Ўзбекистон | 13:02 / 11.09.2020
22915
5 дақиқада ўқилади

Пандемия баҳонасида олий таълимда нималар ўзгариши керак?

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram'даги каналида эълон қилган мақоласида ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, олий таълимга оид қатор таклифларини илгари суради.

Фото: PhotoXpress

Коронавирус пандемияси жуда кўп соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам қотиб қолган стереотипларни парчалаб ташлади. "Бунинг иложи йўқ" дея қаршилик кўрсатилган кўп ишлар ўз-ўзидан амалга ошиб кетди.

Биргина онлайн ҳужжат қабул қилиш тизимини мисол келтириш мумкин. Бакалаврга ҳам, магистрга ҳам, коллеж-техникумлардан тортиб мактаб-лицейларга ҳам, ўқишни кўчириш-у иккинчи мутахассисликка ҳам онлайн ҳужжат қабул қилинди. Айрим камчиликларни айтмаса, ҳеч бир муаммо бўлгани ҳам йўқ.

Хўш, шундай экан, яна бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш пайти келмадимикин? Масалан, мен қуйидагиларни таклиф қиламан:

1. Мажбурий формани бекор қилиш. Пандемия пайтида ҳамма уйда ўқияпти ва талабалар уйида исталган кийимида юришибди. Бундан келиб чиқадики, кийим талабанинг билимига таъсир ўтказадиган фактор эмас. Оқ кўйлак, қора шим, галстук ва узун пайпоқ кийса, ақлли талаба ёки шуларни киймаса, аҳмоқ талабага айланиб қолмаслигини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Эрталабдан эшикни тагида турволиб, галстуги йўқ ёки кўйлагининг ранги бошқача талабаларни тўхтатиб, тушунтириш хати олиб ўтирадиган «маънавият замдеканлар»нинг иши ҳам таълим сифатига бирор фойдаси тегмаслигини тушундик.

Бас, шундай экан, бутун олий таълим тизимида мажбурий формани бекор қилсак нима бўлади? Нима ўзгаради? Ҳеч нарса!

Албатта, мажбурий формани бекор қилиш деганда, айримлар дарров кўрпани ўзига тортиб, ваҳимани бошламасин. Талабалар ҳаддидан ошмаслиги учун кийимга қўйилган айрим чекловлар барибир сақланиб қолади, бу барча жойда бор. Аммо бу чеклов мантиқий ва кичик бўлади ва талабада эркинлик кўпроқ бўлиши керак.

2. Мажбурий давоматни бекор қилиш. Масофавий дарслар кўрсатиб турибдики, талаба жисмонан бирор дарсда бўлмаслиги жуда катта фожиа эмас. У мустақил ўзи ўрганиб, дарс материаллари билан танишиб, берилган мавзуни ўзлаштириши ҳам мумкин. Талабанинг бурнидан ип ўтказиб, аудиторияга мажбуран михлаб қўйиб, уни ўқитишга уриниш анчайин замондан орқада қолган методлардан эканлигини пандемия исботлаб қўйди. Аксинча, мустақил таълимга катта урғу бериш, ўқитувчилар асосан тўғри йўналишни кўрсатиши лозимлиги, яъни талабага муайяан муаммонинг тайёр ечимини айтиш эмас, балки ўша муаммони қандай қилиб ечиш йўлларини ўргатиш кераклигини тушуняпмиз.

Хўш, шундай экан, нима учун олий таълим тизимида мажбурий давомат тизимини бекор қилмаймиз? Анъанавий ўқишлар бошлангандан кейин, ким истаса дарсга келсин, истамаса онлайн ўзи мустақил ўқисин, лекин асосийси оралиқ ва якуний назоратларни топширишига кўзи етса бўлди, десак нима бўлади? Таълим тизимимиз барбод бўладими? Ёки бирор фожиа рўй берадими? Ҳеч нарса бўл-май-ди!!! Бу ҳаммаси қуруқ гап, қуруқ сафсата.

3. Ҳафтасига беш кунлик ўқиш тизимига ўтиш. Яна ўша юқоридаги гап. Талабалани мажбурлаб бутун ҳафта давомида университетда ушлаб ўтириш – нотўғри ва эскирган метод. Бугунги замон бошқа, талаблар бошқа.

Масалан, барча олий таълим тизими беш кунлик режимга ўтса ва ўқув режаларини шунга мослаштирса, нима ўзгаради? Ёки талабаларимизнинг билими пасайиб кетадими (бундан ортиқ яна қаёққа пасайиши мумкин, ҳайронман)? Кимдир шу саволга аниқ, фактлар билан жавоб қайтара оладими? Аниқ ишонч билан айта оламанки, бу ҳам таълиминг тепасида турганларнинг асоссиз қўрқуви холос.

4. Конспект талаб қилиш. Ортиқча изоҳ беришим шартмас, шунчаки ҳозир 2020 йил эканлигини эслатиб қўймоқчиман холос.

5. Ўқув йилини октябрь ойидан бошлаш. Бу муаммоли масала эмас, шунчаки таклиф. Пандемия сабаб тест синовлари кечикиб ўтказилмоқда ва 1-курслар учун янги ўқув йили октябрь ойидан бошланадиган бўлди.

Хориж тажрибасидан маълумки, академик ўқув йили одатда айнан октябрь ойидан бошланади. Бу кўп томондан қулай ва ўқув йилининг бундай юкламаси ҳам маъқул дея қабул қилинган. Шу сабабли бизда ҳам олий таълим муассасаларида барча курслар учун ўқув йилини октябрь ойидан бошласак зўр бўларди.

Сизда қандай таклифлар бор? Олий таълим тизимида таълим сифатига бевосита таъсир ўтказмайдиган яна қандай ортиқча талаб ва чекловларни олиб ташлаш ёки янги нарсалар қўшиш керак, деб ўйлайсиз?

Хушнудбек Худойбердиев

Мавзуга оид