розиликсиз бемалол фойдаланиб юришибди.

Масалани тартибга солиш, жабрланган томонни ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида янги лойиҳага алоҳида модда киритиляпти. Бунда фуқаро тасвири қонунан ҳимояланади. Кимдир бир фуқаронинг расми ёки тасвиридан фойдаланмоқчи бўлса, унинг розилиги кераклиги белгилаб қўйилади.

Албатта, истисно ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, тезкор қидирув ҳолатларида фуқаро розилиги талаб қилинмайди. Қолаверса, жамоат жойларида, ҳар хил тадбирларда туширилган суратларни тарқатишга розилик керак бўлмайди. Лойиҳада бу каби ҳолатлар кўрсатиб ўтилмоқда», – деди Аъзам Мадаминов 10 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид