Жаҳон | 00:31 / 16.09.2020
14166
2 дақиқада ўқилади

Гренландиянинг энг йирик музлигидан улкан бўлак ажралди

Фото: Getty Images

Гренландиядаги энг йирик арктик шельф музлигидан 110 квадрат километр майдонга эга улкан бўлак ажралди, деб ёзмоқда The Week. 

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар ажралган бўлак кўплаб майда қисмларга парчаланиб кетганини кўрсатган. Муз бўлаги ажралган Ниогхалвфьердс-фьорд шельф музлиги (79N деб ҳам аталади) дунёдаги энг катта музликлардан бири ҳисобланади. Унинг узунлиги 80 кмни, эни эса 20 кмни ташкил қилади. Музлик Гренландия атрофидаги иқлимни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, муз бўлагининг ажралиши иқлимнинг тез ўзгариши натижаси ҳисобланади.

“Ушбу ҳудуддаги атмосфера 1980 йилдан бери 3 даражага қизиган. 2019 ва 2020 йилларда эса бу ерда рекорд даражада юқори ҳароратлар қайд қилинган”, деб маълум қилган доктор Женни Тертон. 

Океаншуносларнинг таъкидлашича, денгиз ҳароратининг кўтарилиши музликнинг остидан эришига олиб келади.

Сунъий йўлдошдан олинган суратларда музликнинг сиртида муз эриши оқибатида ҳосил бўлган кўплаб кўлларни кўриш мумкин. Бу кўллар музликда кўплаб ёриқлар пайдо бўлишига олиб келади.

Маълум қилинишича, 2019 йилда муз қалқони 530 млрд тонна муз йўқотган ва бу антирекорд ҳисобланади.   

Аввалроқ NASA агентлиги Ернинг қутбларида ҳар йили миллионлаб тонна муз йўқолишини акс эттирган видеони намойиш қилган. Музларнинг бундай катта ҳажмда эриши дунё океани сатҳи ошишига олиб келади.

Мавзуга оид