Ўзбекистон | 01:05 / 12.09.2020
10963
3 дақиқада ўқилади

«Социалистик тузумда ўйлаб топилган ҳуқуқий конструкция» — контрактация шартномаси ФКдан чиқарилмоқда

Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси мудири Нурилло Имомов Kun.uz’га берган интервьюсида янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасидаги айрим янгиликларга тўхталди.

Фуқаролик кодексига криптовалюта тушунчаси киритиляпти

— Криптовалюта – бу мол-мулк эмас, мулкий ҳуқуқ саналишини айтиш лозим. Чунки бу ерда криптовалютани сотиб олган одамга нисбатан муайян миқдордаги ҳақни олиш ҳуқуқи таъминланади. Кодекс лойиҳасига мазкур қоидалар ҳам киритиляпти ва бу ҳужжатли ёки ҳужжатсиз кўринишдаги пулли мажбуриятлар, мулкий ҳуқуқлар сифатида лойиҳада акс эттириляпти.

Контрактация шартномаси кодексдан чиқариб ташланмоқда

— Контрактация шартномаси собиқ иттифоқ, яъни социалистик тузум даврида ўйлаб топилган ҳуқуқий конструкция ҳисобланади. Ушбу шартнома қишлоқ хўжалигида пахтачилик ёки бошқа давлат монополияси ўрнатилган соҳаларда фермер хўжаликлари билан тузиладиган шартнома сифатида сақланиб келяпти.

Бу шартнома бугунги кунда кўплаб соҳаларда давлат монополиясидан воз кечилаётгани муносабати билан кодексдан чиқарилиб ташланиши керак. Қолаверса, тўғридан тўғри олди-сотди шартномалари ёки форвард, фьючерс контрактлари тузиш орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлган муносабат ҳисобланади.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексида контрактация шартномасига оид бор-йўғи 3та модда белгиланган бўлиб, унинг асосий масалалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида низом билан тартибга солинади. Шу туфайли ҳам бугунги кунда кодексда буни ифодалашга зарурат йўқ ва уни ўз даврини ўтаб бўлган шартнома сифатида тасаввур қиляпмиз.

Давлат унитар корхоналарини кодексдан чиқариб ташлаш назарда тутиляпти

— Кодексда юридик шахсларни мезонларга бўлишда оммавий ва хусусий юридик шахсларга ажратилиши керак, Фуқаролик кодексидаги юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли бевосита хусусий юридик шахсларга хос бўлиши керак, деган фикр илгари суриляпти.

Давлат томонидан ташкил этиладиган юридик шахслар эса бевосита давлат номидан ҳаракатланиши керак ва давлат фуқаролик ҳуқуқи субъекти бўла туриб, у ташкил этадиган давлат унитар корхоналари кодексда алоҳида акс эттирилиши шарт эмас, деб ҳисоблаб, давлат унитар корхоналарини кодексдан чиқариб ташлаш устида ишлаяпмиз.

ДУКларни кодексдан чиқариб ташлаган билан энди бундай корхона бўлмас экан, деган хулосага бормаслик лозим. Давлат унитар корхоналарини ўз фаолиятини юритаверади, аммо эндиликда фуқаролик ҳуқуқининг субъекти бўлган давлат номидан иш юритади.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид