Ўзбекистон | 14:23 / 11.09.2020
43587
7 дақиқада ўқилади

Хитой Марказий Осиёга нима мақсадда катта қарз ажратяпти? Эксперт фикри

2020 йил бошидаги ҳолатга кўра, Ангола Хитойдан энг катта қарз олган давлат ҳисобланади. Ушбу Африка давлатининг Пекин олдидаги қарзи қарийб 25 миллиард долларни ташкил этади. Эксперт Темур Умаров эса Хитойдан нисбатан кам ҳажмда қарз олган бўлса-да, Марказий Осиё минтақасидаги айрим давлатларнинг ҳам молиявий аҳволи яхши эмас, деб ҳисоблайди. 

Москва Карнеги маркази тадқиқотчиси, Москва халқаро муносабатлар институти, Гуандонг халқаро алоқалар институти ҳамда Россия Президент академияси битирувчиси Темур Умаров Kun.uz'га берган интервьюсида Марказий Осиё давлатларининг Хитойдан олган қарзи, минтақанинг Хитой билан муносабатлари ва Пекин ташқи сиёсати бўйича мулоҳазаларини билдирди.

Темур Умаров

Хитой ташқи сиёсатида Марказий Осиё

Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсати Пекин учун жуда муҳим. Аммо у олий раҳбарият учун катта аҳамиятли эмас. 90-йиллар бошида Марказий Осиё давлатлари эндигина мустақилликни қўлга киритганда, бу ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири саналган. Айниқса, Пекин учун чегарадош давлатларда тинчлик бўлиши муҳим эди. Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари барқарор ривожланяпти, хавфсизлик етарлича таъминланган. Энди бундай масалаларда Хитой хотиржам бўлиши мумкин. 

Хитой кредитлари

Хитой кредитлари ҳақида гап кетганда кўпинча унинг атрофида миш-мишлар ҳам тилга олинади. Аслида Хитой кўп қарз бераётгани ҳақиқат. Ушбу рақам аллақачон 2-3 триллион долларга етган. Аммо Марказий Осиё бундан катта улуш олмаган. Марказий Осиё мамлакатлари бошқа айрим давлатларга солиштирганда «қарз қопқони»га тушадиган даражада хавф гуруҳига кирмайди. Шунга қарамай, минтақа ичидаги вазиятга қарасак, айрим давлатлар аҳволи қўшниларига қараганда ёмонроқ. Масалан, Тожикистон ташқи қарзининг деярли 50 фоизи Хитойдан олинган. Нисбатан пастроқ рискка эга Қирғизистон ташқи қарзидаги Хитой улуши 45 фоизга етади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам, Хитойдан олинган қарз суммаси мамлакат ЯИМининг 20 фоизидан ошади. Айниқса, пандемия даврида кузатилган иқтисодий инқирозда давлатлар ташқи қарзни сўндириш масаласида қийинчиликка дуч келяпти. Масалан, Бишкек ва Душанбе қарзни қайтариш муддатини кечиктириш ёки кредит фоизларини пасайтиришни сўраб, Пекин билан музокара ўтказяпти. Бу ўша давлатларга катта босим ҳисобланади.

Қозоғистон ташқи қарзида Хитойнинг улуши 7 фоизни ташкил этади. Пандемиядан аввал бу кўрсаткич бундан ҳам пастроқ бўлган. Туркманистондаги ҳақиқий вазият қандай экани ҳақида эса ишончли ахборот йўқ. Айрим мақолаларда таъкидланишича, Ашхобод туркман газини бир неча йиллардан Хитойга бепул экспорт қилмоқда. Негаки, уларнинг Хитой олдидаги қарзи жуда ошиб кетган.

Ўзбекистон ташқи қарз масаласида барқарор сиёсат юритмоқда. Ташқи қарзнинг, адашмасам, 15 фоизи Хитойга тегишли. Бу катта рақам эмас. Пандемия даврида ҳам бу кўрсаткич ижобий баҳоланяпти. Шу туфайли, Тошкент «қарз қопқони»га тушиб қолишдан қўрқмаса ҳам бўлади. 

Бу Хитой қарзи ортидан сиёсий мотивлар борлигини билдирадими?

Мен бундай демаган бўлардим. Хитойнинг қарз бериши орқали сиёсий стратегияларни ишлаб чиқади, деб ўйламайман. Аслида қарз олиш ташаббуси Марказий Осиё давлатларидан чиққан. Қарзни ўз вақтида қайтара олмаслик муаммоси ички масалалардан ортмаётган минтақа учун қийинчилик туғдирмоқда. Хитой минтақа давлатларини қарз олишга мажбур қилмайди, шунинг учун бу давлатдан ёвуз образ яратиш керак эмас. Аммо иқтисодиёт қанчалик ташқи омил таъсирига тушиб қолса, мамлакат шунчалик ташқи сиёсий иродага боғлиқ бўлиб қолиши ҳам ҳақиқат. 

Марказий Осиё ва Хитой муносабатларида уйғурлар масаласи

Ушбу масала кейинги 10 йилда ҳам йўқ бўлади, деб ўйламайман. Бу жуда зиддиятли масала. Биринчидан, Хитой билан бевосита чегарага эга бўлган қозоқ ва қирғиз халқи учун Шинжон-Уйғурдаги вазият аҳамиятли. Норозилик акциялари нафақат Хитойнинг Қозоғистон, Қирғизистондаги ишлари юзасидан, балки Шинжондаги ахлоқ лагерларида юритилаётган сиёсат сабаб ҳам пайдо бўляпти. Чегаранинг нариги тарафида уларнинг қариндошлари ва яқинлари бор. 

Бу минтақа келажаги ҳақида гапирганда, Хитойнинг унга бўлган муносабати ҳал қилувчи бурилишни ярата олади. Марказий Осиё медиа вакиллари бу масалада кўп гапиришни ёқтирмайди. Аммо одамлар ижтимоий тармоқда тарқаётган турли ёлғон ахборотларга ҳам эргашиб кетаверади. Шу туфайли, Шинжондаги ҳақиқий вазият ҳақида ёлғон тасаввур ҳам пайдо бўлади. 

Хитой учун ҳамкор сиёсатчи шахси аҳамиятлими ё мамлакат режими? 

Хитойнинг Беларусдаги воқеаларга муносабатини кузатиш қизиқ бўляпти. Пекин Александр Лукашенко режими сақлаб қолиш учун барча ёрдамни кўрсатишга тайёр, деб ўйлаш мумкин. Аммо Хитой учун бу масала устувор аҳамиятга эга эмас. Агар расмий баёнотга эътибор қаратсак, матнлар жуда дипломатик услубда, инқироз иштирокчиларининг бирортасини қўллаш аломати сезилмайди. Пекин воқеалар ривожини фақат кузатяпти ва якунини кутяпти. Улар билишадики, Беларусда Москванинг таъсири баланд. Шунинг учун Хитой бу ишга аралашмайди.

Марказий Осиё минтақасида ҳам Хитойнинг қарашлари деярли ўзгармайди. Негаки, Хитойга бу давлатлар аҳамиятли бўлишидан кўра, минтақа мамлакатларига Хитой кўпроқ керак. Режим ўзгарса-да, янги етакчилар сайланса ҳам, улар Хитой билан ҳамкорлик қилишга боради. Бу географик жойлашув билан ифодаланади. Шунингдек, аллақачон ўрнатилган савдо алоқаларидан келиб чиқиб, уни давом эттириш маъқул. Мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан Хитойга қарам бўлиб боряпти, Пекиннинг сиёсий нуфузи ортяпти.

Хитой манфаати мавжуд давлатда вазият издан чиқиб, тебранишлар пайдо бўлмагунча, бирор шахсни ё режимни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмайди. Чегарада муаммо бўлиб, ички сиёсатига босим кучаймаса, уларнинг бу билан иши бўлмайди. 

10 йилдан кейин вазиятни қандай бўлади? 

Кейинги 10 йил давомида минтақа иқтисодий жиҳатдан Хитойга кўпроқ қарам бўлади. Бу қарамлик Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсий нуфузи ортиб боришига сабаб бўлишини кузатиш мумкин бўлади. Минтақада Хитой кўпроқ кўриниш бериб, хитойлик бизнесменлар фаолияти жадаллашиб қолиши мумкин. 

Бундан ташқари, сиёсий элитанинг ички муаммоларни ҳал этиш учун Хитой тажрибасини ўрганиши ва татбиқ этиши оммалашади. Масалан, Қозоғистон жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун кузатув камераларни ўрнатяпти. Ривожланиш ва тараққиёт йўлида ҳам Хитойдан кўпроқ андоза олиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ҳақида фикр билдириб, Хитой тажрибасини тилга олганди. Менимча, минтақа давлатлари Хитой билан муносабатларда савдо алоқалари билан чекланиб қолмайди, балки ички сиёсатни юритишда ҳам андоза ола бошлайди. 

Кейинги йилларда айрим жойларда аксилхитой акциялари кўпайишини кузатиш мумкин. Бу давлатлар томонидан қаттиқ босимга олинмайди. Ҳукуматларга қарши норозилик қатъийлик билан бостирилсаям, ташқи омилларга норозилик билдиришга йўл қўйиб берилади. Шу билан бирга, одамларнинг бир қисми Хитой компаниялари билан яқиндан ишлашни ўрганади, саёҳат қилиш ва таълим олиш фаоллашади. 

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси —​ Отахон Юсупов.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид