Ўзбекистон | 10:04 / 15.09.2020
4319
2 дақиқада ўқилади

Льюис Ҳэмилтон полициячиларни ҳибсга олишга чақириғи учун жазоланиши мумкин

Фото: Gettyimages.ru

Халқаро автомобил федерацияси (FIA) “Мерседес” жамоаси пойгачиси, “Формула-1”нинг амалдаги чемпиони Льюис Ҳэмилтонни Италияда ўтган Тоскана босқичидаги хатти-ҳаракатлари учун жазолаши мумкин. 

Пойгаларнинг 6 карра чемпиони Тосканадаги пойга олдидан ҳамда унинг тақдирлаш қисмида “Брионна Тейлорни ўлдирган полициячиларни ҳибсга олинг” деган ёзувли футболкада пайдо бўлган. Пойгачи шу йўл билан АҚШнинг Луисвилл шаҳрида юз берган ҳодисага эътибор қаратмоқчи бўлган.

Қора танли Брионна Тейлор 2020 йил мартида ўз уйида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган. Полициячилар уйда гиёҳванд моддалар сақланган деб тахмин қилишган. Бироқ у ерда ҳеч қандай тақиқланган моддалар топилмаган. Воқеа вақтида қиз билан яшаган йигит уйга ўғрилар бостириб кирди деган ўйда, полициячиларга қарата ўт очган. Полициячилар ҳам бунга жавобан ўқ узишни бошлашган. Оқибатда Брионнага 8 та ўқ тегиб, у ҳалок бўлган. 

Пойгачининг айтишича, у ирқчилик муаммосига қарши курашишни давом эттирмоқда.

“Мен баъзи одамлар кўчада, баъзилар эса ўз уйида ўлдирилишига эътибор қаратмоқчи бўлдим. Улар [полициячилар] бошқа уйга келишган ва ҳамон озодликда юришипти. Биз бунга бефарқ қарай олмаймиз ва бу ноҳақликлар ҳақида атрофдагиларни хабардор қилишни давом эттиришимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган Ҳэмилтон. 

Бироқ пойгачининг ушбу ҳаракатларидан “Формула-1” раҳбарлари норози бўлишган. 

“Ҳэмилтон мумкинлик чизиғини кесиб ўтди. FIA низоми мусобақалар вақтида ҳар қандай сиёсий чиқишларни тақиқлайди. Федерация бу воқеа юзасидан тергов ўтказмоқчи, Ҳэмилтонни жазо кутмоқда”, деб айтган FIA’даги манба.

Британиялик пойгачи “қироллик пойгалари”да ирқчилик ва бошқа таҳқирлашларга қарши пойгачилар бирдамлиги акцияси ташаббусчиси ҳисобланади.

Мавзуга оид