Жаҳон | 20:13 / 07.10.2020
5398
2 дақиқада ўқилади

Кимё бўйича Нобель мукофоти геномни таҳрирлаш усулини кашф этган олимларга топширилди

Франциялик микробиолог Шарпантье ва америкалик биокимёгар Женнифер Дудна бир неча йил аввал бактерияларнинг вируслардан ҳимояланишда ёрдам берадиган молекуляр "иммунитет"ини кашф қилишганди.

Эммануэл Шарпантье ва Женнифер Дудна / Фото: Getty Images

Кимё бўйича 2020-йилги Нобель мукофоти CRISPR/Cas9 геномини таҳрирлаш технологиясини ишлаб чиққан Эммануэл Шарпантье ва Женнифер Дуднага топширилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.

 Ҳозирда Германияда ишлайдиган франциялик микробиолог Шарпантье ва америкалик биокимёгар Женнифер Дудна (Калифорниядаги Беркли университети) бир неча йил аввал бактерияларнинг вируслардан ҳимояланишда ёрдам берадиган молекуляр "иммунитет"ини кашф қилишганди. Уни турли организмларнинг геномларини юқори аниқликда таҳрирлашда қўллашга муваффақ бўлинди. Ҳозирда бутун дунёдаги олимлар оғир касалликларни даволаш усулларини топиш учун "геном муҳаррири"дан фойдаланмоқда.

 Шарпантье ва Дудна кейинги йилларда Нобель мукофоти олишга асосий номзодлар сифатида эслаб келинган.

 Душанба куни Нобель қўмитаси физиология ва тиббиёт ҳамда физика йўналишидаги лауреатлар номини эълон қилганди.

Эртага адабиёт йўналиши бўйича, жума куни эса тинчлик бўйича мукофот эгалари номи эълон қилинади. Нобель ҳафталиги 12 октябрь куни — иқтисодиёт бўйича мукофот соҳиби маълум бўлганидан сўнг якунига етади.

Мавзуга оид