Ўзбекистон | 18:13 / 24.09.2020
6400
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус аниқланган ўқитувчиларнинг барчаси статистикага киритилмоқда – Нурмат Отабеков

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков ўқитувчиларнинг коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган алоҳида рақамлар умумий статистикада ажратиб кўрсатилмаслигини маълум қилди.

«Статистик рақамлар шаклланишида Covid-19’га лаборатория усулида текширилиб, мусбат натижа олинганларнинг барчаси инобатга олинади. Ўқитувчилар орасида аниқланган касалликлар сони умумий касалланганлар статистикасига киритиб бориляпти. Бироқ, аҳолига тарқатилаётган статистик рақамларда ўқитувчилар алоҳида тоифаларга (касб билан боғлиқ) ажратиб кўрсатилмаяпти.

Бу соҳа ходимларининг қанчаси Covid-19’га текширилгани ва улардан қанчаси мусбат натижа берганини алоҳида кўрсатишдан ҳеч қандай мантиқ ва манфаат кўрмаяпмиз. Ахир касалланганларнинг барчаси статистикага киритилганининг ўзи етарли эмасми?», деди Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда.

Шунингдек, ишхонада бир неча ишчида коронавирус аниқланса қандай йўл тутилиши бўйича ҳам маълумот берилди.

«Агар бирор-бир муассасада Covid-19’га чалинган ходим аниқланса, ушбу бемор билан бевосита мулоқотда бўлган ходимлар ўз уйларида алоҳидаланади ва тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олиниб, ушбу ходимлардан коронавирусга лаборатория усулида текшириш учун суртмалар олинади. Эпидемиологлар касалликка чалинганлар сонидан келиб чиқиб, муассасани карантинга ёпиш ёки ёпмаслик масаласини ҳал қилишади», деди штаб аъзоси.

Ўзбекистонда пандемия шароитида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда Covid-19’га тест олиниши йўлга қўйилган, шу вақтгача Пайариқда 60 нафар, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 40 нафар, Андижон, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги ўнлаб, Бухоро вилоятида 239 нафар, Қашқадарёда 855 нафар ўқитувчида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилди.

Мавзуга оид