Ўзбекистон | 13:33 / 06.10.2020
54333
2 дақиқада ўқилади

«Сардоба иши» бўйича янги тафсилотлар маълум қилинди

Жорий йилнинг 1 май куни юз берган «Сардоба» сув омбори тўғони ўпирилиши ва натижада катта ер майдонларини сув босиши ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, 17 нафар шахс айбланувчи сифатида терговга жалб этилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 6 октябрь куни ташкил этилган матбуот анжуманида сув омбори фожиаси бўйича олиб борилаётган терговга оид сўнгги янгиликни маълум қилди.

«Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 17 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилотлар «Резаксой сув қурилиш» УК, «Омад Дубл» МЧЖ, «Сариосиё қурилиш» МЧЖ, «Транс Сервис Комплекс» МЧЖ, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган», — дейди Бурхонов.

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, тергов ҳаракатлари ва тафтиш давомида янги аниқланган ҳолатлар бўйича ҳам тўпланган материаллар ажратилиб бу материаллар бўйича Жиноят кодексининг 160 ва 258-моддалари бўйича иш қўзғатилган. 

Бугунги кунда ҳам жиноят иши бўйича Ҳисоб Палатаси томонидан бу бўйича тафтиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид