БМТ: Карантинга қарамай, иссиқхона газлари янги рекорд даражага етди
Ер атмосферасидаги иссиқхона газларининг улуши бу йил рекорд даражага етди. Пандемия сабаб саноат корхоналари иши бир муддат тўхтаб қолгани, транспорт қатновларининг камайгани заҳарли газлар қисқаришига деярли таъсир кўрсатмади, дея БМТ таҳлилларини келтирмоқда Reuters.
Йил бошида атмосферадаги иссиқхона газларининг миқдорида қисқа, бироқ кескин пасайиш сезилганди. Шунга қарамай, ҳозирги кўрсаткич охирги 3 миллион йил ичида энг юқориси ҳисобланади.
«Карантин даврида жуда кўп мамлакатларда заҳарли газларнинг пасайиши кузатилганди. Aммо бу бутун дунёдаги умумий натижани ўзгартиролмади», – дейди БМТнинг Бутунжаҳон метеорологик ташкилоти раҳбари Петери Талас.
Жорий йилнинг апрель ойида заҳарли газлар миқдори ўтган йилгига нисбатан 17 фоизга камайган, аммо бу ҳам мақтагулик ҳолат эмас – ўша ойда иссиқхона газлари 2006 йилдаги даражага тушди холос.
Июнь ойи бошларига келиб, саноат корхоналари деярли тўлиқ кўламда қайта ишлай бошлагач, чиқиндилар миқдори 2019 йилдаги ҳолатигa яқинлашди. Умуман, 2020 йилда ишлаб чиқариш чиқиндилари ўтган йилгидан 7 фоизга кам бўлиши кутилмоқда.
«Биз иқлимдаги фавқулодда вазиятни вақтида тушуниб етолмаяпмиз. Бунинг оқибати эса дунёнинг исталган жойида кўриниб турибди», – деди мазкур ҳисобот билан БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб квартирасида чиқиш қилган бош котиб Aнтониo Гутерриш.
Карбонат ангидрид газлари даражаси ўсиб бормоқда
БМТ ҳисоботида иссиқхона эффектини чақирувчи чиқиндилар ва глобал ҳарорат даражаси, бу омилларнинг Ердаги океанлар ва музли минтақаларга таъсири ҳақида сўз боради. Унга кўра, карбонат ангидрид газининг атмосферадаги концентрацияси июль ойида миллионга 414,38ни ташкил этган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2019 йил июлида 411,74га тенг бўлган.
Олимлар ҳаводаги карбонат ангдрид гази миқдорининг миллионга 350 улушини инсоният учун хавфсиз деб ҳисоблайдилар. Бундай хавфсиз даража 1988 йилда қайд этилган эди.
CО2 даражаси кўтарилиши билан, глобал иқлим ҳам санoатгача бўлган даврдагидан тахминан 1,1 даражага кўтарилди. Олимларнинг таъкидлашича, ҳароратнинг яна 1,5 ёки 2 даражага кўтарилиши бутун дунё учун кескин оқибатларни (қурғоқчилик, довулларнинг кучайиши, денгиз сатҳининг фавқулодда кўтарилиши) келтириб чиқаради.
Ҳисоботда иқлим ўзгариши юз миллионлаб одамларни сув тошқини хавфи остида қолдириши, тоза ичимлик суви муаммоси жиддийлашиши таъкидланган.
Aср ўрталарига келиб, сув танқис бўлган ҳудудларда яшовчи одамлар сони бўйича прогноз 1,9 миллиарддан 3,2 миллиард кишига оширилган.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024